1836 йилнинг 27 майида Александр Пушкин Павел Нащокинга мактуб битади:
“Қадрлигим Павел Воинович, мен дала ҳовлимга 23-куни ярим тунда келдим ва остонада Наталья Николаевнанинг эсон-омон кўзи ёрибди, мен келишимдан бир неча соат олдин қизимиз Наталья туғилди... Кейинги куни мен уни табрикладим ва червон ўрнига у жуда ёқтириб қолган сенинг маржонингни совға қилдим. Илоё уларни ёмон кўздан асрасин, ҳаммаси яхши кетаяпти...”
Шоир дуэлда оғир жароҳат олиб, вафот этганида, Наташа эндигина 8 ойлик бўлганди, шунинг учун у отасини эслолмаган. Бироқ, замондошлари эсдаликларида ёзилишича, у бошқа фарзандларидан кўра кўпроқ Пушкинга ўхшарди: отасининг табиатидаги жўшқинлик ва ўзбошимчаликни мерос қилиб олганди. Ташқи кўриниши ота-онаси қиёфасини ҳайратомуз тарзда уйғунлаштирганди: нотекис юз бичими билан у отасини эслатар, бироқ соҳибжамоллигининг мақтови онасининг тилларда достон гўзаллигидан кам эмасди. “Шоир Пушкиннинг қизи баланд бўйи, фавқулодда сарвқоматлиги, келишган елкалари ва оқ юзи билан кўзни қамаштирадиган даражада гўзал. Гарчи унинг чеҳраси машҳур отасининг африкалик типига хослигини эслатувчи нотекис бичимли бўлса-да, уни бемалол ҳақиқий соҳибжамол дейиш мумкин. Мабодо бу гўзалликка ақл ва навозиш ҳам қўшилса, у ҳолда тасаввур қилиш мушкул эмаски, Наталья Александровна олиймақом балларнинг гули эди ва атрофида Петербургнинг барча навқирон ёшлари ўралашарди”, деб ёзганди таниқли романнавис М.Загоскин.
ОМАДСИЗ НИКОҲ
Наташа ўсмирлигида Учинчи қисм бошлиғи граф А.Орлов (Бенкендорф вориси)нинг ўғли Николай Орловни севиб қолади. Ёш йигит ҳам уни эс-ҳушидан айрилар даражада севиб қолган ва ҳатто қизнинг қўлини сўрашга чоғланиб турганди. Бироқ қудратли зот саналмиш ота ўғлининг “дуэлда ўлдирилган аллақандай қаламкашнинг қизи” билан яқин ришта боғлашига қатъиян қарши эди ва қулай бир баҳона топиб, Николайни Россиядан жўнатиб юборади.
Тутган еридан кесадиган Наталья кутилмаган иш қилади: у жуда қисқа фурсатда янги маҳбуб топади. Бу - Михаил Дубельт, жандармлар корпуси штаби бошлиғи генерал Дубельт (Николай Орловнинг отаси қўл остида ишловчи)нинг ўғли эди. Натальянинг яқинлари бу танловдан хурсанд эмасдилар, чунки Михаил ҳавойилиги ва қиморбозлиги билан ном чиқарганди, аммо Натальяни қароридан қайтариш имконсиз эди. 16 ёшида у турмушга чиқди. Мўъжиза эса юз бермади. Михаил келиннинг 28 минг кумуш пулдан иборат сепини тез орада қиморда совуриб бўлади. У рафиқаси билан қўпол муомалада бўлар, чидаб бўлмас даражада рашкчи эди. Тез-тез жанжал қўзғар, ҳатто қўл кўтарарди. Аҳвол шу даражада эдики, Дубельт хоним ҳатто ёз кунлари ҳам кўчага енги узун ёпиқ кўйлакда юзига қоп-қора қалин парда тутган ҳолда чиқарди.
Шунга қарамасдан, жуфти ҳалолига уч ажойиб фарзанд ҳадя этган Наталья пойтахтдаги энг яхши уйлардан бирининг соҳибаси эди ва баллар, тантанали зиёфатларга кўрк бағишларди. Эрининг бебошлиги тўғрисидаги гаплар тез орада император Александр II нинг қулоғига етиб боради ва генерал ота ҳам ўз вазифасидан озод қилиниб, муддатсиз таътилга жўнатилади. 1862 йилда Наталья болалари билан бирга австриялик баронга турмушга чиққан холасиникида – Словакияга кўчиб ўтади. Эридан яқин орада ажрашиш ҳақидаги хабарни олгач, у фарзандларини яқинлари ғамхўрлигига топшириб, Европа бўйлаб саёҳатга йўл олади.
САЛКАМ МАЛИКА
Германияда Наталья шаҳзода Николай Вильгельм Нассауский билан учрашади. Улар аввалдан таниш эдилар - 1855 йилда шаҳзода Россияда бўлган ва Александр II нинг тож кийиш маросимида иштирок этганди. Ўшанда у 18 ёшли Натальяга мафтун бўлганди. 10 йилдан кейинги учрашув эса унинг ҳислари ўзгармаганини кўрсатади. Тез орада шаҳзода соҳибжамолнинг қўлини сўрайди. Яна денг, уч фарзанди билан эридан ажрашган, устига-устак, баобрў сулоладан бўлмаган ва ёт эллик бир аёлнинг қўлини.
1867 йилнинг 1 июлида Лондонда улар никоҳдан ўтадилар. Ўз муҳаббатини деб шаҳзода тахтга бўлган ҳуқуқидан воз кечади. У рафиқасига графиня Меренберг унвонини ҳадя этади, “Меренберг” Нассау шаҳзодаларининг наслий мулки бўлган қалъа номи бўлиб, эр-хотин Висбаден мулкига кўчиб ўтишади. Натальянинг янги никоҳи биринчисидан фарқли ўлароқ узоқ ва бахтли кечди. Шаҳзода рафиқасини жуда севарди! Наталья бир ўғил ва икки қиз кўради. Улар яшаётган қаср Натальянинг саъй-ҳаракати билан музейга айланади. Сарой соҳибасини муҳаббат ва қадр-қиммат муҳити қуршаганди. Уларнинг уйига адабиёт аҳли ва мусиқачилар ташриф буюрар, галереяда ноёб суратларнинг бой коллекцияси тўпланган, боғдаги гулларни соҳиба ўз қўллари билан парваришларди. У Европанинг деярли барча тилларида асарлар мутолаа қилар, саёҳатга чиқар, моҳир чавандоз эди.
ПУШКИННИНГ МАКТУБИ
Бир неча йилдан сўнг Наталья Пушкиннинг Гончаровага ёзган мактубини нашр эттиришга қарор қилади. У отасининг услубини кейинги авлодларгача етказишни истарди. Бу борада ёрдам сўраб Иван Сергеевич Тургеневга мурожаат қилади. “Бу менинг адабий карьерамдаги энг фахрли фактлардан бири, - деб ёзганди Тургенев. – Ушбу мактубга Пушкинга хос ёрқин ва мардона шуур шиддатли оқим каби қуйилган, унинг қарашларидаги ростлик ва ишонч, ифоданинг ўткир ва ғайриихтиёрий гўзаллиги кишини лол қолдиради. Оилавий муносабатларнинг заррача тузатиш, изоҳларсиз ва яширмасдан берилган рўйи рост тасвири бизга шоирнинг маънавий қиёфасини аниқ-равшан кўрсатиб беради”. Иван Сергеевич графиня Меренбергга “шаксиз, бир қадар иккиланишлардан сўнг қарор берган” бу иши учун самимий миннатдорлик билдиради ва умид қиладики, “кенг жамоатчилик ҳам худди шундай миннатдорлик туйганини изҳор этади”.
Бироқ бу фикрга ҳамма ҳам қўшилавермайди. “Европа хабарномаси”нинг 1878 йилги илк сонида мактуб чоп этилганида шоирнинг қизига жамоатчиликнинг қаҳр-ғазаб тўлқини ёғилади. Натальянинг акалари Александр ва Григорий эса ҳатто оила шаънини ҳақоратлагани учун Тургеневни дуэлга чорлашга чоғланадилар. Аммо, хайриятки, бора-бора бу можаро тинчийди. Наталья Александровна узоқ ва ёрқин ҳаёт кечирди, умрининг сўнгига қадар ўз юртига бўлган қизиқиш-эътибори сусаймади, болаларига ўз она тилини ўргатади.
Наталья Александровна Пушкина-Меренберг Канн шаҳрида 1913 йилнинг 10 мартида вафот этди. Насл-насаб жиҳатидан тенгсизлик унинг жасадини жуфти ҳалоли қабри ёнига дафн этишлари учун имкон бермасди, шу боис Наталья хокини Николай Нассаускийнинг Висбадендаги қабри устига сепишларини васият қилади.
ПУШКИН НАСЛИНИНГ ИНГЛИЗ НОВДАСИ
Пушкин авлодлари биографияси билан таниш кишини бир далил ҳайратга солиши тайин: Натальянинг қизларидан бири - София Меренберг Михаил Михайлович Романовга, Николай I нинг набирасига турмушга чиққан, ваҳоланки, кўпчилик император очиқ-ошкора шоирни камситар ва ҳатто унинг рафиқасига бефарқ бўлмагани боис Пушкиннинг ўлимига алоқадор, деб гумон қиларди.
Михаил ва София никоҳи Россияда тан олинмаган. Император Александр III амакиваччасининг бу ўзбошимчалигидан шу қадар ғазабланадики, унга ватанига келишни ман қилади, оила рўйхатидан ўчиради, хизматдан бўшатиб, меросдан маҳрум қилади. 1908 йилда князь Михаил Михайлович Лондонда рафиқасига аталган биографик роман чоп эттиради, бу асарда “ҳеч бир қирол муҳаббат билан уйлана олмаслиги”дек шафқатсиз қоидани ҳам муҳокама қилади.
Иккинчи қиз - графиня Александрина Меренберг турмушга чиққач, Аргентинада яшаган. 1940-йилларда у Европадаги қондошларига қўлёзма солинган пакет жўнатади. Бу - Наталья Пушкина, графиня фон Меренберг томонидан ёзилган, ўз ҳаётидаги воқеалар асос қилиб олинган роман эди. 2000-йиллар бошида қўлёзма Натальянинг эвараси Клотильда фон Ринтеленнинг қўлига тушиб қолади ва 2004 йилда “Вера Петровна. Петербург қиссаси” номи билан китоб ҳолида дунё юзини кўради.
Шуниси қизиқки, Пушкиннинг набира, эвара-чеваралари нафақат Романовлар сулоласи билан, балки инглизларнинг машҳур ҳукмдорлар сулоласи бўлган Виндзорлар билан ҳам туташган. Буюк князь Михаил Михайлович ва Софи де Торбининг қизи Надежда маркиз Милфорд Хевенга турмушга чиқиб, ўз тақдирини Англия қироллари оиласи билан боғлайди. Графиня Нада шаҳзода Филипп Греческий – Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг бўлажак турмуш ўртоғини бир муддат ўз тарбияси ва ғамхўрлигига олган. Филипп унинг эрига жиян эди ва Грецияда монархия ағдарилганидан сўнг Англия фуқаролигини олганди. Шаҳзода Филипп одатда дам олиш кунларини тоғасиникида ўтказарди.
Бугунги кунда Буюк Британияда яшаётган Пушкин авлодларини фақатгина энг кучли пушкиншунослар санаб бериши мумкин. Уларнинг аксарияти Англиянинг энг бадавлат ва таниқли оилаларига мансуб. Биз фақат шуни таъкидлашимиз мумкинки, Александр Сергеевичнинг дувараси герцогиня Натали Вестминстерская қиролича Елизавета Иккинчининг невараси - ҳозирги шаҳзода Уэльский, яъни сэр Уильямнинг чўқинтирган онаси.
“Избранное” сайтидан олинди.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.