Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • “Qashqadaryo” газетаси таҳририятининг бир йўла икки нафар ходими “Энг  улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолиблари қаторидан жой олди

Ўз мухбиримиз

21.08.2024


“Qashqadaryo” газетаси таҳририятининг бир йўла икки нафар ходими “Энг  улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолиблари қаторидан жой олди

“Qashqadaryo” газетаси мухбири Шоҳиста Бозорова “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари” номинацияси бўйича 1-ўринни, оператор Умида Каримова “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” номинацияси бўйича 2-ўринни қўлга киритди.

Улар бошқа бир гуруҳ ижодкорлар сингари Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида эътироф этилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлимлари ҳамда вилоят телерадиокомпанияси томонидан ўтказилган бу йилги танлов “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғоя асосида ташкил этилди.

Тадбирга сўзга чиққанлар мазкур танловга қизиқиш йилдан йилга ортиб бораётганлигини қайд этиб, қашқадарёлик шоир ва ёзувчилар, журналист ва блогерлар, рассом, дизайнер ва фотографларнинг 200 дан зиёд ижодий ишлари қабул қилиниб, муносиб баҳоланганини таъкидлашди. Асосийси бу танлов ижодкорларни янада фаол бўлишга даъват этаётгани билан журналистика, адабиёт, тасвирий санъат, кинематография каби соҳалар вакилларини янада кўпроқ изланишга ундамоқда.

Барча ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари”, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари”, “Интернет-журналистика”, “Кино санъати асарлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари”, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

 - Танловда вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва халқимиз маънавиятидаги юксалиш кенг акс этган дизайнерлик ишларим билан қатнашдим, - дейди Умида Каримова. - Ижодий ишларим эътироф этилиб, ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсандман. Бу менга куч ва илҳом бағишлайди, келгусида янги-янги ғоялар устида янада фаол ишлашга ундайди.

Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo