Тадбиркор аввало ишлаб чиқарган маҳсулотига, кўрсатаётган хизматига харидор бор-йўқлиги ҳақида ўйлаши керак. Бу йўлда изланиши, ҳамкор қидириши муҳим вазифа. Эркак одамнинг вақти-ку бунга бемалол. Хўш, агар аёл тадбиркорликни ўз бўйнига олсачи? Бир томонда рўзғор ташвиши, бошқа томонда эса бизнес. Ҳар иккисига ҳам бирдай улгуриш мумкинми?
Юртимизда тадбиркорликка қўл ураётган хотин-қизлар кўпайиб бораётганидан билиш мумкинки, бугун улар барчасининг уддасидан чиқаяпти. Бизнесда муваффақиятга ҳам эришмоқда, фаол ташаббус кўрсатмоқда. Мамлакатимизда аёллар тадбиркорлиги ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ҳам бунда муҳим омил бўлаяпти. Аёллар қулай имкониятдан ўз ўрнида фойдаланишаяпти. Маблағ муаммо бўлса, уларга имтиёзли асосда банк кредити берилмоқда. Натижада аёл тадбиркорлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик каби фаолият турларини йўлга қўйиб, иқтисодиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Вилоятимиз ишбилармон аёллари ҳам бугун ўзларига мос йўналишлар билан фаол шуғулланишмоқда. Айниқса, тикувчилик, қандолат, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида уларнинг иштироки салмоқли. Қолаверса, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича бир қанча лойиҳалар амалга оширилаяпти. Улар уйда туриб ҳам бажариш мумкин бўлган ҳунарларга ўқитилмоқда. Бу эса аёлларда дастлабки ишбилармонлик кўникмаси шаклланишига йўл очаяпти.
Кези келганда ҳаммасини “нол”дан бошлаб, учраган қийинчиликларни бардош билан енгган аёл тадбиркорларҳозирда қўлга киритган натижалари билан мақтана олади. Синчковлик ва интилувчанлик бугун улар ишининг барқарорлигини таъминлаяпти.
- Чеварликка уқувим бор, шу қобилиятимдан фойдаланишга аҳд қилдим, - дейди Қамаши туманидаги “Фаёза Дилмуродовна” хусусий корхонаси раҳбари Гулшан Ғозиева. – Ёнимга бир талай хотин-қизларни олдим. Осонидан қийинига қараб иш олиб бораяпмиз. Дастлаб буюртма билан ишлаган бўлсак, эндиликда савдо дўкони очиб, барча маҳсулотимизни шу ердан сотаяпмиз. Цехимизда талаб юқори бўлган маҳсулотлар – майка-футболка, спорт либослари, болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилмоқда. Ўз ёрлиғимизга эгамиз. Шунингдек, шартнома асосида ташкилотларга махсус иш кийими, чойшаб, кўрпа-тўшак етказиб бераяпмиз. Ўтган йили 100 миллион сўмликдан кўп маҳсулот реализация қилдик. Ҳозир имкониятларимиз анча ошган. Жинси шим, ёқали кўйлак, куртка тика бошладик.
Аёлнинг ишбилармон бўлиши оилага ҳам катта наф. Рўзғорнинг ками бўлмайди, турмуш янада фаровонлашади. Ушбу фикрга Китоб туманидаги “Элдорбек Аброр Луқмонович” фермер хўжалиги раҳбари Насиба Нурова ҳам қўшилади. Бу аёл деҳқончиликда катта тажриба тўплаган. Самараси эса хўжалик ютуқлари йилдан-йилга ортаётганида кўринади. Кўп даромад кенг имконият дегани. Фермер аёл ҳар йилни фойда билан якунлайди. Ўтган йили ҳам хўжалик кўрган соф фойда 200 миллион сўмдан ошди. Орттирилган маблағ эса инвестиция сифатида йўналтирилди.
- Эски клуб биносини “ноль” қийматда харид қилиб, бинонинг бир қисмини музлаткичга мослаштирдик ва уни замонавий совутиш камералари билан жиҳозладик, - дейди фермер. – Ускуналар Хитой ва Германиядан келтирилди. Бу иншоотимизда 500 тонна маҳсулотни сақлаш мумкин. Хўжалигимиз сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашган бўлгани учун шунга эҳтиёжимиз бор эди. Бултур ўзимиз етиштирган узумни музлаткичга жойлаштирдик. Ҳозир сабзи қўйганмиз. Бу йил давомида қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларини яхши ва узоқ сақлаш учун қулай.
Миришкор туманилик Элиза Ҳайдарова ҳам фурсатни қўлдан бой бермаслик пайида бўлди. Эгаллаган ҳунари уни хор қилмади, аксинча тадбиркор бўлишга, ўз бизнесини ташкил этишга ундади. Бироз аввал у жой олиб, тикувчилик, зардўзлик маҳсулотлари тайёрлашга киришди.
- Асосан аҳоли буюртмаси билан ишлаяпмиз, - дейди ёш ҳунарманд. – 3 та тикув, 1 та попур урувчи дастгоҳимиз бор. 2 нафар тенгдошимни ишга олганман. Уй-рўзғор учун керак бўладиган барча буюмларни тикамиз. Ёстиқ, жойпўш, кўрпа, чойшаб шулар сирасига киради. Шунингдек, попур урилган либослар, сумкаларга ҳам талаб катта.
Мана аёл тадбиркорлик билан шуғулланиб нимага эришади? Унда янги-янги ғоялар пайдо бўлади, янгиликлардан чарчамайди. Бизнес хотин-қизларга ўз салоҳиятини кўрсатишига имкон беради. Жамиятда уларнинг тутган ўрни мустаҳкамланади. Пировардида ишбилармон аёлларнинг бу саъй-ҳаракатлари истеъмол бозори сифатли маҳсулотлар билан тўлиши, иқтисодиётимиз рақобатбардошлиги ошиши, халқ фаровонлиги юксалишига хизмат қилади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар