Аммо бундан 4 йил олдин 10 сотих майдонда иссиқхона қурилдию, хонадон соҳиблари йилнинг исталган пайтида бозорга бодринг, помидор, булғор қалампири, бақлажондан тортиб, кўкатгача чиқарадиган бўлишди. Янги йил арафасида эса биргина кўкатнинг ўзидан 5 миллион сўмдан ортиқ даромад келди.
– Қадимгиларнинг “Маймун йили ўйнаб келади, бир кун совуқ бўлса, икки кун иссиқ бўлади” деган гапини эслаб, тайёргарликни ҳам шунга яраша қилиб қўйгандик, - дейди Пўлатой опа. - Бўйи бир қарич бўлиб яшнаб турган кўкатларга қараб, оиламиз оладиган даромадни чамалаб турибмиз.
Бу йил ҳисобидан ҳам илк ҳосил сотишга тайёр бўлган. Пўлатой опа аллақачон хомчўт қилишга ҳам улгурди: бу мавсумдаги фойда ўтган йилдагига қараганда кўпроқ бўлади.
- Оилавий бюджетимизга даромад асосан томорқачилик ортидан келаяпти, - дейди Пўлатой Пардаева. – Маҳалламизда бизга ўхшаб ердан миллион-миллион сўм даромад олаётган хонадонлар жуда кўп. Қай бир уйга кирманг, ҳаммасида иссиқхона бор. Кимдир етиштирган маҳсулотини сотади, яна биров рўзғори учун ишлатади. Эътиборлиси, томорқа иши билан кўпроқ хотин-қизлар, уй бекалари банд.
Дарҳақиқат, бугун хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни тенгликка асосланган, уларнинг тадбиркорлигу бизнесда, қишлоқ хўжалигию саноат соҳасидаги фаолияти ва эришаётган ютуқлари тез-тез қулоққа чалинади. Жумладан, Қарши туманидаги “Шомилбек” хусусий фирмаси раҳбари Ойгул Ҳасанованинг ишлари ҳам эл оғзига тушган. Узоқ йиллар савдо фаолияти билан шуғулланиб келган бу ишбилармон аёл пулдан пул чиқаришни яхши билади. Мисол учун, у савдодан ташқари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ҳам ният қилган. Қараса, ҳудудда нон маҳсулотларига талаб бор. Ўйлаб ўтирмай, бизнес режасини банкка топширди. Лойиҳаси маъқулланиб, ишни бошлаш учун 90 миллион сўм кредит олди.
- Бу маблағнинг бир қисмига Хитойдан замонавий ускуна олиб келдик, - дейди у. – Қолган пулни эски бинони таъмирлашга сарфладик. Шу тариқа янги цех очдик. Бугунги кунда бир неча турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқараяпмиз. Келгусида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, қандолат маҳсулотлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Янги цех ишга тушиши билан уч киши ишли бўлди.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда 2015 йил давомида халқ хўжалигининг турли соҳаларида жами 22 минг 655 та иш ўрни ташкил қилинган бўлиб, шундан 602 таси хизмат кўрсатиш субъектлари ҳиссасига тўғри келаяпти. Ғузор туманидаги Обод маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Холмуродова Санобар” МЧЖда ҳам ўтган йили 3 та янги иш ўрни яратилди.
- 13 йилдан буён тикувчилик қиламан, - дейди жамият тикув цехи иш юритувчиси Нилуфар Холмуродова. – Илгари ҳам аҳолидан келадиган буюртмаларимиз кўп бўлган. Аммо уларни мижоз истагандек қилиб тайёрлаш учун шароитлар бугунгидай эмасди. Ҳозир цехда 7 та замонавий ва компьютерлаштирилган тикув машинамиз бор. Соҳада рақобат кучайган бир пайтда, бу машиналар кўмагида ҳар қандай таъби нозик мижоз талабини қондира оламиз. Бундан ташқари, тикувчиликни ўрганишни ният қилиб келган маҳалла қизларига имкон қадар ҳунар ўргатаяпмиз.
Излаган имкон топади, интилганга толе ёр, қимирлаган қир ошар... Халқимиз тилида ҳамиша барҳаёт бундай пурмаъно мақоллар рўйхатини яна анча давом эттириш мумкин. Юқорида фаолияти тилга олинган тадбиркор ва ҳунарманд аёллар эса юртимизда яратилган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда, шу ҳикматлардаги ҳақиқатни ўз фаолияти мисолида исботлашаяпти.
Зебунисо НАЗИРОВА.