Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

19.03.2019


РАҲМАТ ҲОВУЗИДА СУЗИШ ИМКОНИ

Биламизки, инсонлар ҳар доим бир хил ҳолатда яшамайди. Баъзи ҳолларда Аллоҳ таолонинг турли синовлари бўлиб ўтиши, баъзи бандаларига беморлик дардини бериши мумкин. Қайсики инсон шу берилган дардга сабрли, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонига бардошли бўлса, гуноҳлари кечирилиб, савобга эришади. Сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади. Мана шундай ҳолларда мўмин-мусулмонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик зиёда бўлиши учун ўзаро хабар олиб турилмоғи лозим.

Қуръони каримда: "Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!" (Бақара сураси 155-оят) дейилади.

Демак, бемор бўлган кишидан хабар олиш, уни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиш бошқа кишиларнинг вазифасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: "Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир. Саломга алик олиш, касални бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса бориш ва акса ургувчига яхшилик тилашдир" (Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани бориш экан.

Беморни зиёрат қилиш эса ислом динида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бунга қуйидаги ҳадислар ажойиб далилдир:

"Бемор биродарининг зиёратига борган мусулмон киши, то қайтиб келгунча, жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади".

"Бир киши касал кўришга борса, у раҳмат ҳовузида сузади. Агар касалнинг олдида ўтирса, раҳмат ичида чўкади".

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

"Агар бемор ҳузурига кириб қолсанг, ҳаққингга дуои хайр қилишини сўра. Чунки унинг дуоси фаришталарнинг дуоси каби мустажобдир".

Бошқа бир ҳадисда эса "Бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг касаллигини эрталаб кўрса, албатта унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, албатта унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади".

Барча эзгу амаллар каби беморни зиёрат қилишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: "Бир одам бемор кишини нафақат Аллоҳ таоло розилиги учун кўришга борса, Аллоҳ таоло у ҳақда шундай дейди: "Жуда яхши қилдинг. Боришинг ҳам чиройли бўлди. Жаннатда ўзингга бир манзил тайёрладинг".

Бормаслик хижолатли иш деб,  маломатдан қўрқиб хасталарнинг зиёратига боришда савоб йўқ. Чунки у атрофдагиларнинг муносабати сабаб боради. Аллоҳ таоло ризосини топишни ният қилгани йўқ.

Исломда барча ишларнинг ўз одоби бўлганидек, беморларни  зиёрат қилишнинг ҳам одоблари бор. Улардан бири бемор малол оладиган даражада унинг олдида узоқ қолмоқ. Чунки ҳадисда шундай дейилган: "Касални зиёрат қилишнинг энг афзали унинг ёнидан тезроқ туриб кетишдир".

Афсуски, айрим ҳолларда гувоҳи бўламизки, баъзи кишилар кексайиб қолган ота-оналари ва яқин қариндошлари, маҳалладошлари, касбдошлари, дўстларини бориб кўриш учун вақт йўқлигини сабаб қилиб, зиёрат қилишга, дуоларини олишга бормайдилар. Бу билан кўп савоблардан бенасиб қоладилар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга касал бўлган биродарларимизнинг дуоларини олиш билан бирга, уларнинг ҳаққига дуо қилишни ҳам буюрганлар: "Ким бир касални кўргани борсаю унинг ажали етмаган бўлса, етти марта "Асъалуллоҳал азийм, роббал аршил азийм, ан яшфияка", деса Аллоҳ ўша беморга мазкур касалдан офият беради".

Яна қуйидаги ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморни зиёрат қилиш хусусида марҳамат қилганлар: "Сиздан бирортангиз касал кўришга борса, у билан қўл бериб кўришсин ва қўлини беморнинг пешонасига қўйиб аҳволини сўрасин, унга шифо ва узоқ умр тиласин. Ва ундан ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрасин. Зеро, касал кишининг дуоси фаришталарнинг дуоси каби ижобатдир". Бундан ташқари, яна беморнинг тузала бошлаганига ишора қилиш, самимий сўзлар билан унинг кўнглини кўтариш ҳам одоблардир.

Юқорида зикр қилинган кўрсатмаларга амал қилиб юришимизни Аллоҳ таоло насиб қилсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

 

Report typo