Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Маҳмуд ҚАМАРОВ

14.06.2018


РАМАЗОН ҲАЙИТИ ОДОБЛАРИ

* Агар Рамазоннинг ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади. Чунки, Имом Бухорий ҳазратлари Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида зикр қилинишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазон ҳайитига хурмо еб чиқар эканлар. Уларни тоқ ҳолда ер эканлар. Аммо Қурбон ҳайити бўлса, ҳеч нима емасдан чиқилади.

* Ҳайит намозларига боришда мисвок ва алоҳида ғусл қилиб олиш жоиз. Мисвокнинг барча намозлар олдидан қилиниши суннат эканлиги машҳурдир. Ғусл қилиш борасида эса Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳайит намозларига алоҳида ғусл қилишлари ривоят қилинган.

* Чиройли, янги, ювилган кийимларини кийиш яхшидир. Ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу эслашича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) икки ҳайитда ҳам йўл-йўл чопон (бурда)ларини кийиб чиққанлар.

* Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш вожибдир. Ушбу фитр садақасини намоздан олдин адо қилса ҳам жоиздир.

* Ҳайит намозига, яъни масжидга эрта бориб, амалларга шай туриш, хутба ва маърузаларга қулоқ тутиш савобли ҳисобланади.

* Ҳайитга боришда бошқа йўлдан, қайтишда эса бошқа йўлдан келишга ҳаракат қилиш яхшидир. Чунки, Имом Бухорий ривоятларига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг одатлари шундай бўлган. Буни Абу Довуд ва Ибн Можжалар Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Зотан, бошқа-бошқа йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради.

* Масжидга пиёда бориш савоби зиёдадир. Имом Аҳмад ва Имом Бухорийлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қиладилар: “Ҳайитга пиёда чиқишлик суннатдандир”, деганлар.

* Ҳайит намози ўқиладиган жойда нафл ўқимаслик керак. Чунки, Бухорий ва Муслимлар Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз  (с.а.в.) ҳайит намозларига чиққанларида ундан аввал ҳам, кейин ҳам намоз ўқимасдилар. 

* Ёр-дўстларни ҳайит билан муборакбод этиш, инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган  муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам, сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.

* Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик дамларида эса бу вазифа яна таъкидлаб, эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб, шоду хуррамликлар янада зиёда бўлади.

* Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг  бошқа кунлардан фарқи мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалари улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.

Маҳмуд ҚАМАРОВ,

  Қарши шаҳар “Наво” жоме масжиди имом-хатиби

Report typo