Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Маҳмуд ҚАМАРОВ

29.05.2018


РАМАЗОН ОЙИНИ ЯНАДА ФАЙЗЛИ ҚИЛУВЧИ АМАЛЛАР

Умумий тарзда Рамазон ойининг асосий хусусияти – кундузи рўза тутиш, тунда эса таровиҳ намозларини ўқиш, деб тушунилади. Ҳа, бу ушбу икки вазифа энг аҳамиятли ибодатлардандир. Бироқ биз шу икки амал билангина чекланиб қолмаслигимиз лозим. Чунки Рамазон ойи биздан бундан-да зиёда нарсаларни талаб қилади.

Хўш, мазкур ойда нималарга эътибор қаратиб, қандай амаллар билан машғул бўлмоғимиз керак?

Биринчи: тилни ёлғондан, бақир-чақир, фисқу фужурдан сақлашга эътибор қаратиш керак. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳиҳ ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қиладилар: “Рўза қалқондир. Бирингиз рўза тутса жанжаллашмасин, бақир-чақир, фисқу фужур қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақоратласа, мен рўзадорман, десин”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар”.

Иккинчи: саховатли бўлиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида: “Кимда-ким Рамазон ойида бирор-бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, дедилар. Бошқа бир ҳадисларида эса: “Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”, деб марҳамат этганлар. Шу сабабли хайрли амалларимизни мана шу Рамазон ойида адо этиш ниҳоятда фазилатлидир.

Учинчи: зикрларни кўпайтириш. Абу Ҳурайра (р.а) айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таолонинг йўллардан айланиб зикр қиладиганларни ахтариб юрадиган фаришталари бор. Улар Аллоҳ таолони зикр қилаётган жамоатга дуч келсалар, бир-бирларини: “Ахтарган нарсангизга келинг!” деб чақирадилар. (Ҳаммалари келиб,) уларни қанотлари билан ўраб дунё осмонигача бўлган кенгликни тўлдирадилар. Аллоҳ таоло Ўзи жуда яхши билгани ҳолда фаришталардан сўрайди: – Бандаларим нима қиляптилар? – Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтишаяпти ва Сени улуғлашаяпти, – деб жавоб беришади. – Улар Мени кўришганми? – Йўқ, Парвардигор (кўришмаган). – Кўрганларида нима бўларди? – Агар кўрганларида Сенга яна ҳам қаттиқ ибодат қилишга, Сени жуда улуғлашга киришиб кетишар, Сенга кўп-кўп тасбеҳ айтишарди. – Улар нимани сўрашмоқда? – Жаннатни сўрашмоқда. – Жаннатни кўришганми? – Йўқ, Парвардигор (кўришмаган). – Кўрганларида нима бўларди? – Кўрганларида унга яна ҳам қаттиқ интилишар, уни яна ҳам қатъий исташар, унга қизиқишлари чандон катталашарди. – Нимадан паноҳ сўрашмоқда? – Дўзахдан паноҳ сўрашмоқда. – Уни кўришганми? – Йўқ, Парвардигор (кўришмаган). – Кўрганларида нима бўларди? – Кўрганларида эди, ундан янада қаттиқ қочган, ундан янада қаттиқ қўрққан бўлишарди. – Сизларни гувоҳ қиламан (яъни, гувоҳ бўлинг), уларни кечирдим! Расулуллоҳ (с.а.в.) сўзида давом этиб бундай деди: “Улардан бир фаришта айтади: “Уларнинг орасида фалончи гуноҳкор банда ҳам бор. У мазкур жамоат аҳлидан эмас. У бир иш билан ўтиб кетаётган эди, (буларни кўриб, шунчаки келиб) ўтирди”. Аллоҳ таоло: “(Майли,) уни ҳам кечирдим! Булар шундай жамоатки, уларнинг шарофатидан улар билан ўтирганлар ҳам бадбахт бўлмайдилар”, деб марҳамат қилди” (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Тўртинчи: рўзадорларга ифтор бериш ва муҳтожларга таом бериш. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: “Рўзадорга ифтор берган кишига рўзадорнинг савоби мислича савоб берилади ва рўзадорнинг савоби ҳеч ҳам камайтирилмайди”. Бошқа бир ҳадисда эса: “Қайси мўмин бошқа бир оч мўминни таомлантирса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Ташна мўминнинг чанқоғини қондирган кишини Аллоҳ Раҳийқул-махтумдан суғоради”.

Бешинчи: Қуръони каримни кўп ўқиш. Ўқиганда ҳам оятларнинг мазмунини тушунишга уриниб, уларда ифода этилган масалалар юзасидан кенг тафаккур юритиб ўқиш ёки эшитиш. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ушбу ривоят келтирилган. У деди: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб беринг”, дедилар. “Сизга нозил қилинган бўлсаю, мен сизга ўқиб берайми?” дедим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бошқалардан эшитишни ёқтираман”, дедилар. Мен “Нисо” сурасини ўқиб, “Биз барча халқлардан гувоҳни келтириб, сизни уларнинг барчасига гувоҳ қилиб келтирсак қандай бўлади?” оятига келганимда: “бўлди” дедилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга қарадим. Ул зотнинг кўзларидан ёш қуйилар эди”.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи ичида ўттизта, бир ривоятда олтмишта хатм қилар эди, дейилади.

Олтинчи: бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар.

Еттинчи: тафаккур қилиш – “Мен кимман?”, “Қаердан келдим ва қаёққа кетаяпман?”, “Аллоҳ таоло мендан нима истайди ва Унинг қошидаги бурчларим нималардан иборат?” деган саволлар устида кўп фикр юритиш. Ўтмишдаги яхши-ёмон амалларни тарози палласига қўйиш, шунингдек, ҳозирги ҳолатга ҳам боқиб келажак ҳақида ўйлаш. Умар ибн Абдуазиз айтадилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ҳақида фикр юритиш энг афзал ибодатдир”.

Саккизинчи: истиғфор ва тавбани кўпайтириш. Ҳар тунда йўл қўйган хатолар учун астойдил тавба қилиб, шу тунни умрнинг сўнгги туни сифатида тасаввур қилиш. “Истиғфор”, яъни гуноҳнинг кечирилишини сўраш – барча мавжудот ва махлуқотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таологагина қилинади. Дуо, тавба ва бошқа тоатлар ила, “Астағфируллоҳ” ва шу каби маънодаги калималарни айтиб, кўнгилдан тасдиқлаш истиғфордир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир тангликдан чиқиш йўлини очади. Ҳар турли ғамдан енгиллик, ўйламаган томонидан ризқ беради”, дедилар.

Тўққизинчи: нимадир сабаб бўлиб бирор мўминни ранжитиб қўйган бўлса, ундан дарҳол кечирим сўраб, ярашиб олиш. Жанжаллашиб қолганларни яраштириш ва ғамга ботганларга далда бериш. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас”, дедилар”. 

Ўнинчи: силаи раҳмни мустаҳкамлаш. Туғишганлар ва яқинларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам бериш. Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”  (“Исро” сураси, 26-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”, дейилган.

Ўн биринчи: Рамазон ойида намозларни жамоат билан, хушуъ ила адо қилишга ҳаракат қилиш даркор. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир”, дедилар”.

Ўн иккинчи: Рамазон ойида ҳалол ризққа эътибор қаратиш ҳам муҳимдир. Чунки покланиш учун рўза тутиб, ҳаром ризқ билан саҳарлигу ифторлик қилинса, бу қандай рўза бўлади? Шунинг учун Рамазон ойида Аллоҳ таолодан ҳалол ризқ сўраб, ҳаром ризқдан сақлашини сўрашимиз лозимдир.

Ўн учинчи: айбларни очмаслик. Ўзи адашиб қилган гуноҳ ишларни сўзламаслик, ўзгалардан айб ахтармаслик, бировнинг айбига, хатосига ногоҳ кўзи тушиб қолганида, уни ёймаслик динимиз талабларидандир.

Мўминнинг айби, гуноҳини кўриб қолган киши уни яшириши мустаҳабдир. Хусусан, хунук ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган кишидан содир бўлса, уни оммага ошкор қилмаслик даркор. Аллоҳ таоло: “Ўзгалардан айб қидирманг” (Ҳужурот, 12), дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади”. Яна бир ўринда: “Яхшиларингизнинг адашишларидан кўз юминглар”, дейдилар.

Ўн тўртинчи: дуони кўпайтириш. Рамазон – дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”.

Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”.

Ўн бешинчи: гуноҳдан тийилишга, айниқса, бу ойда гуноҳ иш қилмасликка ҳам катта эътибор қаратиш лозим бўлади. Ушбу ойда кўзни ҳаром нарсага қарашдан, қулоқни ҳаром нарса эшитишдан сақлаш, ҳар қандай гуноҳлардан мутлақо тийилишга эътибор бериш керак. Масалан, кондиционер ҳамма жойи ёпиқ хонани тезда совутиб қўяди. Лекин хонанинг эшиклари, деразалари очиқ бўлса, кондиционер ҳеч қандай фойда бермайди. Худди шунингдек, рўза қалбга ҳузур бағишлаши учун кўз, қулоқ, тил каби гуноҳ қилиш мумкин бўлган барча аъзоларни “ёпиб” қўйиш лозим. Агар улар очиқ турса, рўзанинг ҳам таъсири, файзи сезилмайди.

Ўн олтинчи: ёлғон, ғийбат, бадгумонлик, бадназарлик каби иллатлардан сақланиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзасидан фақат очлик насиб қилади. Баъзи тунни қоим қилувчилар борки, уларга тунги ибодатидан фақат уйқусизлик насиб қилади”, дедилар”.

Юқоридагиларнинг қайсигадир амал қилолмасак унда ушбу ҳадис биз учун яна бир хурсандчилик бериши тайин: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”, деб марҳамат қилдилар.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар.

Барчамизга Рамазон ойини чиройли тарзда ўтказиб, ундан манфаат олиш насиб айласин!

Маҳмуд ҚАМАРОВ,

Қарши шаҳридаги Наво жоме масжиди имом-хатиби

Report typo