Мана, халқимизнинг маънавий-руҳий ҳаётида алоҳида ўрин тутувчи муборак Рамазон ойи киришига яқин қолди. Рамазон ҳижрий-қамарий тақвимнинг тўққизинчи ойидир. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 1 июнда қабул қилинган “Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан вилоятимизда бу фазилатли кунлар миллий анъана ва урф-одатларимизга мос равишда ўтказилади.
Хусусан, Рамазон ойида инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини намоён қилиш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг бой илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг муқаддас қадамжоларини обод этиш каби савобли амаллар бажарилади. Бу ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган ишлар янада кучайтирилади.
Рамазон ойининг яна бир муҳим фазилати – бу саховат ойидир. Бу жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро тенглик, меҳр-мурувват муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Азал-азалдан ушбу муборак ойда ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланган. Бу жиҳат мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатига ҳам бевосита уйғундир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: «Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилган бўлар эдилар», деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадисда айтадиларки: «Рамазон ойининг биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги дўзахдан паноҳ топиш кунларидир».
Рамазон тарбия ойи ҳамдир. У инсонларни ёлғончилик, ғийбатчилик, фисқу фасод ишлардан қайтаради. Ҳалолликка, меҳнатсеварликка, хушмуомалаликка чақиради, сабр-қаноатга ўргатади. Зеро, имон тақозо қилган шукроналик, иффат, ҳалимлик каби яхши хулқлар сабрда мужассамдир.
Рамазон ойида инсон ўзини таом ейиш ва ичишдан, бошқа нафсоний ишлардан тийибгина қолмай, тилини ва қалбини ҳам поклаши талаб этилади. Бу ойда мўминлар бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатишлари, солиҳ ва эзгу амаллар қилишлари лозим.
Ҳаётимиз кўрки, жамиятимиз файзи ўзаро аҳил-иноқликда. Бунга, аввало, яхши қўни-қўшничилик, қариндошлик ҳақларига мукаммал риоя қилиш, маҳалла-кўйда бир-бирига ёрдам бериш орқали эришилади. Беморлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни йўқлаш, болаларга ҳадялар бериш ҳам гўзал урф-одатларимиздандир.
Рамазон ойини ана шундай тартиб- таомилларга амал қилиб, тинчлик, осойишталик ва хурсандчиликда ўтказиш ҳаммамизга насиб этсин. Юртимиз тинч, халқимиз фаровон, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.