Абдулла Орипов таваллудининг 79 йиллигига
Донишмандлардан бири айтган экан: "Ҳар бир халқ худди табиат каби боқий яшаш ҳақида қайғуради". Ушбу жараёнда албатта элу халқнинг шоир-ёзувчилари олдинги сафда туриши керак. Зеро, бу ҳақда "Шоирлари гуруллаб турмаган эл маҳзун бўлур" дейишган экан. Албатта, адабиётимиз бундай ижодкорлари билан мақтана олади. Улардан бири Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповдир.
Шоирнинг "Онажон", "Ўзбекистон", "Юртим шамоли", "Йиллар армони", "Шоир юраги", "Жаннатга йўл", "Соҳибқирон" каби асарлари диққатга сазовор. Миллий ғурур, фалсафийлик, исёнкор руҳ ва диний-ахлоқий теранлик шоир шеърияти асосларини ташкил этади. Талабалик вақтимизда шоирнинг "Мен нечун севаман Ўзбекистонни", "Муножот"ни тинглаб...", "Она тилим", "Тилла балиқча" каби шеърлари борасида курсдошлар билан кўп марта баҳслашганмиз. "Онажон" шеърини кўпчилигимиз ёддан билар эдик.
Абдулла Орипов илк ёзган шеърлари биланоқ кўзга ташланган. Унинг 1965 йилда ёзилган "Тилла балиқча" шеърида катта фалсафий фикр яширинган. Зеро, тор ва лойқа сувли кўлмак ҳовузда ташландиқ ушоқ еб кун кўраётган тилла балиқча ҳовузни бутун дунё деб билади. Шоир бу шеър учун кўп маломатларга қолган. Айримлар "шоир "кўлмак ҳовуз" деганда совет тузумини назарда тутган", деб баҳолаган. "Она тилим" шеърида "Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз, Мен ҳам тўти бўлиб қоламан", деб ёзади. Шоирнинг онаси Турди Эрдона Карвон қизи хотирасига бағишлаб ёзган "Онажон" шеърини кўзга ёш олмасдан ўқиш ва эшитишнинг иложи йўқ. Бу шеър ана шундай таъсир кучига эга. Назаримда, шоирнинг "Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим, Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим" мисралари қайси шеъридан олинганини эслатишга зарурат йўқ.
Она Ватан ҳақида ёзилган шеърлар орасида Абдулла Ориповнинг "Ўзбекистон" ва "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" номли шеърлари алоҳида ўрин тутади. Шоир "Ўзбекистон" шеърида юртимиз шаънини улуғлаган, тарихи ҳақида фикр юритган, Амир Темур билан фахрланиб, Навоий ҳақида "Темур тиғи етмаган жойни, Қалам билан олди Алишер" деб эътироф этган. Берунийни "Америка - сеҳрли диёр, Ухлар эди Колумб ҳам ҳали, Денгиз ортин ёритди илк бор, Берунийнинг ақл машъали" деб таърифлайди.
Абдулла Ориповнинг "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" шеърида юртни фақат пахтаси, тиллоси, нефту гази, тупроғи, боғлари ва бошқа бойликлари учун эмас, Ўзбекистон биз учун Ер юзида ягона бўлган ота юрт ва она замин бўлгани учун севишимиз кераклигини уқтиради. Зеро, Ер курраси кенг бўлса-да, биз учун бошқа юрт, бошқа Ўзбекистон йўқ. Бизга қондош, тилдош, диндош, ютуғу камчилиги ва орзу-армони бир бўлган элу халқнинг аксарияти Ўзбекистонда яшайди. Ота-боболаримиздан қолган қадриятларимиз, тилимиз ва урф-одатларимиз фақат Ўзбекистонда ривож топади. Шундай экан, Ўзбекистонни севмай бўладими?
Шоирнинг ижодида маҳзунлик, ёлғизлик туйғулари ҳам учрайди. Масалан, 2015 йилда ёзган "Ватаним" шеърида нима учундир "Ёвузларнинг қўлида, Гулдай ватаним қолди. Бошида паноҳи йўқ, Тулдай ватаним қолди" деб ёзғирган. "Оломонга" деган шеърида "Қаршингда ҳасратли ўйга толаман, Қачон халқ бўласан, эй сен оломон?!" деб ҳайқиради. Назаримда Абдулла Орипов буюк шоир бўлиши билан бирга, етук файласуф инсон бўлган. У ижод қилиш билан бирга инсон ва инсонийлик, миллат ва тил, халқ ва Ватан, диёнат ва номардлик, бюрократия ва маддоҳликка оид масалаларда ўзини қизиқтирган саволларга жавоб излаган. Шоир ҳасад, қабиҳлик, иккиюзламачилик ва виждонсизликни қоралаб ёзган экан:
Дейдилар ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг.
Лекин алам қилар бир умр гирён,
Итлар орасида ўтса карвонинг.
Умуман, шоир асарлари теран мазмуни билан абадиятга дахлдордир.
Абдишукур ОМОНОВ
Абдулла ОРИПОВ:
"Болалик йилларимда ота-онамнинг қўлида ўсганман. Уларни ҳеч қачон ўлмайди деб ишонардим. Абадий яшайди, гўёки ота-она абадий деб ўйлар эдим. Дафъатан онам қазо қилганда тамомила ўзимни йўқотиб қўйдим. Биринчи кунлари тунда бориб онамнинг қабри бошида қолиб кетганман. Қабр бошида ухлаб қолганман. Мени ахтаришган-ахтаришган, топишолмаган. Қуёш нурлари кўзимга тушганда уйғонганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди...
Кўкда юлдуз учса ногаҳон,
Битди дерлар қайси бир тақдир.
Бундай ғамни кўтармоқ осон,
Бу эҳтимол бизлар ҳақдадир.
Баъзи тунлар кўкка тикиб кўз,
Эслаб дейман онамни шу он:
Она кетса, юлдуз-ку юлдуз,
Қулаб тушса арзийди осмон".