Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

22.05.2018


РАШК

– Бувамга яқинроқ, эгилиброқ туринг, моможон, – тишлари кемшик кампирнинг елкаларидан ушлаб, чоли томонга сурди сураткаш.

Шу пайт чолнинг жаҳли чиқиб кетди.

– Нари тур, бола, – дея ҳассасини ўқталди сураткашга. – Қўлингни теккизма...

СОТИЛГАН ҲОВЛИДА

 

Дўстимнинг илтимоси билан унга ҳамроҳ бўлдим. У шаҳар чеккасидаги чала битган иморатни сотиб олган, айни пайтда уйни қабул қилиб олишга бораётган экан.

Иморат деганлари пастаккина девор билан ўралган, дарвозасиз, иккитагина кичик хонадан иборат “временка” экан. Дўстимнинг айтишича, турмуш ўртоғи автомобиль ҳалокатида вафот этган аёл уйни сотиб, қишлоққа, қариндошлари ёнига кўчиб кетишга мажбур бўлибди.

Уйнинг собиқ соҳибаси кўч-кўронини йиғиб, тараддудланиб турган экан. Калитни дўстимга тутқаздию, хайрлашиб, кўчада турган эски юк машинасига ўтирди.

Дўстим билан ҳовлини айланиб улгурмаган ҳам эдик, кўчада яна юк машинаси келиб тўхтади. Ундан ҳаллослаб тушган уйнинг собиқ соҳибаси дўстимдан узр сўрадию, қўлидаги “баклашка”дан ҳовлига зеб бериб яшнаб турган икки туп атиргулга сув қуйди. Анча вақт гулларга термулиб турди. Кўчадан машина сигнали эшитилгач, уйқудан уйғонгандек, чўчиб тушди.

– Узр, укажон, – деди у дўстимга юзланиб. – Сиздан илтимос. Гулларимга яхшилаб қаранг. Қўшнининг эчкиси ёмон...

ГАПНИНГ БОЛАСИ

– Анавининг қулоғини босиб қўйинг, ука, – кекса ходим ёш ходимга чойқайнатгични кўрсатиб деди. – Чой қайнагунча эса сизларга бир савол, шу баҳона бошни ҳам бир совутиб оласизлар.

– Хўш, хўш? – хонадаги тўрт киши доим антиқа гапларни топиб юрадиган кекса ходимнинг оғзига термулди. 

– Мана, айтайлик, туянинг боласи – бўта, сигирнинг боласи – бузоқ, эчкининг боласи – улоқ, отнинг боласи – той, итнинг боласи – кучук... Хўш, ким билади, кийикнинг боласи нима?

– Кийикча-да, – тиржайди бурчакда шериги билан шахмат ўйнаб ўтирган ходим.

– Жавоби шундай жўн бўлса, домла савол бериб ўтирармидилар? – шериги донани илгари суриб, минғирлади.

– Қуралай, – деди ёш ходим худди иккичи бола сингари ўз гапига ўзи ишонмай.

– Ёшлар – “маладес”, – кекса ходим уни алқаб қўйди. – Хўш, мушукнинг боласи-чи?

Шахматчилар тахтадан кўзларини узиб ўйлай кетишди. Охири ҳаммаси таслим бўлиб, “шаҳар берадиган” бўлишди.

– Хумпар, – жавобни “Заковат” кўрсатуви бошловчиси сингари тантанавор эълон қилди  кекса ходим.

– Унда гапнинг боласи нима? – дадилланиб қолган ёш ходим, чой дамлаётиб,  ўртага савол ташлади.

– Шу ҳам савол бўптию, – афтини буриштирди кекса ходим. – Сўз-да...

– Йўқ, – бош чайқади савол эгаси.

– Ҳарфми? – “шахматчи”лардан бири луқма ташлади.

– Йўқ...

– Нима бўлмаса? – тажанглик билан сўради кекса ходим.

– Ўйлаб кўринглар-чи, гап болаласа, нима бўлади?

Ҳамма бир овоздан жавоб берди:

– Миш-миш...

БЕРДИ...

Гўдаклигида унинг тили “она” ё “нанна” деб эмас, “бей-бей” бўлиб чиқди.

Сал улғайгач, укалари, қўшни болалар билан ўйинчоқ талашиб, “бер-бер”лаб ғингшиди.

Талаба бўлди. Ҳар куни отасига қўнғироқ қилиб, “беринг-беринг”лаб хуноб қилди.

Нуфузли идорага ходим бўлди. Энди “беринг-беринг”ни шивирлаб айтадиган бўлди...

Амалдор бўлди. Олмаса, иш битирмайдиган бўлди.

Муҳтож қариндошлари қарз сўраб келишди. Бермади.

Пенсияга чиқди. Почтачини безор қилди: “Қачон берасан?”.

Бир куни... юрагини чангаллаб йиқилди.

Шифохонада... жон берди.

Умрида биринчи марта

...берди. 

ОҚЛИК

– Бўлди, минғирлама, қурумсоқ, – Ўрол тоға хотинининг гапини чўрт кесди. – Уялмайсанми, шу Холбуви момо менинг ҳамсоям бўлса, сенинг хешинг-ку. Биласан, келини касалхонада. Икки невара чақасига ҳар саҳар бир бонка сут олса, тўрвангга қатиқ кирмай қоладими?

– Энди... – тажанг эридан қўрқа-писа яна чайналди челакни кўтариб сигир соғишга кетаётган хотини. – Бозорда чаккининг нархини кўриб турибсиз. Мен ҳам рўзғорга беш-тўрт сўм фойда бўлсин деб куяман-да. Буни аммам, буни холам деяверсам. Ана, дўконда каша тиқилиб ётибди. Пулига олиб ичирсин эгиз невараларига. Бир кун депти, икки кун депти. Ҳар куни эрта тонгдан бонкасини кўтариб келаверади бу кампир...

  Ўчир овозингни, – Ўрол тоғанинг сабри тугади. – Момо эшикда турипти, тез бориб сигирингни соғ...

Аммо зум ўтмай хотини қўрадан ранг-қути учиб қайтиб келди.

– Ҳай, чопинг, – дея ҳовлиқтирди калишини кияётган эрини. – Сигирни бир нарса чаққанга ўхшайди...

...Ўрол тоға момонинг олдига бош чайқай-чайқай чиқди.

– Тинчликми, болам? – кампир унинг авзойини кўриб безовталанди. – Сигирга ҳеч нарса қилмаптими?

– Э, моможон, сигир ўлса ҳам гўрга, - Ўрол тоға дўпписини ечиб, шахд билан тиззасига қоқди, – елинини илон чақипти, малҳам қўйдим, сутини соғиб ташладим, фақат... эгизларингиз оқсиз қоладиган бўлди-да...

КАПАЛАК

Дўкондан зил-замбил сумкаларни кўтариб чиқдию, йўлак четида ўйланиб туриб қолди. Телефони орқали пластик картасида қолган пулни текширди. Уфф... Аранг иккитага етадиган пул қопти...

Кўзи фаввора ёнидаги гулзорда учиб юрган капалакка тушдию, бижилдоқ қизалоғининг эрталабки илтимосини эслади:

“Дадажон, менинг туғилган кунимни нишонламанг, майли, меҳмонлар ҳам, торт ҳам керакмас. Фақат... китоб обкелинг. “Атлас кийган капалак”  деган шеър китоб! Нозимага дадаси обберипти. Расмлари, шеърлари бирам чиройли. Кўп китоб ўқисам, танловда қатнашиб, Сизга “Спарк” обберардим...”

Бош қашиди. Боя дўконда сўровди. Ўн тўрт минг сўм экан. Тавба, кафтдеккина китобча ҳам шунча қиммат бўладими? Бир хиёл супермаркетнинг “Китоблар” бўлимига қайтмоқчи бўлди. Бозорлик тўрваларини кўтариб туриб, иккиланиб туриб қолди.

“Барибир китобга пул етмайди... Бугун кичкинанинг туғилган кунига божаларим, қайниларим келади. Ҳалигини иккитамас, битта олсам, балки китобгаям пул қолар... Ёш бола нарса шундоқ қиммат китобни нима қилади ўзи?..”

Охири бир қарорга келди шекилли, шахд билан рўпарадаги дўконга кириб кетди.

“Пластик”ни пештахтага қўйиб, сотувчига буюрди:

– Иккита “литровка”!

Нуриддин ЭГАМОВ

Report typo