кичик бизнес субъектлари ким ва нима учун керак?
Вилоятимизда 2019 йилнинг январь-август ойларида янги ташкил этилган кичик бизнес субъектлари мониторинги шуни кўрсатмоқдаки, ўша даврда рўйхатдан ўтган 3 минг 904 та корхонадан 453 таси (12 фоизи) бугунги кунда фаолият юритмаяпти.
Ўтган йилнинг саккиз ойида ташкил этилган, аммо ҳозирги пайтда турли сабабларга кўра фаолият юритмаётган кичик бизнес субъектлари салмоғи Ғузор туманида 23 фоиз, Касби туманида 28, Қарши туманида 31, Чироқчида 33, Деҳқонобод туманида 35, Қамаши туманида 40 фоизга тенгдир.
Ушбу таҳлилий маълумотларни журналистлар, блогерлар ва соҳа мутасаддиларига Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг раиси ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов тақдим этди. Унинг айтишича, ўтган йилнинг январь-август ойларида ташкил этилиб, бугунги кунда ишлаётган 3 минг 451 та кичик бизнес субъекти томонидан 6 минг 876 та янги иш ўрни яратилиб, 150 миллиард сўмга яқин солиқ тўловлари амалга оширилган.
- Битта кичик бизнес субъекти ҳисобига ўртача атиги иккита иш ўрни ва 43,4 миллион сўм солиқ тўловлари тўғри келаяпти, - деди у. - Ваҳоланки, ҳар бир кичик бизнес субъекти томонидан яратиладиган янги иш ўринлари сони камида 3,5-3,7 бирликка етказилиши лозим.
Савдо-саноат палатасининг вакили вилоятимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш билан боғлиқ асосий кўрсаткичларни ҳам келтириб, бугунги кунда ҳудудда "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари сони 1,9 минг нафарга етганлиги, улар томонидан қиймати 26 миллиард сўмга тенг 717 та лойиҳа амалга оширилганлиги ҳамда Қарши шаҳридаги Одина мажмуасида ҳунармандлар маркази ташкил қилинаётганини эътироф этди.
Ўз мухбиримиз