Сўнгги вақтларда Хитой компаниялари АҚШдаги қишлоқ хўжалиги ерларини оммавий равишда сотиб олмоқда, ҳаммаси бир қарашда кўринганидек беғараз эмас. Бу мулоҳаза Fox News телеканали шарҳловчиси Сара Картерга тегишли.
Унинг сўзларига кўра, ушбу субъектлар Хитой ҳукуматига алоқадор. 2019 йилги маълумотлар бўйича, улар Америкадаги жами 192 минг акр (1 акр = 0,405 гектар) ерга эгалик қилган, бироқ охирги вақтларда харидлар ҳажми бир баробарга ошди. Бунинг устига, ушбу участкаларнинг кўпчилиги махфий ҳарбий объектлар яқинида жойлашгани билан катта хавф туғдиради.
"Мисол учун, 2021 йилда хитойлик собиқ ҳарбий амалдор Техас штатидаги Дель-Рио шаҳридан, шундоққина Мексика билан чегара ёқасидан 130 акр ер сотиб олди. Ушбу участка Лафлин авиабазасига жуда яқин жойлашган. Қўшимчасига, ҳатто у махфий ҳаво кучлари қароргоҳи ҳудудини ўраб турибди", дея изоҳлайди Сара Картер.
Шарҳловчининг таъкидлашича, худди шундай ҳолат Шимолий Дакотада кузатилган, у ердан ҳам махфий ҳарбий объект яқинидан участка сотиб олишган. Хитойнинг Huawei компанияси фаолияти ҳам жиддий хавотир уйғотади, Сара Картер фикрича, субъект сотиб олган ер ядро арсеналлари жанговар навбатчиликка қўйилган ҳудудга шунчалик яқин жойлашганки, уяли алоқа миноралари уларни ҳаракатга келтириш мосламалари ишини тўсиб қўйиши мумкин.
Вазият жуда хавотирли бўлиб қолди ва буни мамлакат разведкасининг кўплаб вакиллари ҳам тасдиқлайди: улар ҳолат юзасидан анча илгари ташвиш билдира бошлашган ва аллақачон жуда кеч бўлган бўлиши мумкинлигидан безовта, дея хулоса қилган шарҳловчи.