Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

01.05.2023


Референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди

Референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деган саволга овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 15 миллион 40 минг 55 нафари ёки 90,21 фоизи ёқлаб, 1 миллион 559 минг 200 нафари ёки 9,35 фоизи қарши овоз берган. Ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенларнинг сони 73 минг 934 дона ёки 0, 44 фоиз.

Бу ҳақда бугун ташкил этилган матбуот анжуманида Марказий сайлов комиссиясининг раиси Зайниддин Низамходжаев маълум қилди. У ўз нуқтида келтирган рақамларга қараганда, референдумда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган 19 миллион 722 минг 809 нафар фуқародан, Ўзбекистон Республикасининг референдумида чет элларда овоз берган ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда, 16 миллион 673 минг 189 нафар фуқаро овоз бериш бюллетенларини олди ва овоз берди. Бу референдумда овоз берувчилар умумий сонининг 84,54 фоизидан иборатдир.  

Жами 611 320 нафар фуқаро жорий йилнинг 19 апрель – 26 апрель кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Референдумда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз учун 39 та давлатда ташкил этилган 55 та референдум участкасида овоз бериш имконияти яратилди.

- “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга кўра, агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб ҳисобланади, - деди Марказий сайлов комиссиясининг раиси. - Шу муносабат билан, ушбу дастлабки маълумотларга таяниб, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон Республикаси халқи томонидан референдумда қабул қилинган дейишга барча асослар бор!

Албатта, референдумнинг якуний натижалари Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилиниб, расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Шунингдек, матбуот анжуманида референдумни ўтказиш жараёнларида унинг натижаларига таъсир қилмайдиган айрим камчиликлар кузатилгани ҳам таъкидланиб, бундай камчиликлар кузатилган участкалар сони республика бўйича фаолият олиб борган участкаларнинг умумий сони (10 758 та)га нисбатан 0,1 фоизни ҳам ташкил этмайди. Аниқланган ҳолатларнинг  ҳар бири юзасидан Марказий сайлов комиссияси ва округ комиссиялари томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда ўрганишлар олиб борилмоқда.

- Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни миллий қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган халқаро андозаларга мос, юксак ташкилий даражада ўтказишга муносиб ҳисса қўшган округ ва участка комиссиялари аъзоларига, маҳаллий кузатувчиларга ва ушбу жараёнга бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизга самимий миннатдорлик билдирамиз! – деди Зайниддин Низамходжаев.

Report typo