Университетларни баҳолашнинг ҳам ўзига яраша мезонлари бор. Қилинган илмий ишлардан тортиб, талабанинг ўз ўрнини топиб кетишигача бўлган барча кўрсаткичлар эътиборга олинади. Шу борадаги маълумотлар тақдим этилмаганлиги боис шу пайтгача юртимиздан бирорта ҳам олий ўқув муассасаси жаҳоннинг энг юқори 1000 талик рўйхатига ҳам киритилмаган. Жилла қурса, ҳозиргача маҳаллий олийгоҳларни баҳолаш тизими йўқ эди. Мамлакатимиздаги муайян олий таълим муассасаси нуфузи эса унга ўқишга кириш даражаси (қийинми, демак зўр қабилида), мутахассислик доирасига (битиргач, қаерда ишлаш мумкинлиги) қараб белгилангани бор гап. Албатта, бу реал баҳо сифатида кўрилмас, ҳақиқий аҳволни акс эттирмасди.
Яқинда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан илк бор юртимиздаги олий таълим муассасалари рейтинги ишлаб чиқилибди. Маълум бўлишича, мазкур амалиётни қўллашдан аввал Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ҳамда THE (Times Higher Education), QS (Quacquarelli Symonds), ARWU (Academic Ranking of World Universities) каби йирик рейтинг агентликлари иш услублари ўрганилган. Табиийки, бу қувонарли ҳол. Ушбу уриниш мамлакатимиз олий таълими соҳасида сифат самарадорлигини яхшилаш, шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлардан бири, десак хато бўлмас.
Хўш, рейтинг нима беради, дерсиз? Аҳамиятлиси, жуда кўп нарса. Аввало олий ўқув юртлари ўртасида, яхши маънода, рақобат шакллана бошлайди. Ўқитувчидан тортиб талабагача, ҳатто олийгоҳ мутасаддилари ҳам ўз устида ишлашга, натижаларини яхшилашга, мавқеини сақлаб қолишга мажбур бўлади. Чунки рейтинг (агар ҳақиқатда ҳам адолатли бўлса) ҳаммасини очиқ-ойдин кўрсатиб беради, ким қандай ўқитаётганию, таълим олаётганигача. Кимнинг устунлиги, имконияти нимадан иборат? Ота-она ҳам (албатта, боласи яхши жойда, мукаммал билим эгаллашини истайди), бўлажак абитуриент ҳам ўз келажагини белгилашда, қаерга ҳужжат топширишни ҳал этишда қийналмайди. Иш берувчи ҳам қайси муассаса битирувчисини танлашни билмай бош қотиришдек ташвишдан қутулади.
Хуллас, шундай рейтинг биринчи марта тузиб чиқилди. Юртимиздаги 57 та олий таълим муассасаси (мамлакатимиздаги хориж олий ўқув юртлари филиаллари бундан мустасно) тегишли рўйхатдан жой олди. Улар 23 та индикатор, яъни кўрсаткич бўйича баҳоланди. Қайд этилишича, олий таълим муассасаларининг жорий йил март-июнь ойларидаги фаолияти таҳлил қилинган ва тажриба-синов тариқасида уларнинг 2018 йил 1 январь ҳолатидаги рейтинги тузилган.
Эълон қилинган натижалар эса вилоятимиз учун ҳам аҳамиятли. Чунки воҳамизда ТАТУ Қарши филиали билан бир қаторда, икки олий ўқув юрти – Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти фаолият кўрсатади. Бугунги кунда асосан улар ҳудуднинг таълим, қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаларида зарур мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қоплаяпти. Шу маънода ушбу соҳалар ҳудудий ривожи айнан шу олийгоҳларда тайёрланган кадрларга боғлиқ.
Эътиборлиси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси рейтингнинг бошидан ва охиридан 10 та ўринни келтирган, холос. Бизнинг олийгоҳлар шулардан бирида жойлашмаганида, ўртада қолиб, қайси ўринни эгаллаган экан, дея бошимиз қотган бўларди. Қанча изламайлик, топ-10 таликда на ҚДУни, на ҚМИИни кўрмадик (аввалдан ҳам бундай бўлишига ишонмагандик негадир). Рўйхатда биринчилик Ўзбекистон миллий университетига насиб қилибди. 2- ва 3-ўринларни мос равишда Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти бўлишиб олган. Мазкур кучли ўнталикка пойтахтдан бўлмаган фақат 1 та олий таълим муассасаси – Самарқанд давлат университети кирган. Улар орасида Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент молия институти каби “престиж” олий ўқув юртлари йўқ.
Айтганимиздек, ўзимизга керагини қуйи ўнталикдан топдик. Шу қадар иноқки, бир-биридан узоқлашай демайди. ҚМИИ 50-поғонада бўлса, ундан бир ўрин қуйида ҚДУ ўрнашган. Ҳар ҳолда энг охири эмаску, деган фикр ўтгандир хаёлингиздан. Дарҳақиқат, шундай. 56- ва 57-ўринларда Жиззах ва Қўқон давлат педагогика институтлари бораяпти.
Натижаларимиз нега бу қадар паст экани сабаби билан қизиқдик. Инспекция расмий сайтида берилишича, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида нуфузли хорижий университетларнинг PhD (фан доктори) ёки DSc (фан номзоди) илмий даражасини олган профессор-ўқитувчиларнинг дарс ўтаётгани ҳам рейтингда асосий индикатор сифатида олинган. Республика бўйича шундай даражага эга 133 нафар профессор-ўқитувчи бор экан, шунинг 27 нафари Самарқанд давлат университети, 15 нафари Ўзбекистон миллий университетида фаолият кўрсатмоқда. Бундай педагогга эга бўлмаган ОТМлар орасида ҚМИИ ҳам санаб ўтилган. Кейинги кўрсаткич эса дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи ОТМларида ўқув-машғулотлари ўтказган профессор-ўқитувчиларни назарда тутади. Жами 81 нафар педагог шундай мақомга эга. Бу борада ҳам яна ЎзМУ етакчи. Афсуски, воҳамиздаги икки олийгоҳдаги ҳеч бир профессор-ўқитувчи чет элнинг нуфузли университетлари талабаларига сабоқ беришга муяссар бўлмаган.
Шунингдек, ўринларни белгилашда олий ўқув юртида фан доктори ва фан номзоди илмий даражасига эга профессор-ўқитувчилар улуши, рейтингни аниқлаш йилида илмий иш ҳимоя қилган профессор-ўқитувчилар улуши, улар томонидан нашр қилинган илмий мақолалар сони, ОТМнинг илмий-тадқиқот фаолиятидан топган маблағи каби кўрсаткичлар бўйича ҳам таҳлил ўтказилган. Аммо бу борада ҳам ҚДУ ва ҚМИИ мақтанарли натижа қайд этмаган.
Қолаверса, инспекция хос рейтингларни ҳам келтирган. Ижтимоий-гуманитар соҳалари бўйича 26 та ОТМ фаолияти 100 баллик тизимда баҳоланган. Энг юқори кўрсаткич яна Ўзбекистон миллий университетига тегишли – 62,82 балл жамғарилган. Рўйхатдан жой олган Қарши давлат университети эса жами баллнинг учдан бир қисмидан ҳам камроғини тўплаган. Баҳолаш мезонлари сифатида 2016 ва 2017 йилларда ОТМ профессор-ўқитувчиларининг илмий ишлари ҳимояси, ОТМда фаолият олиб бораётган хорижлик профессор-ўқитувчилар, илмий салоҳият сингари жиҳатлар инобатга олинган. Сўнгги пункт - илмий салоҳият бўйича ҚДУ 26,1 балл натижа кўрсатган ва 16-ўринни банд этган.
Худди шу йўсинда техника, технология, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари ОТМлари фаолият таҳлил этилган. 19 та олийгоҳ орасида ҚМИИ 33,32 балл билан 17-поғонада жойлашган. Тегишли даврда ушбу ОТМда 2 та илмий иш ҳимоя қилинган, бугунги кунда бу даргоҳда 4 нафар хорижлик профессор-ўқитувчи меҳнат қилаяпти.
Шуларнинг ўзиёқ вилоятимизда ёшларга олий таълим бериш даражаси қай аҳволда эканини намоён этиб турибди. Агар Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан миллий рейтинг тизими учун алоҳида веб портал ишлаб чиқилса, олий таълим муассасалари рейтингига оид тўлиқ маълумот очиқ эълон қилинади. Шунда воҳамиздаги икки ОТМда ўқитиш сифати нега паст эканига янада ойдинлик киритилади. Натижадорлик қониқарсиз эканига моддий шароит йўқ деб баҳона қилиш ҳам ножоиз. Негаки биргина ҚДУда бор шароит, бундайроқ ОТМда йўқ. Сирасини айтганда, мазкур олий ўқув юртлари раҳбариятлари ўз ишидаги камчиликларни бартараф этишга жиддий бел боғламаса, кейинги рейтингларда ҳам натижаларимиз ижобий томонга ўнгланишига ишониш мушкул.
Маълумот ўрнида қўшимча қилиш керакки, мазкур инспекция халқ таълими педагог кадрлари ўртасидаги олий ва биринчи малака тоифаларига номзодлар иштирокидаги тест жараёнларининг дастлабки натижаларини ҳам маълум қилганди. Мазкур аттестацияда вилоятимиздан 4917 нафар педагог қатнашган, шунинг 71,5 фоизи қониқарсиз натижа қайд этган. Яъни улар ўз фани бўйича етарли билимга эга эмаслиги кўринади. Юртимизда соҳа вакиллари мавқеини оширишга жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда таълим сифатига бевосита жавобгарларнинг “жавоб”и ҳам бошқача бўлиши керак, албатта.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ