Исроилнинг StoreDot компанияси автомобиллар учун рекорд тезликда қувватланадиган аккумулятор прототипини тақдим қилди. Ихтирочиларнинг таърифлашича, у захира зарядини 100 фоизга тўлдириши учун беш дақиқа етарли бўлади.
Маълумки, аккумулятор электромобилларнинг энг қиммат ва муҳим қисми саналади. Бироқ, бу турдаги машиналар билан узоқ сафарларга отланишда юриш масофасининг чеклангани ва ҳаракатлантирувчи батареяларини қувватлантириш учун узоқ вақт - ўртача 2-3 соат талаб қилиниши асосий муаммо бўлиб турибди.
StoreDot лойиҳаси муаллифларининг айтишича, "улар инқилобий элемент - атиги 5 дақиқада тўла қувватланадиган батарея ихтиросини уддалашди". Маҳсулотнинг 1000 нусхадан иборат синов партияси StoreDot лойиҳасининг Хитойдаги ҳамкори, одатдаги литий-ионли аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи EVE Energy компанияси савдо линиясида тайёрланди.
Янги батарея одатдагиларидан уни тайёрлашда анод графити ўрнини металлга хос нанопарчалар эгаллагани билан фарқланади. Келгусида StoreDot ўз маҳсулотини ишлаб чиқаришда германий кимёвий элементи ўрнига кремнийдан фойдаланмоқчи. Бу аккумуляторлар таннархини бироз арзонлаштириш имконини беради.
Энди компания 2025 йилга қадар мавжуд зарядлаш станцияларида 5 дақиқа олган қуввати билан электромобилда 160 километр ҳаракатланишни таъминлайдиган батарея ишлаб чиқаришни режалаштираяпти, дея маълумот беради vesti.ru.
Эслатиб ўтиш жоиз, StoreDot компанияси 2015 йилда Samsung Galaxy S6 смартфонлари учун бир дақиқада нолдан 100 фоизгача қувват олувчи модификацияланган батарея технологиясини ишлаб чиққани ортидан машҳурликка эришганди. Бироқ, ундаги катта миқдорда электр энергияси узатишга мўлжалланган ва асосини органик моддалар ташкил этувчи нанонайчалар мукаммал ишлаб чиқилмагани боис, одатдаги литий-ионли батареяларга нисбатан учдан икки қисм қувват сақларди.