Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

17.10.2017


РЕВМАТИЗМ – БИР ҚАРАШДА БЕОЗОР, АММО ЗИЁНИ КЎП ДАРД

ТОМОҚ ОҒРИҒИГА БЕЭЪТИБОР БЎЛМАНГ!

- Ревматизм касаллиги сурункали тонзиллит - томоқнинг тез-тез оғриб, яллиғланиб туриши кузатиладиган болаларда ва бодомча безлари яллиғланиши, яъни ангина ўз вақтида даволанмай оёқда ўтказилгандан сўнг 10-14 кун ўтгач бошланади, - дейди травматолог шифокор Рисолат Расулова. – Асосан бу хасталик мактаб ёшидаги болаларни шикастлайди ва катталардагига нисбатан анчайин ўткир ва оғир шаклда кечади. Бола қанчалик кичик ёшда бўлса, унда касаллик шунчалик ўткир, оғир ва тарқалган шаклда ўтади. Бунда организмдаги барча бириктирувчи тўқимали аъзолар шикастланади. Айниқса, йирик бўғимлар -тизза ва тирсак зарарланади. Беморларни қўл ва оёқ кафтидаги оғриқлар ҳам безовта қилади. Кўп ҳолларда бўғимларда шишли оғриқ кузатилади. Бу оғриқлар бир неча соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин. Оғриқ тизза, болдир, товон, тирсак, елка бў­ғимларида кўчиб юради. Шунингдек, юрак қон-томирлар, бўғимлар зарарланади. Бу пайтда умумий  аҳволнинг ёмонлашиши, ҳолсизлик, кўп терлаш, тез чарчаб қолиш кабилар ҳам касаллик авж олаётганидан дарак беради.

КИМЛАРДА КЎП УЧРАЙДИ?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, касаллик тез-тез хасталанувчи, сурункали ангинага чалинган, лимфаденит, фарингит билан хасталанган болаларда кўп учрайди. Шунингдек, касаллик ривожланишига шамоллаш, зах жойларда юриш, вақтида овқатланмаслик, дам олмаслик, терлаб сув ичиш ҳам сабаб бўлади. Соҳа ходимларининг маълумотларига кўра, сурункали тонзиллит (ангина) билан хасталанган беморларнинг 30 фоизида ревматизм касаллиги келиб чиқади. Шунингдек, иммун тизими пастларда ҳам шу касаллик кузатилади. Бундан ташқари, ревматизм наслий мойилликка ҳам эга. Агар оилада ота ёки она ушбу хасталик билан оғриган бўлса, фарзандлар ҳам касалланади. 6-15 ёшли қизларда касаллик қовоқларнинг ихтиёрсиз учиши билан бошланади. Эътиборли оналар бу белгидан ҳушёр тортиши ва фарзандини шифокор кўригига олиб бориб, вақтида хасталикнинг олдини олишлари жоиз.

- Ревматизм касаллиги 3 ёшгача бўлган болаларда учрамайди, - дейди педиатр Назира Ҳимматова. – Асосан мактаб ёшидаги болалар ревматизм билан оғрийди. Шу ўринда, ёш оналаримизга айрим тавсияларни бериб ўтишни жоиз топдик.  Зеро, улар ҳозирги турланувчан об-ҳаволи кунларда фарзандидаги ҳар бир ўзгаришга беэътибор бўлмасликлари лозим. Боладаги тез-тез такрорланувчи томоқ оғриқлари, хусусан, ангина кейинчалик ревматизмга сабаб бўлиши мумкин. Фарзандингиз йўталганда, ютинганда оғриқ борлигидан ёки овоз бўғилишидан шикоят қилса, дарҳол шифокор педиатрга кўрсатинг. Агар дори-дармонларсиз уй шароитида муолажа қилмоқчи бўлсангиз, болага мойчечак ёки мармарак дамламаси билан ғарғара қилдиринг. Шунингдек, бу пайтда овқатланиш рационига ҳам ўзгартириш киритиш керак. Хусусан, қайнатилган сув, мева-сабзавотлардан шарбат, сут ва сутли маҳсулотлар, витамин ва минералларга бой таомлар тайёрлаб истеъмол қилдириш лозим. Унутманг, болани ташқаридаги ҳаво ҳароратига мос кийинтириш уни айрим касаллик ва ташқи таъсирлардан асрашга хизмат қилади.

АСОРАТИ НОГИРОНЛИККА ЕТАКЛАЙДИ

Юқорида ревматизмнинг организмдаги барча бириктирувчи тўқимага эга аъзоларини шикастлаши айтиб ўтилди. Шундай экан, хасталик асорати ҳам бутун организм бўйлаб хавф солиши мумкин. Бўғимлардаги оғриқ, яллиғланиш ўтиб кетади, аммо бунинг оқибатида юрак, марказий асаб тизими каби энг муҳим аъзолар шикастланади. Беморларнинг 90-95 фоизида юрак зарарланиши кузатилади. Бу ҳансираш, юрак соҳасида оғриқ, санчиқ, юрак ўйнаши ва юракнинг тез-тез уришида намоён бўлади. Юрак нуқсонлари ревматизм хуружидан кейинги 2-3 йил ичида тез ривожланади. Шунинг учун ҳам шифокорлар “ревматизм юракни тишлайди”, деб айтишади. Бундан ташқари, беморлар юз соҳасида турли ихтиёрсиз ҳаракатлар пайдо бўлади. Кўз учади, қовоқ ихтиёрсиз равишда юмилиб-очилади, бўғимларда ҳаракат чекланади ёки бўғимлар қийшаяди. Бу ҳолатлар ҳам ногиронликдан дарак.

КАСАЛЛИККА ЧАЛИНМАЙ ДЕСАНГИЗ...

Шифокорлар шу ва шунга ўхшаш мавсумий касалликларга чалинмаслик учун организмнинг иммунитетини оширишга, об-ҳавога мос кийиниш ҳамда овқатланишга эътибор бериш лозимлигини айтишади. Бундан ташқари, бирор спорт тури билан шуғулланиш ёки эрталабки бадантарбия ҳам саломатлик сари қўйилган муҳим қадамдир. Уй бекаларимиз ҳам бу пайтда оила аъзоларига мавсумбоп таомлар тайёрлаб беришлари мақсадга мувофиқ. Бунда момомерос таомларимиздан атала, юпқа, ғилминди ёки дуккакли маҳсулотлардан тайёрланадиган мошхўрда, мошова, палов каби егуликларни истеъмол қилсак, организмимизни қувватлантиради. Бу эса касалликларга қарши ҳимоя қобиғи вазифасини бажариб, иммунитетни мустаҳкамлайди. Уйқунинг меъёрида бўлиши ҳам организмдаги сурункали касаллик ўчоқларини даволашга хизмат қилади.

ТЎҒРИ ТАШХИС - ЯРИМ ДАВО...

Агар ўзингизда юқоридаги белгиларни сезсангиз, дарҳол шифокор-терапевт ёки ревматолог кўригига боринг. Уларнинг тавсиясига кўра, сизда умумий қон таҳлили  ҳамда қонни ревматизм касаллигига махсус текшириш (ревмапроба) ўтказилади. Шунингдек, кардиолог мутахассис ёрдамида юракни текшириш муолажалари, яъни ЭКГ, УТТ текшируви ҳамда бўғимларда рентген текшириш амали бажарилади. Шундан сўнг, мутахассислар ташхис натижасига кўра сизга тавсия беришади. Унутманг, ўз вақтида олиб борилган муолажа сизнинг тезда соғайишингизга хизмат қилади.

- Кўпчилик беморлар касалликка беэътибор бўлади, - дейди Рисолат Расулова. – Табиийки, ўтказилган дардни даволаш қийин ва кўп ҳолларда самарасиз ўтади. Битта дарднинг бир нечта аъзоларга зарар етказиши натижасида ҳам моддий харажатлар ортади, ҳам саломатлигимизга зарар етади. Даволаниш ҳам қийинлашади.

ДАВОЛАБ БЎЛАДИМИ?!

Бу савол барча беморларни қизиқтириши табиий. Ревматизм аниқлангандан сўнг, муолажа мунтазам равишда олиб борилиши лозим. Бунда авваламбор, шифохонада фаол яллиғланишга қарши муолажалар қилинади, кейинчалик касаллик фаоллиги пасайгач, махсус ревматологик санаторияда ёки амбулатория шароитида муолажа давом эттирилади. Бунда бемор мунтазам “диспансер” назоратида бўлади  ва касаллик қайталанишининг олди олинади. Агар касаллик асоратсиз кечса, уни даволаш осон. Аммо касаллик ўтказилган, асоратлари таъсир этган бўлса, унда бир умр шифокор назоратида даво муолажаларини қабул қилишга тўғри келади.

Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир дардга эътиборсиз бўлмай, ўз вақтида шифокор кўригига бориш, даво чорасини кўриш лозим. Арзимас бўлиб кўринган оғриқнинг ортидан тузатиб бўлмас дард келишини унутманг. Ўз соғлиғингизга ғамхўр бўлиб, ўзингиз учун қайғуринг.

С.АЛЛАЁРОВА тайёрлади.

Report typo