Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Камолиддин КАРИМОВ

25.12.2020


РЕЖАЛАР БИСЁР, РЕЖАЛАР КЎП, РЕЖАЛАР УЛУҒВОР

Лекин улар ҳозирча ўз номи билан режа, холос

Хабарингиз бор, ҳоким Зойир Мирзаев ўтган ҳафта сўнгида Қашқадарёни 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2021 йил учун белгиланган устувор вазифалар юзасидан вилоят аҳолисига мурожаат қилди. Унда ҳудудда халқ хўжалигининг муҳим тармоқларини тараққий эттириш бўйича амалга оширилган ишлар, бу борада йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида таҳлилларга асосланган маълумотлар тақдим этилиб, келгуси йил учун белгилаб олинган устувор вазифалар доирасида бажариладиган лойиҳалар ва режалар ошкор қилинди. Ана шуларнинг айримлари ҳақида тўхталамиз.

Тадбиркорлар нимадан норози?

Мурожаатда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган 11 ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига 6 минг 176 та ариза келиб тушган. Уларнинг асосий қисмида тадбиркорлик фаолияти учун бўш ер ва бино ажратиш, муҳандислик ва коммуникация тармоқларига уланиш, кредит олиш ва гаров таъминотига оид муаммолар тилга олинган, мансабдор шахсларнинг муайян ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан ёзилган шикоятлар ҳам кам эмас.

Масалан, Бош вазир қабулхоналарига тадбиркорлардан ер масаласида Яккабоғдан 158 та, Касбидан 131 та, Қамашидан 126 та, Шаҳрисабз туманидан 109 та, Миришкордан 93 та мурожаат бўлган.

Савол туғилади, мамлакатда тадбиркорлик учун ер ажратиш тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солиб қўйилгани ҳолда, номлари келтирилган ҳудудлардан нега бу борада кўпроқ шикоятлар бўлаяпти? Албатта, бунинг тагига етиш, бу савол атрофида мулоҳаза юритганда муаммо илдизида коррупция, сунъий тўсиқлар, таниш-билишчилик каби иллатлар излари бор-йўқлигига аниқлик киритиш мутасадди масъуллар зиммасида қолаяпти.            

Гап тадбиркорлик учун ер ажратиш масаласида борар экан, вилоят бўйича тегишли тартибда ўтказилган хатловларда аниқланган 3 минг 174 та ер участкасидан атиги 1 минг 836 таси (58 фоизи) белгиланган тарзда сотиш мақсадида аукционга чиқарилгани эътиборни тортади. Улардан бор-йўғи 729 таси (40 фоизи) шу йўсинда тадбиркорларга сотилган, холос.

Эътибор қилинг, Бош вазир қабулхоналарига бўлаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми тадбиркорлик фаолияти юритиш учун ер ажратиш масаласида бўлаётган бир пайтда, вилоятдан шу мақсадларга мўлжалланиб аукционга чиқарилган лотларнинг ярми ҳам сотилмаган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Ҳокимнинг ана шу ҳолатга берган изоҳига кўра, жойлардаги маҳаллий масъуллар фақат рақам ортидан қувиб, тадбиркорлик мақсадлари учун аукционга чиқарилган ерларнинг аксариятини ушбу фаолиятни йўлга қўйиш  ишбилармонга ортиқча муаммо туғдирадиган, муҳандислик ва коммуникация тармоқларидан узоқ ёки умуман мавжуд бўлмаган чекка жойлардан танлаган. Натижада уларга талабгор чиқмаяпти.

Шу мулоҳазаларини баён этар экан, Зойир Мирзаев шаҳар ва туманлар ҳокимларидан ер майдонларини тўғридан-тўғри бериб юбориш амалиётини тўхтатишни, бас қилишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, сал аввалроқ Тошкент вилояти ва Қибрай тумани ҳокимларининг юридик шахсларга ер участкаси ажратиш юзасидан қабул қилган қарорларида қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқлангани учун Бош вазир томонидан уларга нисбатан "ҳайфсан" эълон қилинганди.  

Ишсизлик - энг катта масала сифатида сақланиб қолаяпти

Қашқадарёда ишсизлик даражаси йил бошида 9,3 фоизни ташкил қилгани ҳолда, бугунга келиб 11,4 фоизга етган. Ваҳоланки, расмий маълумотларда  вилоятда шу даврда барча манбалар ҳисобидан янги иш жойлари яратиш  прогнози 197 фоизга бажарилгани қайд қилинади.

Аслида янги иш ўринлари яратиш бўйича муайян даврга мўлжалланган прогноз тасдиқланаркан, ундан ҳудуддаги ишсизлик даражасини қисқартириш мақсадлари кўзланиши лозим. Шу нуқтаи назардан мулоҳаза қилсак, вилоятда иш ўринлари яратиш прогнози қарийб икки баробар қилиб бажарилгани ҳолда, ишсизлик даражаси ўсиб тургани ғалати. Балки шундандир, бизда аниқ бир вақт оралиғида яратилган иш ўринлари сони ҳақида маълумотлар ошкор қилинадию, ўша даврда тугатиб юборилган иш жойлари тўғрисидаги ахборотларни осонликча топа олмайсиз.

Вилоят ҳокимининг мурожаатида келтирилган рақамларга таянсак, чет давлатларга чиқиб кетган (албатта иш излаб бўлса керак) қашқадарёликлар сони 167 минг 255 нафарни ташкил этади. Жорий йилда хориждан қайтган 20 минг 320 нафар меҳнат мигрантидан 9 минг 387 нафари ишга жойлаштирилибди. Демак, қолганлари ишсиз юрибди ёки норасмий меҳнат фаолияти билан банд. Яна шуни ҳам назардан қочирмаслик лозимки, иш излаб хорижга кетган ва кузатилган пандемия туфайли омади юришмай юртга қайтган фуқаролар сони бу йил одатдагидан анча кўп эканлиги сир эмас. Шунга кўра, бу борада келтирилган вилоятга оид рақамлар айтилганидан ортиқроқ бўлиши ҳам мумкин.

Қашқадарёда 2021 йил учун белгиланган устувор вазифалар доирасида 90 минг ишсиз аҳоли бандлиги таъминлаши кўзда тутилаяпти. Вилоятда эса айни пайтда 155 минг ишсиз борлиги мурожаатда келтирилган, албатта, бу расмий рақам бўлса керак. Келгуси йилда яна қанча одам ишидан айрилиб, улар сафига қўшилиши ҳали номаълум.

Умуман, кейинги йилда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирларда белгиланишича, энг кўп - 25 минг нафар кишини ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ҳисобига даромадли қилиш белгиланган. Шундай - даромадли қилиш, бой қилиш эмас. Яна 23 минг 500 нафар кишини янги ташкил этиладиган ҳамда фаолияти тикланиши кўзда тутилаётган тадбиркорлик субъектлари; 12 минг 200 нафарини Бандлик жамғармасининг субсидиялари ҳисобидан ўзини ўзи банд қилиш; 12 минг 200 нафарини банд қилиб қўйилган ҳамда вакант иш ўринлари; 11 минг 820 нафарини  янгидан ишга тушадиган саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари; 5 минг 100 нафарини қайта фойдаланишга киритиладиган ҳамда ўзлаштириладиган ер майдонларида ташкил қилинадиган кооперациялар ва бошқалар ҳисобига ишли қилиш кўзда тутилган.           

Ўз мурожаатида ҳоким вилоятдан чет давлатларга иш излаб чиқиб кетиб, қайтиши кутилаётган 35 минг нафар фуқаронинг аниқ манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларни ҳам ишга жойлаштириш чоралари кўрилишини қўшимча қилди. Эътибор қилсак, бу рақам тугаётган йил давомида юртга қайтган қашқадарёлик мигрантлар сони (20 минг 320 нафар)га нисбатан анча кўп. Уларни ишга жойлаштириш кўрсаткичи 50 фоизга ҳам етказилмагани факт ҳолда, бу борада келгуси йилда юқори натижа қайд этилишига кафолат борми?   

Маълум қилинишича, 2021 йилдан 10 минг 100 нафар қашқадарёлик фуқарони чет давлатларга ишга юбориш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзолаш чоралари кўрилмоқда. Улардан 7 минг нафари Россияга, 2 минг нафари Қозоғистонга, 301 нафари Жанубий Кореяга, 231 нафари Туркияга, 568 нафари бошқа давлатларга юборилиши кўзда тутилаяпти экан. Аммо бу ҳам, ҳали режа бўлса-да, вилоятда ишсизлик даражасини сезиларли даражада юмшатиб юборишга қодир рақамлар эмаслиги тан олса, хато бўлмайдиган ҳақиқат.

Фақат ҳисобот учун ишлашдан наф йўқ

Маълумки, мамлакатда Президент ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" тизими йўлга қўйилди. Бундан шу асосда аҳолининг муайян қатламларига манзилли кўмак кўрсатиш, ҳаётини ўзгартириш кўзда тутилгани сир эмас.  

Таъкидланишича, масалан, "Темир дафтар"га Қашқадарёдан 69 минг 181 оила киритилган. Уларда яшайдиган 298 минг нафар фуқародан 71 минг 516 нафари меҳнатга лаёқатли. Жорий йилда улардан 64 минг 448 минг нафари ёки 90 фоизи бандлиги таъминланган.

Бир қарашда яхши натижа кўзга ташланади бу рақамлардан. Аммо...

Мурожаатда қайд этилганидек, "Темир дафтар"даги бандлиги таъминланганларнинг 48 минг 556 нафари (75 фоизи) ўзини ўзи банд қилиш йўналишига тўғри келаяпти. Ваҳоланки, ўзини ўзи банд қилиш - бу фуқаронинг доимий иш ҳақи оладиган иш жойи эмас, улар олдиндан ҳам шундай фаолият билан шуғулланиб келишган.

Бу борадаги кўрсаткич Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарлари, Китоб, Чироқчи, Касби, Қамаши, Шаҳрисабз туманларида 90 фоиздан юқори тургани ушбу ҳудудлардаги масъуллар отни қамчилаб, қуруқ ҳисобот учун ишлаётганини яққол кўрсатиб қўяяпти.  

Айтилишича, бугунги кунда вилоят бўйича "Темир дафтар"га кирган фуқароларга кўмак бериш мақсадида 12 миллиард сўм, "Аёллар дафтари"дагиларни қўллаб-қувватлашга 9 миллиард сўм, "Ёшлар дафтари"га 9 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар, сарфланаётган маблағлардан кутилган самара ҳам бўлиши керак, муддао шу. 

Фойдаланишдан чиққанми ёки рўйхатдан?

Қашқадарё қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга ҳудуд. Бу гап бугун ё кеча эмас, узоқ йиллардан бери айтиб келинаяпти. Ҳаммаси ўша салоҳият нимада ўз ифодасини топишини аниқлаб олиш, ундан фойдалана билиш ва истиқболли мақсадларга қаратилган ҳаракатда.  

Мурожаатда айтилишича, жорий йилда вилоятда 809 минг тонна бошоқли экинлар дони ва 383 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилди. Ҳосилдорлик мос равишда 40 ва 28 центнерни ташкил қилди. Соф фойда ғаллачиликда 312 миллиард сўмни, пахтачиликда 251 миллиард сўмни ташкил этди.

Жаҳон тажрибасига асосланадиган бўлсак, бу борада на ҳосилдорлик ва на олинган фойда билан мақтана оламиз. Бироқ вилоятда ана шу икки йўналиш ҳамон соҳада асосий мавқе тутиб турибди. 

Таъкидланишича, якунланаётган йилда 19 миллиард сўм маблағ эвазига 11 минг гектар фойдаланишдан чиқиб кетган ерлар қайтарилди. Сув чиқаришга 47 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 5,5 минг гектар лалми ерлар ўзлаштирилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза, Қашқадарёда фойдаланишдан чиқиб кетган, лекин кимлардир фойдаланиб келаётган ерлар ҳам анчагина топилади. Демак, улар фойдаланишдан эмас, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар рўйхатидан сирли равишда ўчиб кетган, холос. Ана шу йўналишда ҳам алоҳида иш олиб бориш ҳудуднинг экин майдонлари янада кенгайишига замин ҳозирлаши муқаррар. Ҳолат сабабларини ўрганиш эса ваколатли идоралар зиммасида қолади.    

Маълумки, кейинги йилларда мамлакат қишлоқ хўжалиги тармоқларига субсидиялар ажратиш тизими жорий этилиб, соҳанинг турли йўналишларида иш олиб бораётган тадбиркорлар интилишлари қўллаб-қувватланаяпти. Шу йўсинда жорий йилда қашқадарёликларга боғдорчилик ва узумчилик, пахтачилик, чорвачилик, паррандачилик бўйича жами 18 миллиард сўмлик моддий кўмак ажратилди.

Сув чиқариш, ерларни фойдаланишга олиб киришда ҳам шундай тизим ишлаяпти. Вилоятда эса 81 минг гектар фойдаланишдан чиққан ҳамда сув захираси бўлган лалми майдонлар ва адирлик ерлари мавжудлиги айтилаяпти. 2021 йил давомида шундан 14 минг гектар фойдаланишдан чиққан, 30 минг гектар лалми майдонлар ва адирлик ерлари ўзлаштирилиши режалаштирилаяпти экан.

Шулар ҳақида гапирар экан, вилоят ҳокими Шаҳрисабз туманининг Ҳисорак, Сарчашма, Сайёд, Кўл ва Ғилон қишлоқлари яқинидаги 3 минг 200 гектар янгидан фойдаланишга кирадиган лалми ерларда картошка ва сабзавот етиштириш бўйича кооперациялар ташкил этилишини маълум қилди. Ушбу мақсадда Тамшуш дарёсидан қувур орқали сув олиб келишга республика бюджетидан 32  миллиард сўм маблағ ажратилмоқда экан. Бу лойиҳанинг амалга ошиши вилоят аҳолисининг картошкага бўлган талабини ички имкониятлар ҳисобидан тўлиқ қондириш ҳамда минглаб янги иш ўринлари яратиш имконини бераркан.

Аслида, номлари саналган қишлоқлар аҳли азалдан картошкачиликни қойиллатган ва ушбу омил лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишида муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, уларда ишсизлик даражаси ҳам юқори, демак, етарлича ишчи кучи ҳам топилади. Шундай экан, асосий масала ўша ерларга сув келтириш тадбирининг бошланиши ва муваффақиятли амалга оширилишида қолаяпти.      

Боғдорчилик пахта ва ғаллачиликка қараганда даромадлироқ тармоқ эканини бугун ҳеч кимга исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Шунга ҳамоҳанг, вилоятда 2021 йилда 12 минг 100 гектар, шундан 7 минг 300 гектар интенсив боғ, 4 минг 700 гектар узумзор барпо этиш мўлжалланаяпти. Бу борада лалми ерлардан кенг фойдаланиш кўзда тутилаётганини ҳам эътироф этиш жоиз.

Аммо, Қашқадарёда кейинги йилларда ҳали ташкил этилганига ҳеч қанча бўлмаган боғлар ҳам бузиб юборилаётганидан ижтимоий тармоқлар орқали кўпчилик хабардор. Масъуллар ҳам шу йўсинда бунинг сабаби "самарасиз"лик эканлиги важини билдириб турибди.  Шунга кўра, янги ташкил этилиши режалаштирилаётган боғу узумзорларнинг ҳам тақдири уларга ўхшаш бўлиб қолмаслиги чораларини ҳозирдан кўриш керак. Аксинча, ернинг ўтган умрию, сарфланган маблағ учун жавоб беришга тўғри келади, эҳтимол виждон олдида.     

Ўринли ғоя ва бизнес учун қулай манзил

Истироҳат боғларию хиёбонлар бизнес юритиш учун жуда қулай. Доимо одамлар билан гавжум бўлади, келиб-кетиш кўп. Шу вақтга қадар бундай қулайликдан асосан улар маъмуриятлари фойдаланиб келарди. Энди эса, вилоят ҳокимининг ўз мурожаати орқали маълум қилишича, истироҳат боғлари ва хиёбонларда енгил конструкцияли савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар ва кўчма савдо объектлари ташкил этишга рухсат берилади.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги 15 та истироҳат боғи 177 гектар майдонни эгаллаган, уларнинг 10-15 фоизидан юқорида айтилган мақсадларда фойдаланиш йўлга қўйилади. Шунга оид лойиҳаларни молиялаштириш учун кейинги йилда 650 миллиард сўм кредит ресурслари йўналтирилиши кўзда тутилаяпти.

Албатта, бу жуда ўринли ғоя. Чунки, шундай ҳам вилоятдаги аксар истироҳат боғларию хиёбонлар ерларининг йирик-йирик майдонлари фойдаланилмай ётган эди. Уларда енгил конструкцияли бизнес нуқталари жойлаштирилиши қатъий тартиб ва аниқ архитектура ечимлари асосида бўлиши, бозорга айланиб қолмаслигига жиддий эътибор қаратилса бас. Зеро, бундай жойларда бизнес юритишга ишқибозу талабгорлар жуда кўплаб топилади.      

Ичимлик суви таъминоти - Қашқадарёга хос муаммо

Мутахассислар фикрларига кўра, уй-жойга эҳтиёж аҳоли демографияси ва турмуш тарзига қараб янгиланиб туради. Шу боис, бу борада узоқ вақт сақланиб турадиган аниқ бир рақамни келтириш қийин. Вилоятда эса аҳоли сони ортиб бораяпти, одамларда замонавий хонадонларда яшаш хоҳиши ва шунга интилиш кучайган. Демак, ўз-ўзидан уй-жойга бўлган эҳтиёж юқори.

 Мурожаатда қайд этилишича, якунланаётган йилда вилоят қишлоқларида 1 минг 385 хонадонли 350 та, шаҳарларда 620 хонадонли 9 та турар жой қурилди. Бу мавжуд талаб 14 фоизга қондирилганини кўрсатмоқда. Ана шуни инобатга олган ҳолда, 2021 йилда ҳар бири беш қаватли, 20 хонадонга мўлжалланган 282 та уй қурилиши режалаштирилаяпти. Бунинг учун туманлардаги 20 та массивдан 59 гектар ер танлаб олинади.

Гап қурилиш ташкил этиш ишлари ҳақида кетар экан, 2021 йил учун белгиланган устувор вазифалар    доирасида Қашқадарёда 305 та мактабгача таълим ташкилоти очилиши кутилаётганини алоҳида қайд этиш керак. Улардан асосий қисми, аниқроғи 300 таси нодавлат оилавий боғча бўлиши айтилади. Натижада келгуси йил охири билан боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиниши 58 фоизга етаркан. Ҳозирча бу кўрсаткич аввалги йилгига нисбатан 5 фоизга ўсиб, 44 фоизни ташкил этиб турибди.

Сир эмас, ичимлик суви таъминоти Қашқадарёда аҳолини қийнаб келаётган энг ўткир муаммолардан саналади. Шунга кўра, келгуси йил 250 миллиард сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан 488 километр ичимлик суви тармоқлари, 100 та сув иншоотини қуриш-тиклаш орқали ҳолат яхшиланиши ҳақидаги маълумот воҳаликлар учун ёқимли.

Шунингдек, мурожаат асосида одамларга етказилган: 244 миллиард сўм маблағ эвазига вилоятда 2 та янги мактаб, 38 та пахсадан қурилган мактаб филиаллари ҳамда сиғими мавжуд талабдан жуда паст бўлган 35 та мактабда қўшимча бино қурилиб,15 та мактаб таъмирланиши; 83 миллиард сўм маблағ эвазига 1 минг 535  ўринли 11 та тиббиёт муассасаси капитал, 64 миллиард сўм сарфланиб, 58 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари реконструкция қилиниши; 102 миллиардга ҳар бир туман марказида биттадан кўчада пиёдалар йўлаги, сайилгоҳ ва велосипед йўлакчалари ташкил қилиниши; сел ва тошқин сувларидан зарар кўрган ички хўжалик автомобиль йўлларида жойлашган 39 та кўприк таъмирига 84 миллиард сўм ажратилишига оид маълумотлар ҳам қашқадарёликлар умидини улғайтиради. Ҳарнима-да, бу ҳажмдаги ишлар вилоятда ушбу йўналишларга оид муаммоларни буткул бартараф қилиш учун камлик қилса-да, шу тарзда давом этилса, яқин йилларда аҳвол сезиларли ўзгаради.   

Хуллас, режалар бисёр, режалар кўп, режалар улуғвор. Улар ўз номи билан режа. Режасиз иш бошланмайди. Уларнинг тўла-тўкис, белгиланган вақтда амалга ошгани эса муваффақият. Шу боис, режалар пишиқ-пухта бўлиши керак. Вилоятда жорий йилга мўлжалланган қанча режалар муайян сабаблар билан бажарилмай, бошланган ишлар тугалланмай қолганини ҳам тан олиш адолатдан бўлади. Мақсад - халқни рози қилиш экан, айтилдими, кўзда тутилган режани ҳар қандай ҳолатда амалга ошириш чорасини топиш керак. Бинобарин, энди одамлар лоқайд эмас, улар кузатиб турибди, кўриб турибди, кутиб турибди...    

Камолиддин КАРИМОВ

 

 

 

Report typo