Бу борада зарур тушунтиришлар беришни самарали ташкил этиш, ишбилармонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан видеоконференция алоқаси ёрдамида семинар- тренинг ўтказилди. Тадбирда белгиланган даврда фаолияти режали текширишдан ўтказилиши кўзда тутилган вилоятимиз тадбиркорлари ҳам иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига устувор аҳамият қаратилаяпти, соҳа вакилларига кенг имтиёз ва имкониятлар тақдим этилмоқда. Тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилишга асло йўл қўйилмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган.
Айтиш жоизки, тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган бу каби текширувлар Савдо-саноат палатаси томонидан мониторинг қилиб борилаяпти, тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари муҳофаза этилмоқда, уларга зарур тушунтириш ва амалий кўмак берилмоқда. Ишбилармонларни ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш, текширув жараёнида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлардан бохабар этиш асосий диққат марказида.
Семинар-тренингда иштирокчиларга текширувлар билан боғлиқ масалалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Мисол учун, текширувга келган давлат назорат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ёки уни тўхтатиб қўйишга ҳақли эмас. Текширув ўтказаётган ходим тадбиркорга бир қанча расмий ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Тадбир савол-жавоб руҳида ўтди.
М.ЖЎРАЕВ