Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Равил МУЗАФАРОВ

21.06.2018


ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРАГИК ИСИТМА КАСАЛЛИГИ

Уни даволаш фақат махсус стационарларда ўтказилади, уйда мумкин эмас. Чунки бу бемор ҳаётига ва атрофдагиларга катта хавф туғдиради. Касаллик барвақт аниқланиб, тегишли даво чоралари ўз вақтида кўрилса, бемор тўлиқ соғайиб кетади.

Касаллик кана чақиши натижасида юзага келади. Чорвачилик билан шуғулланувчи ва бевосита иши чорва парвариши билан боғлиқ шахслар қаторида уни бу юмушлардан йироқ кишилар ҳам юқтириб олиши эҳтимол. Чунки каналар турли омиллар сабаб кутилмаган жойларда ҳам пайдо бўлиб қолиши мумкин. Демак, касалликдан ҳеч ким кафолатли ҳимояланмаган.

Тоғолди ва чўл зоналари, дарё бўйи тўқайзорлари, молхоналар  Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг табиий учоқлари ҳисобланади. Инсонлар бу касаллик билан касалланишининг олдини олишда энг самарали усул сифатида каналарга қарши кимёвий ишлов бериш тан олинади. Ушбу ишга юртимизда катта миқдорда бюджет маблағлари сарфланаётган бир пайтда ҳар бир инсон ўз эҳтиёт  чорасини кўриб юриши ҳам айни муддао.

Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Жавоб оддий, қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилиш лозим:

- табиат қўйнида дам олиш ёки хўжалик ишларини бажариш учун чиққанда канадан ҳимояланиш чораларини кўриш;

- чорва ва уй ҳайвонларига кана ёпишганлиги аниқланган ҳолларда уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилмасдан,   дарҳол ветеринария мутахассисига мурожаат қилиб, унинг маслаҳат ва кўрсатмаларини бажариш;

- кана одам танасига ўтиб олганини  пайқаб қолсангиз дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг, тиббиёт маскани яқин атрофда бўлмаса ёпишган ҳашаротни юлиб олмасдан, устига камфора ёғи, агар у йўқ бўлса оддий ўсимлик ёғини томизсангиз танасининг орқа қисмида жойлашган нафас олиш аъзоси беркилади ва ўзи сўрғичини танадан чиқаради, кейин уни пинцет ёки қўлни  резина қўлқоп билан ҳимоялаган ҳолда олиб ташлаш;

- ҳайвонларга доимо, хусусан,  жунини қирқиш олдидан уларга махсус воситалар ёрдамида каналарга қарши ишлов бериш;

- қирқимга жалб қилинган ишчиларни тўлиқ махсус кийим (этик, комбинезон, қўлқоп) билан таъминлаш, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;

- ветеринария кўригидан ўтказилмаган, касал ҳайвонларни сўймаслик;

- молхона, қўра-қўтонларда мунтазам равишда каналарга қарши дезинфекция тадбирларини ўтказиб бориш, ахлат ва гўнг йиғилиб қолишига, сичқонлар ва бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик.

Бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак, иксод каналари табиатнинг бир бўлаги ва уни бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ, бундан ташқари, бу турдаги ҳашаротлар  ниҳоятда чидамли бўлиб, молхона девори тирқишида ўн йилгача оч ухлаши исботланган.

Унутманг, Қирим-Конго геморрагик иситма ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар билан курашиш нафақат тегишли хизматларнинг вазифаси, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг ҳам ишидир.

Равил МУЗАФАРОВ,

вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими мудири

Report typo