- Пенсиянгиздан бир кўйлаклик олиб берасизми?
- Пенсиямни ўзинг оласан-ку, айланай қизим. Ўзингга ёққан матодан бир кўйлаклик олақол.
- Биласизми, мен кимни кўриб келдим, - ёш боладек тутила-тутила гапирди Дилором келин. – Болтабой аканинг тўйида хизмат қилаятувдик, денг, аёллар бирдан шивирлашиб қолишди. Дарвоза томонга қарасам, Ёдгора опам келган экан. Оппоққина, бирам хушрўйки... сирғалари, узуклари ўзига бирам ярашган. Либослари офтобда камалакдай товланади. Эри бўлса узукнинг кўзидек, бир-бирига мос. Суюниб кетдим. Ёдгора опамга рўбару келдим. Мени танимай, тўйхонага кириб кетдилар.
Дилафрўз момо бир тўлғаниб олди.
- Ҳа, илоё ўзидан тингани рост бўлсин. Меҳрибонгинам шу қишлоққа келган бўлса, мени кўргани албатта келади.
- Шуни айтмоқчи бўлаябманда, - қайнонасининг гапини маъқуллади келин. – Шу ерга келиб туриб, сизни кўриб кетмаса охир замон бўлди деяберинг. Бир ёшга тўлмаган, ғирт етим қолган чақалоқни тарбиянгизга олиб, сут бериб катта қилгансиз, бировдан кам қилмай куёвга узатгансиз. Бугун катта шаҳарда яшаяпти, катта ишда ишлаяпти. Бунинг учун сизни унута оладими. Ёдгора опам қизларингиз қаторидаги қизингиз. Албатта, сизни кўргани келади. Унгача мен сизни бир ясантириб қўяй. Атир сепаман. Сиздан хушбўй ҳид таралсин дейман-да.
- Ёдгора ундай олифта хотинлардан эмас, - келинининг гапига эътироз билдирди Дилафрўз момо. – Бечора қизим, мени соғиниб кетган бўлса керак. Мен ҳам ич-ичимдан соғиниб, ўртаниб юрувдим. Яхши бўпти келгани.
- Мен энди ҳовлини супуриб, меҳмонхонани тартибга келтириб қўяй.
Шоша-пиша ишга киришиб кетган Дилором келин, меҳмон келиши учун бўладиган тайёргарлик ишларининг ҳаммасини бажариб бўлди. Аммо ҳадеганда меҳмоннинг қораси кўринавермади.
- Меҳмондорчилик чўзилган бўлса керак, - момо ўғлини чақириб буюрди. – Бор, бир хабарлашиб кел. Эри ичиб-нетиб ўтирмасин. Мошини бор-а. Энам сизларни интиқлик билан кутаяпти, дегин.
Ярим соатлардан сўнг момонинг ўғли тунд кайфиятда қайтди.
- Чамаси бирор соатлар олдин уйларига кетишибди.
Дилафрўз момонинг бошига тўқмоқ тушгандай бўлди. Келин эса бу оқибатсизликдан кўзларига ёш олди.
- Ўҳ-ҳ, худо урмаса кишини. Одам деганиям шундай бўладими? Оқ сут бериб, тарбиялаганингизни унутибди-да.
Момо келинини койиган бўлди:
- Сен ҳаммани ўзингга менгзай берма. Зарур ишлари бўлса, келишолмагандирда. Тузаган дастурхонингга болаларингни таклиф қил. Овқатингни суз.
Ўзи эса тонггача тўлғаниб, ухлолмай чиқди.
***
Куз, ундан кейин қиш ўтди. Баҳор келиб борлиқ ям-яшил либосга бурканди. Дашту далалар лолақизғалдоқлардан ял-ял ёнди. Дилафрўз момо келини Дилоромнинг меҳрибончилиги, набиралари ардоғида бахтли кунларини ўтказмоқда эди. Шундай баҳорий кунларнинг бирида қўшнининг қизи хушхабар олиб кирди.
- Меҳмон келди. Дилором опа!
Эру хотин ичаётган чойларини дастурхонга қўйиб ташқарига югуришди. Ёдгора машинадан тушиб, ҳовлига эндигина кириб келаётган экан. Дилором афтини буриштириб, жойида тўхтаб қолди.
- Ёдгора-ку, танимадингми? - эри Дилоромни туртди. – Қара, меҳрибон опажоним келибди. Шундай деганча у Ёдгорага қучоқ очди.
Ёдгоранинг ойни уялтирадиган ҳуснидан асар ҳам қолмаган, чўпдек озиб-тўзиб, кўзлари ичига ботиб кетибди. Машинани ҳовлига киритиб, меҳмонларни уйга таклиф қилдилар.
- Мен аввал энамни кўрай, сўнгра меҳмонхонага ўтамиз, - деди хаста овозда Ёдгора.
Дилафрўз момо бошида бироз тайсаллагандай бўлди. Аммо аразлашни эплолмади. Кўкрагига бошини қўйиб, ўксиб йиғлаётган қизининг юз-кўзларидан ўпиб, қайта-қайта бағрига босди. Ёдгоранинг елкасига қўлини қўйди:
- Опа, холамни қўйворинг. Мен кийимларини алмаштирай... Кеча чўмилтирай десам, кўнмадилар.
- Мен шу ҳидни соғиниб келдим, - келиннинг киноясига эътибор бермади. – Сизни соғиниб келдим, энажонгинам, меҳрибонгинам...
Ёдгорадан кейин эри момо билан илиқ кўришди. Бугун бу хонадонда офтоб чиқиб, нуридан ҳовли-жой янада чароғон бўлди.
- Ёдгора билан куёвнинг оёғи остига анови қўчқорни сўй, - Дилафрўз момо ўғлига буюрди. – Ўн беш йилда бир келибди... Шу хонадонда ўрни, насибаси бор.
- Бугун сиз нима десангиз шу бўлади, холажон, - оғзи қулоғига етди келиннинг. - Меҳмонлар баҳона қўй сўйилмаса, бошқа пайтда рухсат йўқ.
Дастурхонга дуо ўқилгач, момо қизидан қайтадан ҳол сўрай бошлади.
- Озиб-тўзиб кетибсан. Рангларинг ҳам бир аҳволда. Тузукроқ тамадди ҳам қилмадинг. Тани жонинг соғми, ишқилиб?
Ёдгора ҳам тўлиб турган экан, ўз дардини бошлаб юборди:
- Энажон, мазам бўлмаяпти. Дўхтиргаям кўриндим. Уч марта даволаниб чиқдим. Нафини сезмадим. Кундан кунга силлам қуриб, дармонсизланиб боряпман.
Бир куни тушимда оппоқ нуронийни кўрибман. Унга дардиҳол қилармишман, қийналиб кетганимни айтармишман. У эса жилмайганча шундай деди:
- Энанг десамми, момонг десамми, бир тиловчи меҳрибонинг бор экан. Шу азизингнинг хизматларини унутиб, йўқламай қўйибсан. Бориб тавба тазарру қил, кўнглини ол, шифо топасан, деди. Ҳамма хато аслида ўзимдан ўтган экан, энажон. Шундан буён кўзим олдидан сиз кетмайсиз. Тавба қилиб келдим, эна...
Дилафрўз момонинг ўпкаси тўлиб, кўзларига ёш келди. Танасидан иссиқ бир ҳовур кўтарилиб, овози титради:
- Мени қўй, болам... Қайси она ўз фарзандидан оғринибди-ки, мен хафа бўлсам... Аммо киши тушингда тўғри айтибди. Онанг шўрлик сендан оғрингандир, болам. Ахир 15 йил бўлдия, қабрининг бошига келмадинг. Бугун онангнинг қабрини, албатта, зиёрат қилишинг керак. Ахир ундан бу вафосиз дунёда қолган ёлғизгина ёдгорсан, қизим.
- Бугун сиз билан энамнинг қабрини зиёрат қиламан, деб келдим. Қабрларини қучоқлаб тавба қиламан, - Ёдгора Дилафрўз момонинг қўлларини юзларига суртди. - Мен кўр ва кар бўлиб қолган эканман. Гуноҳкор фарзандингизни кечиринг, энажон.
Дилором келин кўнгли тубида чўкиб ётган гиналарини тилига чиқарди:
- Бойлик қўлнинг кири, опажон. Бизларни унутдингиз. Осмондан улғайиб тушмагандингиз...
- Бас, - келинига изн бермади момо. – Мана тавба қилиб келибдику қизгинам. Асосийси шу эмасми?
Шу куни ҳаммаси бир бўлиб, Ёдгоранинг онаси ётган қабрга боришди. Унинг атрофини тозалаб, зиёрат қилишди.
Ёдгора эса эзилиб, унсизгина йиғларди. У шу кеча меҳрибон онаси билан бир ўринда қучоқлашиб ётди. Худди гўдаклик чоғларидагидек. Энасининг кўзларига эса бу кеча уйқу бегона эди. “Ширингина қизалоқ эди. Қўлчаларини кўксимга қўйиб, юзини юзимга босиб ухларди. Ҳалиям шу одатини унутмабди”.
Ёдгора эрталаб кўзларини очганда танини дарддан йироқ, руҳини жуда енгил ҳис этди. Дилафрўз момо бўлса қизининг юзларини силаб, тўзғиган сочларини тартибга келтирарди.
- Тур, қизим, кун чошгоҳ бўлди.
Ёдгора шундай меҳрибони борлигига суюнди ва энасини маҳкам бағрига босди. Унинг кўзларидан оқаётган севинч ёшлари момонинг ҳам ажин босган юзларини ювиб тушмоқда эди. У бу гал чин юракдан тазарру қилаётганди.
Турсунбой БОЙМИРОВ