2035 йилда Осмоности мамлакати АҚШни қувиб ўтиб, эҳтимол, дунёдаги энг йирик иқтисодиётга айланади. Бу ҳақда Хитой халқ университети қошидаги Чунъян молиявий тадқиқотлар институти маърузасида айтилган.
Бу тахмин агар Хитой Халқ Республикаси (ХХР) кейинги бир неча йилда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатини 5 фоиз атрофида ёки 2035 йилгача камида 4 фоизда ушлаб турса амалга ошади, дейилади маърузада.
Ҳиндистон, Канада, Хитой, Россия ва Америка олимлари биргаликда тайёрлаган тадқиқотда қайд этилишича, Осмоности мамлакати иқтисодиётининг ўсиш суръати АҚШ кўрсаткичларидан илгарилаб кетмоқда. Шу билан бирга халқаро майдонда юань пул бирлигининг қадри мустаҳкамланишда давом этмоқда, унинг халқаролашув даражаси эса ўсиб бормоқда.
"Ривожланаётган мамлакатлар келажакда глобал иқтисодий юксалишнинг асосий двигатели бўлади ва улардаги жадал ўсиш кейинги ўн йилликда жаҳон ялпи ички маҳсулотини икки баробарга ошириши мумкин", дейилади маърузада.
2023 йил якуни бўйича, Хитой ялпи ички маҳсулоти 5,2 фоизга ўсиб, 126 триллион юань (17,7 триллион доллар)лик ҳажмга етган, айни вақтда АҚШда бу кўрсаткичлар мос равишда 2,5 фоиз ва 26,39 триллион долларни ташкил этган.