Жиноят ва жазо
1992 йилда Касби туманида туғилган, Қамаши қишлоғида яшайдиган Шавкат Тўхтамишов мактабни тугатганидан сўнг бир неча йил давомида олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, керакли баллни тўплай олмагани учун талабалик бахтига эришолмаётганди. Шу орада Россиядаги корхона ва заводларда қурилишда ишлаб юрадиган отаси уни ўша ерга чақириб, пул топишни маслаҳат беради.
Отасининг айтганидан қолмаган Шавкат 2016 йилнинг 8 августида Россия Федерациясига жўнайди. Отаси кўмагида Москва вилояти Люберецкий туманида жойлашган турли рангдаги қурилиш гулқоғозларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Сургаз" номли корхонага юк ташувчи бўлиб ишга киради.
Шу орада унинг елкасига ҳам бахт қуши қўниб қолса денг. 2018 йил июнида Люберецкий туманидаги "Гуманитар-ижтимоий институти" номли хусусий олий таълим муассасасига ҳужжат топшириб, имтиҳонлардан ўтади.
Сўзимиз маромидан балки у чет элда юриб, онги бузғунчи фикрлар билан заҳарлангандир, ёки у ерда бирор қинғир ишга қўл уриб қўйдимикан, ё бўлмаса, Россиядаги институтдан олган дипломи ўзимизда ўтмаётган бўлмасин тағин, деган фикрлар хаёлингиздан ўтаётгандир эҳтимол.
Гап шундаки, буларнинг ҳеч бири эмас.
Шавкат 1-курсга ўқишга қабул қилинаркан, табиийки, шу аснода бир неча дўстлар орттиради. Улар эса то ўқиш бошланишигача Туркияга бориб айланиб келишни айтишади. Бундан Шавкат ҳам четда қолмай, 2018 йил 1 август куни Россиядан чиқиб, Туркияда саёҳатда бўлгач, 8 августда яна рус диёрига қайтади.
Албатта, дунё кўриш, юрт кезишнинг ҳеч бир ёмон томони йўқ. Фақат ҳаммаси қонун ҳужжатларида белгилангани каби бўлиши даркор. Шавкат Россиядан Туркияга отланаркан, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш тартиби тўғрисидаги тегишли қарори ҳамда ўшанда амалда бўлган 2002 йил 25 майдаги "Чет элга бориш учун рухсат бериш ёзувининг ёпиштириладиган стикерини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарор талабларига зид равишда иш тутганини эсдан чиқарган чоғи.
Балки шунинг учун ҳам саёҳатдан сўнг, ўқишни бемалол давом эттиради ва 2018 йил декабрь ойида қишки таътил сабаб Ўзбекистонга қайтади. 25 декабрь куни Москва-Қарши йўналиши орқали юртимизга келганида аэропортда уни текширган ходимлар ҳужжатлар чатоқ эканини билиб қолишади. Туркияга чиққанлиги учун белгиланган стикерни олмаган Шавкат Тўхтамишовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг очиқ сайёр суд мажлисида мазкур ҳолат бўйича фикр-мулоҳазалар тингланиб, судья ҳукмга чоғланаркан, Шавкатнинг ўз қилмишидан пушаймонлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва у яшайдиган Касби тумани Нуробод маҳалла фуқаролар йиғини ижобий хулоса бергани, қолаверса, ҳозир ҳам Россиядаги олий ўқув юрти талабаси эканини назардан четда қолдирмади. Боз устига ота-онаси ҳам қирчиллама ёшда эмас, оила моддий шароитини-да ошиб-тошиб кетган, деб бўлмайди.
Шунга кўра, Шавкат Тўхтамишов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 223-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ҳукм эълон қилинган пайтда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари, аниқроғи, 5 миллион 529 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Албатта, ёшлар бирор хатога йўл қўяркан, буни баъзан "ёшлик - бебошлик"ка, баъзан қонун-қоидани билмаслик, оқ-қорани танимасликка йўямиз. Шундай хулосамиз қатъий бўлганида ҳам бош айбдор ўзимиз бўламиз: вақтида ўғил-қизимизга оқ-қорани, яхши-ёмонни танитмаганмиз, керакли нарсани ўргатмаганмиз. Нима бўлганда ҳам ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди.
Н.ХЎЖАЕВ