Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЭЛЧИЕВ

01.03.2019


РОССИЯГА КЕТИБ, ЎЗБЕКИСТОНГА АКАСИ НОМИ ОСТИДА ҚАЙТДИ

Дастлаб укасининг бу қарорига қаршилик қилган Л.Абдирахманов ноилож унга ёрдам қўлини чўзди. Москвада яшашга жой топиб берди. Иш топгунича қарашиб турди. Илёс ҳам кўп бекор қолиб кетмади. 2015 йил мартда пицца тарқатувчи бўлиб ишга жойлашди. Декабрда эса касбини ўзгартирди. Андижонлик таниши кўмаги билан Москва шаҳрида киракашлик қила бошлади. 2017 йил бошигача бировнинг машинасини ҳайдаган бўлса, сўнг тўплаган пулига "улов" сотиб олди.

Таксичилик қилган Илёс 2017 йил сентябрида бир кўнгилсизликка йўлиқади. Эҳтиётсизлиги сабаб фуқаролик паспорти курткаси билан бирга ёниб кетади. Шундай қилиб, киракаш шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз қолади.

Ана шу воқеадан кейин муаммо ҳам бўй кўрсатади. Кира қилиб юрганида йўл-патруль хизмати ходимлари унинг машинасини тўхтатишади ва И.Абдирахмановдан шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишни сўрашади. Ҳайдовчи паспортини кўрсата олмагач, уни милиция бўлимига олиб боришади. Албатта, бегона мамлакатда тегишли ҳужжатсиз ва рухсатномасиз юришга жим қараб туришмайди. Таъсир чораси ҳам шунга яраша қаттиқ бўлади.

Илёс буни яхши биларди. Ҳозир кимлигини, паспортини ёндириб қўйганини айтса, ўзига ёмонлик тилагандек бўларди. Бунинг устига бошқа ҳужжатлари ҳам жойида эмас. Шуларнинг барчаси аниқланса,  Россиядан муайян муддатга чиқариб юборишади ва киришига тақиқ қўйишади. Шу вазиятда унинг хаёлига ғалати бир фикр келди.  И.Абдирахманов милиция ходимларига ўзини Лазиз Абдирахманов деб таништиради. Оға-ини бир-бирига ўхшайди. Бу фирибни ким ҳам билиб турибди. Шу тариқа сохта маълумотлар қайд этилади. Фотосуратга туширишади. Жазо ҳам    тайинланади.

Орадан 50 кунча вақт ўтиб, милиция ходимлари Илёсга Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги консуллик идораси томонидан берилган "Ватанга қайтиш гувоҳномаси"ни тақдим қилишади. Ҳужжатда унинг сурати бўлса-да, у аслида Лазиз Абдирахманов номига расмийлаштирилганди. Россиядан чиқиб кетиш талаби қўйилади. Қалбаки гувоҳнома асосида авиабилет олиб беришади. Шу тариқа И.Абдирахманов 2017 йил 9 ноябрь куни сохта ҳужжат билан Москва-Хоразм рейси орқали Ўзбекистонга қайтиб келади. Чегарани    бошқа ном остида кесиб ўтади. Табиийки, бу ҳолат божхоначиларда ҳам бирор шубҳа уйғотмайди.

Паспортсиз узоқ юриш мушкул. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тиклатиш мақсадида Илёс Яккабоғ тумани ИИБ паспорт бўлимига мурожаат қилади. Текшириб кўришганда эса И.Абдирахманов акаси Л.Абдирахманов номидан фойдалангани ва сохта ҳужжат расмийлаштириб, Ўзбекистонга кириб келгани ойдинлашади. Ҳуқуқбузарлик аниқланган заҳоти фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

  • Абдирахманов Илёс Рузимурот ўғли - 1992 йил Яккабоғ туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта махсус, бўйдоқ, ишламайди, муқаддам судланмаган, Яккабоғ тумани Қўштегирмон МФЙда доимий рўйхатда туриб, Яккабоғ тумани Гулистон МФЙ Гулистон қишлоғида вақтинча яшайди.

2018 йил январь ойида жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани суди И.Абдирахманов яшовчи Гулистон МФЙ биносида очиқ суд мажлиси ўтказди. Суд судланувчи И.Абдирахмановнинг жиноий ҳаракати квалификациясини муҳокама қилиб, қуйидаги хулосага келди. Сохта, муддати ўтган, бошқа шахс номига, шунингдек, нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтиш тегишли рухсатномасиз давлат чегарасини кесиб ўтиш деб топилди.

Шу боис суд дастлабки тергов органи томонидан И.Абдирахмановнинг қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш қоидаларини бузишда ифодаланган жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан, муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатларни тайёрлаб, расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришганини Жиноят кодекси 228-моддаси 1-қисми ва ҳужжатлар қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланганини 228-модда 3-қисми билан тўғри квалификация қилинган, деб ҳисоблади.

Абдирахманов Илёс Рузимурот ўғлига иш ҳақининг      20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Дарҳақиқат, ҳар бир юртдошимиз фуқаролик паспортини кўз қорачиғидек асраши шарт. Шахсни тасдиқловчи шунга ўхшаш ҳужжатларни қалбакилаштириш эса жиноят саналади. Илёс Абдирахманов бу қилмишни билиб содир этди. Сохта ҳужжат билан Ватанга қайтишга жазм қилди. Қолаверса, хорижда қонуний ишлаб юрган акасига ҳам бу хатти-ҳаракати билан катта зиён етказди. Ўз фойдасини ўйлади ва жазога лойиқ кўрилди. Бу унга тўғри хулоса чиқаришга ёрдам берса бўлгани.

М.ЭЛЧИЕВ

Report typo