Мамлакатида қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг Қирғизистонга келган россияликларга қочоқ мақоми берилмайди. Бу ҳақда 24.kg манбаси хабар тарқатган.
Бундай чора парламент депутатлари ўзгартириш киритишни муҳокама қилган “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонунда назарда тутилмайди.
Ҳужжатнинг дастлабки вариантида россияликларга қочоқ мақомини бериш кўзда тутилган, бироқ кўплаб депутатлар бунга қарши чиққан.
Қирғизистон ҳукумати вакили якунда депутатларга бу чора ўзгартирилган қонунга киритилмаслигини маълум қилган. “Икки йил давомида ҳеч кимга қочоқ мақоми берилмаган. Биз шунчаки қонун лойиҳасини ўз ҳужжатларимизга мувофиқлаштиришни хоҳлаймиз”, деган у.
Ҳукумат маълумотларига кўра, Қирғизистонда қочоқ мақомини 20 йил давомида фақат 159 киши олган.