Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар Ички ишлар вазири буйруғига биноан “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ушбу мукофот ички ишлар тизими фаолияти самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган ходимларга берилади. Тақдирланганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти оладилар.
Айтиш ўринли, Ўроз Ҳайдар 1992-2012 йилларда ички ишлар тизимида, хусусан, вилоят ИИБ матбуот хизматида, “Посбон” газетаси таҳририяти бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатган.
Ижодкорнинг “Куйловчи тошлар”, “Мусиқор”, “Руҳафзо”, “Кечиккан фасл”, “Фалак фаввораси”, “Сукут ҳаққуши”, “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” каби китоблари чоп этилган. Шукшин, Паустовский, Поркья, Бунин, Блок, Евтушенко, Вознесенскийдан таржималари эълон қилинган. Асарлари рус, инглиз, француз, немис, турк, тожик, қозоқ, қирғиз тилларига ўгирилган.