Машҳур адабий танқидчи Виссарион Белинский шоир ижодига баҳо бераркан, шундай деганди: “Пушкин шеъриятимиз имконияти, сарчашмасини мисли кўрилмаган даражада кенгайтирди, уни ҳаётимизнинг миллий унсурларига қаратди, сон-саноқсиз янги шаклларини кўрсатиб берди, илк бор рус ҳаёти билан ошно қилди, ғоялари билан бойитди... Бирон бир шоир рус адабиётига Пушкинчалик кучли ва самарали таъсир кўрсатолмаган”.
Отаси - адабиётнинг ҳақиқий ихлосманди Сергей Львовичнинг шарофати билан Пушкин ёшлигиданоқ Карамзин, Жуковский, Батюшков сингари таниқли рус ёзувчилари даврасида кўп бора иштирок этган. Ақлли, зийрак ва ўта қизиқувчан ёш Александр уларнинг суҳбатидан кўп нарса олди, адабиётга меҳр қўйди, натижада унда китобга бўлган иштиёқ эрта уйғонди. Аммо бўлғуси шоирда шеъриятга, табиатга, Ватанга бўлган муҳаббатни жўш урдиришда, унинг истеъдодини рўёбга чиқаришда, характерини шакллантиришда ҳеч ким севимли энагаси Арина Родионовначалик таъсир кўрсатолмаган. Унинг эртак, ривоятларни моҳирона сўзлаб бериши, халқ оғзаки ижоди, матал ва мақоллари билан яқиндан таништириши боис Пушкинда нафис сўзга меҳр-муҳаббат пайдо бўлди, халқининг узоқ ўтмиши, шеърияти билан танишди. Буларнинг барчаси ёш Пушкинда бадиий фантазияни кучайтирди. Қолаверса, ёзги пайтларда Москва ташқарисидаги ерларида бўлганда дўстлашиб қолган оддий қишлоқ болалари унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди, оддий одамлар тақдири, уларнинг дарду ташвишлари Пушкиннинг ҳам ташвишига айланди.
Пушкиннинг рус халқ оғзаки ижодига қизиқиши асносида бугун халқ орасида машҳур бўлиб кетган кўплаб эртаклари дунё юзини кўрди. Масалан, “Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак”, “Шоҳ Салтан ҳақида эртак”, “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак”, “Олтин хўрозча ҳақида эртак” сингари фольклор мотивлари билан суғорилган асарлари Пушкин ижодидаги халқчилликнинг янада ошишига сабабчи бўлди.
Шоир оғир кунлардаги суянчиғи, сирдоши, ўз онасидек азиз бўлиб қолган Арина Родионовнага бағишлаб ёзган “Энагамга” шеърида уни шундай эслайди:
Оғир кунлардаги ягона ҳамдам,
Эй менинг суюкли, кекса энагам!
Александрга отасининг кутубхонаси чин маънода хазина бўлиб хизмат қилди. У XVIII аср рус ёзувчилари ҳамда XVII ва XVIII асрлардаги ғарбий Европа классиклари асарлари билан тўлиб-тошганди. Бўлғуси буюк ижодкор асарларни ташналик билан, қизиқиб ўқирди. Кучли хотира эгаси бўлгани боис уларнинг аксариятини ёддан биларди. Ҳали 12 ёшга ҳам тўлиб улгурмаган ёш Пушкин Ломоносовдан Жуковскийгача бўлган рус ёзувчилари, Европа классикларию улар орасидан ҳурфикр эгаси Вольтергача бўлган ёзувчилар – барча-барчасининг асарларини ўқиб чиққанди. Бу эса, ўз навбатида, бўлажак шоирнинг ижодий истеъдоди эрта бўй кўрсатишига олиб келди.
Пушкиннинг лицейда ўтган даври унинг дунёқарашига кескин таъсир кўрсатди. Бу ерда ўзи каби ҳур фикрловчилар кўп эди. Айниқса, юксак иқтидор эгаси, сиёсий фанлар профессори А.Куницин Пушкинда катта таассурот қолдирди. У крепостной ҳуқуқ, яъни помешчикларнинг ўзига қарашли деҳқонларга, уларнинг меҳнати ва мол-мулкига чексиз эгалик қилиш ҳуқуқига қарши чиққан. Зулмкорлик ва қулликни қоралаган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ашаддий ҳимоячиси бўлган Куницин лицей ўқувчиларини айнан шу тарзда – эркин фикрлаш, эрксеварлик руҳида тарбиялади. Лицей ўқувчилари орасида мамлакатдаги вазиятга, чет элларда рўй бераётган турли инқилобий курашларга нисбатан ўз фикр, сиёсий қарашларига эга бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил қиларди.
Лицейда истеъдодли ёш шоир сифатида танилган Пушкиннинг шеърлари 1814 йилдан турли журналларда чоп этила бошлайди. 1815 йилнинг январида лицей билан хайрлашув кечасига бағишланган тадбирда Пушкин “Царское село хотиралари” деб номланган қасидасини ўқийди. Шу кечада иштирок этган Г.Р.Державин унинг ҳиссиётга тўла қалбидан, шоирона истеъдодидан ҳаяжонга тушади, бу йигитча тимсолида ўзининг муносиб издошини кўради ва буюк шоир бўлиб етишишини башорат қилади. Пушкиннинг истеъдодига нафақат Державин, балки Батюшков ҳам юқори баҳо берган. Ҳатто бўлар-бўлмасга эътироф этавермайдиган, мақтовга зиқнароқ Карамзин ҳам лицейга Пушкинни кўргани келганида шундай деганди: “Бургут каби парвоз қил, аммо айни парвоз пайти тўхтаб қолма”.
Кейинчалик Пушкин рус жамиятида уйғониб бораётган эрксеварлик кайфияти таъсирида «Эркинлик», «Чаадаевга», «Қишлоқ» сингари шеърларини яратади. “Эркинлик” шеърида мазлумларни ўз эрки-озодлиги учун курашга чорлайди, жамиятнинг чиркин ғояларини, мавжуд тузум, унинг ортидан бўй кўрсатган иллатлар, ҳақсизлик, тенгсизликни қоралайди. Қонунга бўйсуниш, интизомга риоя қилишни аввал ўзлари бошлаб беришларини сўрайди:
...Ҳавойи қисматнинг арзандалари.
Жаҳон золимлари! Титранг бу замон!
Сиз-чи, эй уларнинг хор бандалари.
Мардона-мардона бошланг қўзғолон!
...Қонунлар хатарли, қонунлар расво,
Эрксизликнинг ночор ёш томчилари;
Ҳар ёнда ҳақсизлик, зўрлик ҳукмрон.
Уюшган хурофот — қуюқ мавҳумот...
...Шоҳлар, бошлаб ўзингиз бош эгингиз
Мустаҳкам қонуннинг остонасига,
Халқнинг эрки, тинчи шудир, билингиз.
Шудир тахтнинг қўриқчиси мангуга!
Пушкиннинг рус жамиятидаги эрксевар кучлар таъсирида ёзилган зулм ва крепостнойликни фош этувчи шеърлари чор ҳукуматида норозилик кайфиятини уйғотди. 1819 йилда Пушкиннинг «Яшил чироқ» тўгарагида иштирок этиши эса Александр I ни ниҳоятда ғазаблантирди. Қолаверса, 1820 йилнинг майида ёзиб тугатилган “Руслан ва Людмила” достони ёшлар ўртасида овоза бўлиб кетди. Бу асарда Пушкин шеърий жанрлар ўртасидаги чегаралар ва услубий фарқларни бартараф этиб, рус шеърияти тараққиёти учун янги бадиий уфқларни очиб берган. Ўша вақтда мамлакатнинг биринчи шоири, деб ҳисобланган Жуковский бу достонни ўқиб, ғоятда таъсирланди ва шоирнинг истеъдодига тасанно айтди. Катта ҳурмат ва эътироф юзасидан ўз портретини “Ғолиб шогирдга мағлуб устоздан” деган ёзув билан Пушкинга жўнатди. Пушкиннинг шеърлари қисқа муддатда барчанинг тилида ёд бўлиб кетди. 20-йиллардаги эрксевар ёшлар кайфиятини ифодалагани учун улар ўртасида катта муваффақият қозонди.
Шоир шеърларида ростгўйлик, ҳалоллик, эзгулик, озодлик, ҳурфикрлик улуғланади. Меҳр-муҳаббат, самимият, садоқат, инсонпарварлик каби покиза туйғулар шоирга хос бўлган жўшқин сатрлар ёрдамида тараннум этилади. Баъзи шеърларидаги мисралар киши қалбини жунбушга келтирса, айрим ўйноқи мисралар ҳар бир ўқувчи қалбига ажиб ҳисларни солади.
Довруғи ошган сайин шоирнинг бошида қора булутлар тўплана бошлайди. Қалбларга туғён солувчи бундай шеърлар алал-оқибат ҳукумат одамлари, ҳатто подшонинг қўлига ҳам бориб етди. Александр I Пушкин таҳсил олган лицей директори билан учрашганда, унга шундай дейди: “Пушкин ўзининг исёнкор шеърлари билан бутун Россияни жунбишга келтираяпти: ёшлар уни ёддан айтишаяпти... Пушкинни Сибирга сургун қилиш керак”.
Сургун ҳақида эшитган шоирнинг дўстлари – Карамзин, Жуковский ва Чаадаевлар жазони енгиллаштиришга ҳаракат қилишади. Оқибатда 1820 йилнинг майида Пушкинни Екатеринославга – генерал Инзов хизматига юборишади. Шоир Екатеринославга етиб келиши билан хасталикка йўлиқади ва дастлаб Кавказга, кейин Қримга йўл олади. Унинг кўплаб асарлари, жумладан, “Кавказ асири”, “Боқчасарой фонтани” каби шеърлари мана шу саёҳатлари асносида дунёга келган. “Боқчасарой фонтани” шеърида шоир киши қалбига ором берувчи ажиб фаввора билан хаёлан суҳбат қуради:
Ишқ фонтани, эй ўлмас фонтан.
Сенга икки қизил гул совғам!
Шилдирашинг ёқимли чунон,
Шоирона кўз ёшларинг ҳам.
* * *
Сачрар менга кумуш тўзонинг,
Эсар салқин шабнам нафаси,
Тинмайин оқ, юпанч чашмаси!
Шилдир-шилдир сўйла достонинг…
Саёҳатдан қайтгач, генерал Инзов ортидан Кишинёвга кетади. Бу ерда ҳам самарали ижод қилади. Айниқса, шоирнинг “Евгений Онегин” шеърий романи жуда жозибадор ва таъсирчан чиқади, унинг нашр этилиши рус адабиёти тарихида улкан воқеа бўлади. Ўқувчилар томонидан жуда илиқ кутиб олинган ушбу шеърий роман Пушкинга катта довруқ, шон-шуҳрат келтиради. Романда Пушкин яшаган даврнинг муҳим масалалари ўз ифодасини топган, ўша даврда кенг тарқалган кишилар характери тарихий, ижтимоий ва маиший шароит фонида зўр маҳорат билан тасвир этилган. Белинскийнинг эътироф этишича, “бу роман Россиянинг саводи бўлган барча аҳолиси томонидан ўқиб чиқилган”.
Дўстларининг ёрдами билан Пушкин 1823 йилда Кишинёвдан Одессага – генерал-губернатор М.С.Воронцов хизматига ўтади. Аммо бу ерда ҳам у ўзини эркин ҳис этмайди. Сургун мақомидаги ҳолати унга сира тинчлик бермасди. Бундан ташқари, М.С.Воронцов билан ўрталаридаги ўзаро муносабат тобора кескинлашиб борарди. Манман, такаббур, кибр-ҳаволи амалдор Пушкинни сиёсат борасида омади юришмаган бир кимса сифатида қабул қилади. Уни шоир сифатида тан олмайди. Ўзини эл севган шоир деб билган ғурури баланд Пушкин бу димоғдорнинг ҳақоратомуз муносабатини ҳазм қилолмайди. Шоирнинг унга атаб ёзилган кичкина ҳажвий шеъри муносабатларни янада таранглаштиради:
Ярим милорд, ярим тужжор,
Ярим оқил, ярим нодон,
Ярим пасткаш, аммо бир кун,
Ақли албат бўлур равон. (Муаллиф таржимаси)
Бу шеър Воронцовнинг ғазабини қайнатади, тезроқ ундан қутулиш чораларини излайди ва ташқи ишлар вазирига Пушкин ўзининг ножоиз қилиқларию тузумга қарши ёзишмалари билан жамиятга сиёсий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатаяпти, деган мазмунда хат йўллайди. Шоирни ерга уриш, иззат-нафсига тегиш учун уни чигирткаларга қарши курашга сафарбар қилади. Воронцовнинг бундай йўл тутишини Пушкин таҳқирлаш, ҳақорат деб қабул қилади ва ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзади. Хуллас, Пушкин “номуносиб хулқи учун” хизмат вазифасидан озод этилиб, Михайловское қишлоғига сургун қилинади. Иккинчи марта тазйиққа учраган шоир қисқа муддатли руҳий эзилишдан сўнг мутолаага берилиб, шу атрофдаги аҳолининг эртак ва қўшиқларини тўплайди, “Борис Годунов” трагедияси, “Граф Нулин” достони ва бошқа кўплаб шеърларини ёзади.
Пушкиннинг рус адабиёти олдидаги хизматлари ортгани ва ижодий фаолияти янада гуллаб-яшнагани сайин унинг атрофидаги қора кучлар тобора бирлаша ва фаоллаша бошлайди. Охир-оқибат улар ўзларининг машъум ниятларига етишади. Пушкин билан Дантес дуэли уюштирилиб, улуғ рус шоири, эрк куйчиси ҳаётдан анча эрта кўз юмади.
Пушкиннинг рус маданияти ривожидаги роли ниҳоятда улкан. Унинг асарларини бугун бутун дунё халқлари ўқиб, баҳра олаяпти. Таъкидлаш ўринлики, эрк, Ватан, муҳаббат, адолат мавзулари тараннум этилган шеърлари шоир номини абадият саҳифаларига муҳрлаб қўйди.
Пушкин шеърияти Ўзбекистонда ҳам севиб ўқилади. Унинг деярли барча асарлари улуғ адибларимиз томонидан юксак маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилинган.
Мусо МУРОДОВ