Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида ҚИЛИЧЕВА,

15.02.2017


РУС ШЕЪРИЯТИНИНГ ОФТОБИ

6 июнь – Пушкин таваллуд топган кун. Бу сана ўқув муассасаларида, ташкилотларда қизғин тайёргарлик, катта тантана билан нишонланди. Мазкур тадбирларда иштирок этган ҳар бир зиёли, ҳар бир ёш қалбида жўш урган буюк рус шоирига эҳтиром, унинг ижодига чуқур муҳаббат туйғулари ранг-баранг чиқишларда акс этди, тилаклар, табрикларда ўз ифодасини топди.

Қарши санъат коллежида рус халқининг атоқли шоири таваллудининг 217 йиллигига бағишланган мусиқий кеча “Буюк рус шоири” деб номланди. Жаҳон адабиётида муносиб ном қолдира олган Пушкин ижоди билан ёшларни янада кенгроқ таништириш, уларда адабиётга бўлган муҳаббатни юксалтириш, шоир асарларининг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган кечада коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, адабиётга ихлосманд ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда Пушкин ҳаёти ва ижоди тўғрисида йиғилганларга қизиқарли турфа маълумотлар берилиб, шоир ижодига назар ташланди. Таъкидланганидек, Пушкин асарлари ҳар биримизга болаликданоқ маълум. Унинг “Шоҳ Салтан ва шаҳзода Гвидон ҳақида эртак”, “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак” каби болаларга бағишланган асарлари чин маънода эзгуликни  тарғиб этувчи ижод намуналаридир.

- Мен Пушкиннинг асарларини севиб ўқийман, болалигимдан унинг кўплаб шеърларини ёд олганман, - дейди Қарши санъат коллежининг I босқич ўқувчиси Бобур Тошпўлатов. – Менга, айниқса, “Дубровский”, “Евгений Онегин” каби асарлари, “Чаадаевга”, “Эсимдадир ажиб дам ҳали…” сингари шеърлари жуда ёқади.

Тадбир давомида коллеж ўқувчилари томонидан шоир ижодига мансуб шеърлар ифодали ўқилди, рус тилида турли романс ва  ариялар куйланди.

***

Қарши шаҳридаги вилоят ёшлар марказида “Буюк рус шоири” лойиҳаси доирасида ўзбек ва рус миллатларининг узоқ тарихга эга дўстона муносабатининг ёрқин ифодаси сифатида ташкил этилган тадбирда “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши қошидаги “Истеъдод чорлови” шеърият клуби аъзолари, вилоятимизнинг  таниқли шоир ва адиблари иштирок этишди. Унда Пушкин ижоди ва ҳаёти ҳақида гапирилди, шеърлари ёд ўқилди. 

- Маълумки, жаҳон адабиёти тарихида ўзининг такрорланмас асарлари билан мухлислар қалбини забт этган забардаст ижодкорлар камдан-кам топилади, - дейди тадбир қатнашчиси Азиза Қўзибоева. – Бугунги шоир ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларни тинглаб, Пушкин ана шундай топилмас ижодкор эканига яна бир марта амин бўлдим.

Шунингдек, тадбир давомида Пушкин асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган ўзбек адабиёти дарғалари - Миртемир, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия қаламига мансуб таржималардан парчалар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

***

Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган бадиий кечага мактаб ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабалари ҳамда зиёлилар, адабиёт ихлосмандлари таклиф этилди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳамда рус миллий маданий маркази ҳамкорликда ўтказган ушбу тадбир Пушкин ижодини тарғиб этиш, шу орқали миллатлараро тинч-тотувлик, ҳамжиҳатликни  намоён этишга бағишланди.

Бадиий кечада сўз олганлар рус шоирининг адабиётга таъсири, унинг ижодий мероси, буюк истеъдоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Пушкинни ўрганиш – рус тилини ўрганиш, рус адабиётини билиш эканини таъкидлашди.

Пушкин ижодининг бош ғоясини ташкил этадиган инсонийлик, юксак маънавий-маърифий фазилатлар барча халқлар учун бирдай севимли, ҳар бир зиёли, маънавиятли инсон учун бирдай қадрли. Айнан шу боис Пушкин ижодига ўрта мактаб дастурида ҳам, таълимнинг кейинги босқичларида ҳам алоҳида ўрин ажратилади, ўрганилади.

- Шоир ижоди бамисоли денгиз, у худди уммон каби жўшқин, - дейди Қарши шаҳридаги 41-мактабнинг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Зулфия Темирова. – Унинг денгиз ҳақида ёзилган шеърлари, менинг назаримда, Пушкиннинг руҳини тасвирлаб беради, бизга унинг туйғулар жўш уриб турган оловли қалбининг ёлқинини чизиб бергандай бўлади. Пушкин ижодини ўрганишга бағишланган дарс соатларида айни шу жиҳатни ўқувчиларга сингдиришга уринаман. Шоирнинг исёнкор “мен”ини англашга ўргатаман.

Тадбир давомида Қарши шаҳридаги 1-, 2-, 9-, 11-, 12-, 15-, 23- ҳамда 41-мактабларнинг русийзабон синфларида таҳсил олаётган ўқувчилари томонидан тайёрланган дастур намойиш этилди. Ўқувчилар саҳнада Пушкин даври ҳаёти, одат ва анъаналарини жонлантиришди. Шоир ҳаёти чизгилари: болалик йиллари, машҳур Царский қишлоғи лицейида ўтган ўсмирлик чоғлари, сургун даври, шоир ижодида ёрқин из қолдирган Болдино кузи, 1837 йилда Пушкин ҳамда Дантес ўртасида кечган машъум дуэль ва шоир ўлими саҳнада ўз аксини топди. Ўша давр аслзодалари ҳаёти – зиёфатлар, баллар ифодалаб берилди. Шоир асарларидан парчалар ижро этилди. Айниқса, шоирнинг “Руслан ва Людмила”, “Евгений Онегин” каби асарларидан саҳналаштирилган парчалар барчада қизғин таассурот қолдирди.

- Пушкин Татьянаси менда бу асарни илк бора ўқиганимдаёқ катта таассурот қолдирганди, - дейди Татьяна образининг саҳнадаги ижрочиси, Қарши шаҳридаги 41-мактаб ўқувчиси Хумора Ҳақбердиева. – У Онегинни чин дилдан севади, бироқ ўзининг аёллик бурчига содиқ қолиб, уни рад этади. Татьяна – ҳақиқий ҳурматга сазовор образ. Мен бугунги тадбирда айни шу қаҳрамонни гавдалантирганимдан мамнунман.

Тадбирда янграган рус халқ куйлари, романс ва қўшиқлар, маҳорат билан ижро этилган рус миллий ва бал рақслари йиғилганлар томонидан қизғин қарши олинди.

Шу каби тадбирлар вилоятимиздаги бошқа ташкилотлар, ўрта махсус ўқув муассасаларида ҳам катта тайёргарлик билан ўтказилди. Якунловчи тадбир сифатида “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Буюк рус шоири” акцияси эса вилоятимиздаги санъатсевар, адабиётсевар ёшларни ўзида бирлаштиргани билан аҳамиятли бўлди. Акция давомида шоир шеърларидан намуналар, ёш ижодкорларнинг Пушкин ҳақида ва ундан илҳомланиб ёзилган шеърий машқлари ўқилди. “Қувноқлар ва зукколар” жамоаларининг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Тадбир якунида фаол иштирокчилар “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Хуршида ҚИЛИЧЕВА,

Соҳиба СУЮНОВА, Дилфуза ЖУМАЕВА

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo