"Авесто" - "ўрнатилган қонун-қоидалар, ҳаётнинг асосий йўриқномаси, йўли" деган маънони англатади. Унинг яратилиши милоддан аввалги 630-533 йилларда яшаган Спитамон Зардушт номи билан боғлиқ. Абу Райҳон Берунийнинг эътироф этишича, "Авесто" зардуштийлар таълимотининг асосчиси Зардушт вафотидан кейин коҳинлар томонидан 12 минг мол терисига тилла ҳарфлар билан битилган. Асарнинг тўлиқ шакли Эрон шоҳининг оташхонасида сақланиб, Александр Македонскийнинг ушбу ўлкага юриши вақтида ёқиб юборилган. "Авесто"нинг бешдан икки қисмигина бизгача етиб келган.
Қолган парчалари ва оғзаки ижодда сақланган хотиралар асосида тиклангани милоддан аввалги III асрда ҳамда Хисрав биринчи ҳукмронлиги, яъни 531-573 йилларда паҳлавий тилида "Зенд Авесто" ("Авесто шарҳи") номида китоб қилинган. Кейинчалик француз, немис, инглиз, рус тилларига ва ниҳоят 2001 йилда ўзбекчага таржима қилинган. "Авесто" дастлаб 21 китобдан иборат бўлиб, ҳозирда унинг Ясна ("Қурбонлик келтириш"), Висперат ("Ҳамма ҳукмронлар"), Яшт ("Қадрлаш", "Улуғлаш") ва Вандевдот ("Девларга қарши қонун") қисмлари сақланиб қолган. Бу асар ўлкамиз ва халқимиз ҳаётига оид илк ёзма тарихий манба ҳисобланади.
Асардаги воқеалар Арианам Вайжа, яъни Катта Хоразм деб аталган мамлакатда рўй бериб, бу давлат Бақтрия, Марғиёна, Сўғдиёна ва Хоразмни ўз ичига олган.
Асарда инсон, жамият ва давлат ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий-маданий муносабатларнинг муайян бир тартиби ҳақида фикр юритилади. "Авесто"га кўра, жамият тўрт қисмга - оила, уруғ, қабила ва қабилалар иттифоқига бўлинган. Жамият аъзолари коҳинлар, жангчи аскарлар, чорвадорлар ва ҳунармандларга бўлинган. Оилага жамиятнинг асосий бўғини сифатида қаралиб, ривожланиш оилаларнинг мустаҳкамлиги, никоҳ ва оилавий бурчнинг мавжудлиги ҳамда инсон зотининг давом этишига боғлиқ, деб кўрсатилган. Ҳаётдан оила қурмай ва фарзанд кўрмай ўтиш қораланган.
"Авесто"да тўртта асосий масала - инсонларнинг ижтимоий фаоллиги, жамият ва давлат бошқарувидаги иштироки, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги ҳамда хусусий мулк масалалари алоҳида ажратиб кўрсатилади. Уруғлар қабилаларга, қабилалар қабилалар иттифоқига бирлашган. Қабилалар иттифоқи қабилалардан сайланган оқсоқоллар, яъни Оқсоқоллар кенгаши томонидан бошқарилган. Давлатчилик - энг қадимий адолат ва инсоний бахт-саодат ҳукмрон бўлган, эзгулик ва ёвузлик руҳлари ўртасида адолат учун кураш кечган ҳамда ақл-идрок ва адолат тантана қилган даврдан иборат. Асарда эзгулик худоси Ахурамазда ва ёвузлик худоси Аҳриман таърифланган.
Фирдавсий ва Берунийнинг тасвирича, Зардушт Эрон шоҳи Виштаспга ўз дини афзаллигини исботлаб бергач, Эрону Туронда зардуштийлик дини жорий қилинади. Бу ҳудудлардаги шаҳар ва қишлоқларда оташкада-ибодатхоналар қуришади. Бу динга мансуб кишилар қуёш, олов, ер, сув ва ҳавони муқаддас ҳисоблаб, уларга сиғинганлар. Ер, сув, ҳавони ифлослантиришни катта гуноҳ ҳисоблашган.
"Авесто" зардуштийлик динининг асосий манбаи ҳисобланади. Ушбу диннинг муқаддас байрамларидан бири Наврўз биз қатори кўплаб мамлакатларда баҳорги тенгкунлик - 21 мартда нишонлаб келинади. Зардуштийлик таълимоти бўйича ҳар бир инсон эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалга риоя қилиб яшаши керак.
Туркий халқлар ва уларнинг тили ҳақида муҳим маълумотлар берувчи асарлардан бири Маҳмуд Кошғарий (1029-1101)нинг "Девону луғатит турк" ("Туркий сўзлар девони") асаридир. Ушбу манба жаҳон ҳамжамияти томонидан энг мўътабар асарлар рўйхатига киритилган. Туркий тилшуносларнинг нодир ёдгорлиги ҳисобланади. Асар араб тилида ёзилган бўлса-да, туркий тилнинг бойлиги, мазмундор ва ранг-баранглигини кўрсатиб бергани билан эътиборли.
"Девону луғатит турк" муқаддимасида туркий тилли халқларнинг номлари бирма-бир баён қилинган. Кошғарий шундай ёзади: "Ғарбда Рум чегарасидан Шарқда Чин ичигача бўлган ҳудудда турк уруғ ва қабилалари шу тартибда жойлашган: печенег, қипчоқ, ўғуз, йемек, бошқирд, басмил, қайи, ябақу, татар, қирғиз, чигил, тўхси, яғмо, уғроқ, чаруқ, чўмул, уйғур, тангут, хитой". Ҳозирги вақтга келиб бу уруғ номларининг кўплари ўзгариб кетган.
Девонда туркий халқлар яшаган жойларни кўрсатувчи доира шаклидаги харита ҳам келтирилган. Харита ҳозирги Шарқий ярим шар, Сибирдан Ўрта ер денгизигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олади. Туркий халқлар бу ҳудудларда бир қисми ўтроқ ва бир қисми кўчманчи бўлиб яшаган. Милоддан аввалги VI асрдан милоднинг II асригача Ўрта Осиёдан Қора денгизгача бўлган ҳудудда ҳукм сурган Саклар империяси, унинг ҳукмдори Алп Эр Тўнға (Афросиёб) тўғрисида маълумотлар бор. Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сида айтилишича, бу империяни эронликлар Турон деб аташган.
Шунингдек, асарда келтирилган харитада мамлакатлар, шаҳару қишлоқлар, тоғу чўллар, довону денгизлар, кўлу дарёларнинг номлари айтиб ўтилган. Ўсимлик ва ҳайвонот олами, турли маросимлар, урф-одатлар, ўйинлар, кийимлар ва бошқа нарсалар ҳақида ҳам маълумотлар бор.
"Девону луғатит турк"нинг луғат қисмида туркий халқларнинг тили ҳамда улардаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар ёритилиб, олти мингдан ортиқ туркий сўзларга изоҳлар берилган. Кўплаб мақолу ҳикматлар ва шеърий парчалар ўз ифодасини топган. Масалан, амалдорларга қарата "Даража ва мартаба топсанг хулқингни чиройли қил; амирлар олдида яхшилик етказувчи, халқнинг ишларини яхши қабул қилувчи бўл" дейилган.
Юртимиз тарихи ҳақида ёзилган асарлар орасида Сергей Павлович Толстовнинг "Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб" асари муносиб ўрин тутади.
Сергей Толстов 1907 йилда Санкт-Петербургда туғилиб, 1976 йилда вафот этган. Тарихчи 1936 йилда бир гуруҳ олимлардан иборат экспедиция билан юртимизга келиб, бу ўлкага чексиз меҳр қўйган ҳолда илми ва ҳаётини Шарқ ва қадимий Хоразмни ўрганишга бағишлаган. Унинг Шарқ халқлари тараққиётига оид тарих, археология ва этнография фанлари соҳасини ўзида мужассам этган "Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб" асари 1964 йилда нашр этилган.
Сергей Толстов Хоразм заминини ўрганишга оид хулосалари ва "Хоразм - Ўрта Осиёнинг Мисри, Амударё - Нил каби табиат ато этган буюк туҳфа" каби холисона фикрлари билан халқимизнинг илм-фан, маданият, санъат, шаҳарсозлик ва давлатчиликка оид тарихи узоқ ўтмишларга бориб тақалишини исботлаб берди. Ғарбпараст олимларнинг Шарқ халқлари тараққиётини инкор этувчи ғояларини йўққа чиқарди. Юртимизда тарих ва археология фани ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб, кўплаб шогирдлар тайёрлади.
Асар археологик тадқиқотлар асосида, уларни халқимиз тарихига оид қўлёзма манбалар, халқ оғзаки ижоди, халқ орасида тарқалган афсона ва ривоятлар билан таққослаган ҳолда ёзилган. Кўплаб қадимий қалъалар, иншоотлар ва буюмлар аниқланиб, ўрганилган. Юртимиз ҳудудида яшаган, яшаётган ва кўчиб кетган халқлар, уларнинг яшаш тарзи, тили, маданияти ва санъати, Хоразм табиати ва суғориш тизими ҳамда кўплаб бошқа маълумотлар ёритиб берилган.
Сергей Толстов туркий, форсий тилларни ва халқимиз тарихини яхши билиши билан бирга, урф-одатларимиз ва ислом тарихидан хабардор бўлган. Хоразмлик зиёлилар "Сергей оға"ни катта ҳурмат ва муҳаббат билан эслаб турадилар. Сергей Толстов ва унинг сафдоши, рассом Игорь Витальевич Савицкий ташаббуси билан Нукус шаҳрида Хоразм тараққиёти, маданияти ва санъатига оид минглаб буюмлар жамланган дунёга машҳур музей ташкил этилган. Ушбу музей ҳозирги вақтда Игорь Витальевич Савицкий номи билан аталади.
Айтишларича, Сергей Толстов кейинчалик Ломоносов номидаги Москва давлат университетида талабаларга дарс берган. Умри охирига қадар юртимизнинг гўзал бир ҳудуди - Хоразм заминидан кўнглини узмаган. Ўлимидан бир кун олдин ҳам шу юрт ҳақида сўзлаб, унда етиштирилган қовун сўраган ва ўлимидан кейин жасадини Хоразмга дафн этишни илтимос қилган экан. Аммо бу икки истак ҳам амалга ошмаган. Унинг халқимиз олдидаги хизматини чуқур эҳтиром билан эътироф этмоқ керак.
Абдишукур ОМОНОВ