Бугунги кунда мазкур хўжалик таркибида 6 та бўлим мавжуд. Уларнинг умумий майдони 54 минг 670 гектарни ташкил қилади. Деновбола, Қавзахона, Матмон, Сиёб, Ҳазрати Башир, Мингчинор ва Макрид бўлимларида турли хилдаги кўчатлар ва доривор ўсимликлар парваришланмоқда. Шу билан бир қаторда, бу яшил ҳудуд табиатнинг мусаффо ҳолда сақланиши таъминланган, турли жонивору қушлар мустаҳкам макон деб билиб, улар кўпайиши, яшаши учун шароит яратилган маскандир.
- Аслида ўрмон хўжаликларининг асосий вазифаси – мавжуд ўрмонларни асраш ва янгиларини барпо этишдангина иборат эмас, - дейди вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Элбек Пўлатов. – Балки шу ҳудуддаги жонивору қушларнинг эркин кўпайишига ҳам замин яратишдир. Бу эса табиатдаги биохилмахилликни асрашда, табиат занжири узвийлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Хўжалик ходимлари билан суҳбатлашсангиз, улар ўзларининг назоратлари остидаги бу улкан ҳудудда кўпгина ноёб турдаги жонивору қушлар, ўсимликлар борлигини фахр билан тилга олишади. “Ҳозирги пайтда бизнинг ҳудудда қўнғир айиқ, тўнғизларнинг кўпайгани кузатилаяпти, бу эса мазкур жониворлар айни шу ерда ўзлари учун қулай макон топганларидан далолат”, дейди улар. Албатта. Табиатдаги мувозанатни бир зайлда сақлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказмаслик, аксинча, уларнинг эркин яшаб-кўпайиши, ривожланиши учун шароит яратиш йўлида олиб борилаётган тадбир-ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани қувонарлидир.
28 ТУРДАГИ ДОРИВОР ЎСИМЛИК ПАРВАРИШЛАНАЯПТИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 январдаги “2015-2017 йилларда ўрмон хўжаликлари тизимини ривожлантириш, доривор ва озуқабоп ўсимликлар хомашёсини етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ўрмон хўжаликлари фаолияти янада такомиллаштирилиб, уларда шифобахш ўсимликлар парваришланадиган плантациялар майдони кенгайтирилди. Шу соҳанинг мутахассислари жалб этилиб, хўжаликларда она заминимизда ўсадиган кўплаб турдаги доривор ўсимликлар етиштирилиши йўлга қўйилди.
Бу борада Китоб давлат ўрмон хўжалигида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хўжаликка қарашли бўлимларда ҳар йили 40-50 гектардан зиёд майдонда 28 турдаги доривор ўсимликлар етиштирилади. Бундан ташқари, хўжаликнинг ўрмон фонди ерларида 18 турдан зиёд доривор ўсимликлар табиий ҳолда ўсади ва улар ҳосили йиғиб олинади.
- Табиий ҳолда ўсаётган доривор хусусиятли гиёҳларнинг кўп миқдорда терилиши оқибатида уларнинг кўпайиши ва яшовчанлигига зиён етиши мумкин, - дейди хўжаликнинг доривор ўсимликлар мутахассиси Дилафрўз Эшонқулова. – Шуни ҳисобга олган ҳолда кейинги йилларда ўрмон хўжаликларида ёввойи ҳолда ўсувчи шифобахш ўсимликларни етиштириш йўлга қўйилди. Бизнинг хўжалигимизда 2015 йилда 8,5 гектар майдонда шундай плантациялар ташкил қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 49,3 гектарга етди.
Шаҳрисабз-Китоб йўлидан ўтсангиз, чап томонда доривор ўсимлик – тирноқгул плантацияларига кўзингиз тушади. Кўпчилигимиз бу гулни яхши биламиз, ҳовлиларда “гулҳамишабаҳор” дея ардоқланиб экиладиган, қизғиш-сариқ митти гуллари эрта баҳордан то кеч кузгача очилиб тураверадиган бу ўсимликнинг номи аслида тирноқгул (календула) бўлиб, ўсимлик кўплаб касалликларга даво.
- Тирноқгул саватчалари май ойида йиғиб олинади, - дейди Дилафрўз Эшонқулова. - 3 гектар майдонда экканмиз. Хомашёни асосан “Қашқадарё дори-дармон” АЖ корхоналарига шартнома асосида топширамиз. Ўзимизда фаолият кўрсатаётган “КитобФарм” корхонаси ҳам асосий харидорларимиздан.
Хўжалик плантацияларида бундан ташқари анзур пиёзи, далачой, равоч, тоғрайҳон, андиз, наъматак, аччиқ бодом, қизил дўлана, қизил лавлаги, ширинмия, чаканда, жийда, чилонжийда, зирк, кийик ўти сингари дориворлар ҳам етиштирилади. Улар ҳам шифобахшлиги, ҳам озуқавий аҳамиятга эгалиги билан муҳим хомашёдир.
Маълумки, шифобахш хусусиятларга эга ўсимликлар хасталикларни самарали даволаш баробарида инсон организми учун безарар ҳисобланади. Қолаверса, фармацевтика саноатида муҳим бўлган хомашё сифатида ўзимизда етиштирилгани ишончли ва арзон. Бундан ташқари, бундай қимматли хомашёни экспорт қилиш имконияти ҳам бор. Барча бўлимларда етиштирилган доривор ўсимликлар ҳосили йиғиб олиниб, хўжаликнинг махсус омборида сақланади ҳамда шу ердан буюртмачи ва истеъмолчиларга етказилади.
- Маълумки, 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳасига кўра, мамлакатимизнинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш белгиланган, - дейди Дилафрўз Эшонқулова. – Шу жумладан, бизнинг хўжалигимизда ҳам бу ноёб доривор ўсимлик экилиши учун 4 гектар ер майдони ажратилган. Ҳадемай, ёз ойларида экилади. Ҳозирда заъфаронни парваришлаш йўл-йўриқлари, ўсимликнинг ўзига хос табиати ҳақида маълумотлар тўплаб, ўрганаяпмиз. Ноёб турдаги ўсимликни парваришлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, заъфарон эса табиатан нозик ва инжиқ ўсимлик. Унинг туганаклари ёзда экилади, кузда тупроққа яхшилаб ўрнашиб олади. Аммо биринчи йили унинг ҳосили кам миқдорда бўлади – гектарига 5-6 килограммдан тўғри келаркан. Иккинчи йили яхши парваришланса, гектаридан 18-20 килограммдан ҳосил олиш мумкин. Албатта, бу ишнинг меҳнати осон эмас, аммо даромади шунга яраша катта бўлади.
Демак, яқин келажакда хўжаликда етиштирилаётган доривор ўсимликлар сони яна биттага кўпаяди.
ХАНДОН ПИСТА ҚАНДАЙ ЭКИЛАДИ?
Плантацияларни айланиб, йўналишни хўжалик кўчатхонаси – Макрид ишлаб чиқариш участкасига бурдик. Туман марказидан 18 километр масофадаги сўлим Макрид қишлоғида жойлашган 63 гектар участкада 40 дан зиёд мевали-манзарали дарахт кўчатлари парваришланмоқда. Бунга қўшимча равишда 0,5 гектар майдонда шифобахш ўсимлик – топинамбур етиштирилаётган экан.
- Каштан, ясень, Қрим қарағайи, компакт туя, катальпа, эман сингари манзарали дарахтлар қаторида ўрик, бодом, нонжийда, чилонжийда, 3 навдаги олма кўчатлари, шунингдек, гилос, олхўри каби ниҳолларни парваришлаяпмиз, - дейди участка бўлим бошлиғи Ислом Сафаров. – Бу кўчатлар шартнома асосида аҳоли томорқалари ва давлат ташкилотларига етказиб берилади.
Бу ерда нисбатан тансиқ, кўпчиликнинг севимли меваси ҳисобланган хандон писта экилаётганининг устидан чиқдик. Жараённи кузатиб, шуни англадимки, хандон пистани етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Унинг уруғи дастлаб клеёнкадан қилинган 35 сантиметрлик махсус ўрам – “стакан”га экилади. Уруғ униб чиқиб, 4-6 барг ёзгачгина тайёрланган майдонга ўтказилади, шунда ҳам “стакан”даги тупроғи билан бирга. Акс ҳолда, бу инжиқ ўсимлик ниҳоли янги муҳитга мослаша олмай, тезда нобуд бўлиши мумкин.
- Писта уруғи экилганидан сўнг 15-20 кунда кўкаради, - дейди боғбон Эргаш Холиқов. – Уруғларга кунора сув берилади. “Стакан”нинг нега айнан 35 сантиметрлиги танланишига келсак, бу пистанинг ўзига хос хусусияти билан боғлиқ. Яъни экилган уруғ 1 сантиметр юқорига ўсса, 10 сантиметр пастга ўсади. Бошқа дарахтлар сингари унинг ҳам аввало илдизи эркин ўсиши, ерга чуқурроқ ўрнашиши керак.
Маълумки, хандон пистанинг озуқавий хусусиятлари мўл. Дарахти эса бошқа дарахтларга қараганда узоқроқ умр кўради. Навларига қараб, экилганидан сўнг 7 ёки 12 йилда ҳосилга киради. Хўжалик ходимларининг айтишларича, ўтган йили мазкур участкада 7 минг туп писта кўчати етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 10 минг тупга етказилиши режалаштирилган. Экишга тайёр бўлган ниҳоллар хўжаликнинг бошқа бўлимларига етказиб берилади. Хандон писта тоғли ҳудудда яхши ўсгани учун экишга айни шундай жойлардан майдонлар ажратилган.
- Бошқа турдаги кўчатларимизга ҳам талаб юқори, - дейди хўжаликнинг ўрмонларни қайта тиклаш муҳандиси Мирмуҳсин Бобоев. – Ҳозирги талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, бўйи 1,5-2 метрга етган кўчатларни харидорларга етказиб бераяпмиз.
Хуллас, Китоб давлат ўрмон хўжалиги нафақат ўлкамизни боғу бўстонга айлантиришда, балки унинг иқтисодини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутиб келаётган яшил ҳудудлардан биридир. Шу билан бирга, табиат бойликларини асраш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини кўпайтиришда бу ҳудуднинг аҳамияти катта.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА
Муаллиф олган суратлар.