Мазкур механизм амалда қандай қўлланишини ишлаб чиқариш тармоғи мисолида кўрайлик. Сир эмас, бугунги кунда ишлаб чиқариш мураккаб жараёнларни қамраб олувчи жабҳа ҳисобланади. Хом ашё тайёр маҳсулот кўринишига келгунга қадар бир неча қайта ишловдан ўтади. Масалан, енгил саноат соҳаси. Маълумки, устимиздаги кийим-кечак ўз-ўзидан дарров тайёр ҳолга келиб қолмайди. Дастлаб пахтадан тола олинади, тола саноат усулида қайта ишланиб, ип йигирилади, ундан мато тўқилади. Сўнгра ранг берилган мато бичилиб, кўйлак тикилади.
Демак, одатда мазкур жараёнда бир қанча субъект иштирок этади. Текстиль корхонаси толани пахта тозалаш заводидан харид қилади. Етарли миқдорда ип йигириб бўлгач, маҳсулотни тўқимачи корхонага сотади. Ўз навбатида мато ишлаб чиқарувчи ҳам жараённинг кейинги қатнашчиси - тикувчилик фабрикасини ярим тайёр хом ашё билан таъминлайди. Шу орқали ишлаб чиқариш занжири юзага келади.
Энди шулар мисолида қўшилган қиймат солиғини тахминан ҳисоблаб кўрсак. Айтайлик, пахтани қайта ишловчи завод толани йигирувчи корхонага 100 миллион сўмга, ҚҚСни ҳам қўшиб ҳисоблаганда эса жами 120 миллион сўмга сотди. Турган гапки, ишлаб чиқарувчи ип-калавани реализация қилаётганда толани йигириш учун кетган харажатларни инобатга олади. У ўз маҳсулотига 10 миллион сўм устама қўйди, дейлик. Агар у ҳам ҚҚС тўловчиси бўлса, ип-калавани тўқимачи фабрикага жами 132 миллион сўмга (шундан қўшилган қиймат солиғи 22 миллион сўмни ташкил этади) етказиб беради. Текстиль корхонаси аввалдан тўлаб берган 20 миллион сўмлик ҚҚС суммаси эса ип-калава таннархида ҳисобга олинмайди. Фақатгина маҳсулот устига "миндирилган" устама (10 миллион сўм)дан солиқ, яъни 2 миллион сўм тўланади.
Тўқимачи корхона ҳам ип-калавадан мато тўқиш учун салмоқли харажатни амалга оширди ва жами маҳсулот қийматига 22 миллион сўм устама белгилади. Матони 20 фоизлик ҚҚСни ҳисоблаган ҳолда кўйлак тикувчи тадбиркорлик субъектига умумий ҳисобда 158,4 миллион сўмга сотди. Бунда товар нархида ҚҚС улуши 26,4 миллион сўмдан иборат бўлди. Қандай қилиб, дейсизми? Тўқимачи фабрика шу пайтгача илгариги икки субъект томонидан тўланган 22 миллион сўм қўшилган қиймат солиғини ўз маҳсулоти - мато таннархига тиркамасдан, фақат қўйган устамадан солиқ тўлади. Бунда 22 миллион сўмдан 4,4 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи ҳосил бўлди.
Охирги босқичда тикувчилик фабрикаси ихтиёрига келиб тушган матодан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилди. Тадбиркор сарф-харажатни чўтлаб, умумий маҳсулотга 19,8 миллион сўм устама қўйилса, фойда кўришини эътиборга олди. Бу субъект ҳам ҚҚС тўловчиси эканини ҳисобга олсак, охирги истеъмолчига умумий маҳсулот 182,2 миллион сўм баҳосида етиб боради. Мазкур қийматда 30,4 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келади. Тикувчилик фабрикаси хўжайини ҳам аввалгиларда бўлгани каби ўзи белгилаган устамадан солиқ тўлайди, холос. Яъни ишлаб чиқариш тармоғининг илгариги иштирокчиларидан ундирилган 26,4 миллион сўм ҚҚС суммаси пировард тайёр маҳсулот таннархига қўшилмасдан ҳисоб-китоб қилинади.
Демак, ҚҚСни ҳисобга олиш орқали бюджетга жами 30,4 миллион сўм солиқ ундирилади. Шундан пахтани қайта ишлаш корхонаси 20 миллион сўм, ип-калава ишлаб чиқарадиган корхона 2 миллион сўм (биринчисига қўшсак, 22 миллион сўм ҚҚС), тўқимачи корхона - 4,4 миллион сўм (аввалгиларга қўшсак, 26,4 миллион сўм ҚҚС) ва кўйлак тикувчи корхона - 4 миллион сўм (жами 30,4 миллион сўм ҚҚС) тўлайди.
Энди эса шу корхоналарнинг иккитаси ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаса, аҳвол қандай бўларди? Биринчидан, ўртадаги занжир узилади ва ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси "йўқолиб қолади". Натижада охирги маҳсулотнинг, яъни кўйлакнинг нархи ошиб кетади.
Мисол учун, биз кўриб чиққан занжирда ип-калава ишлаб чиқарувчи корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланмасин. Бунда тўқимачи корхона олган ип-калава учун тўлаб берилган 132 миллион сўмни (ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда) жами харажатларига қўшади ва ташкил топган қийматга (132 миллион сўм плюс 26,4 миллион сўм бошқа харажат ва устамаси, жами 158,4 миллион сўм) 20 фоиз ҚҚСни ҳисоблаб, кўйлак тикувчи корхонага жами 190 миллион сўмга (шундан ҚҚС суммаси 31,7 миллион сўм) реализация қилади.
Тикувчилик корхонаси (ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаса) матодан кўйлак тикади ва унга 23,8 миллион сўмлик харажатлари ҳамда устамасини қўшиб, 20 фоиз ҚҚС ҳисоблаган ҳолда охирги истеъмолчига жами 218,6 миллион сўмга (шундан ҚҚС суммаси 36,4 миллион сўм) реализация қилади. Бунда тўқимачи корхона тўлаб берган 31,7 миллион сўм ҚҚС суммаси кўйлак таннархига қўшилмасдан ҳисобга олинади.
Бундан кў-риниб турибдики, юқоридаги ишлаб чиқариш занжирида атиги битта бўғин узилиши якуний тайёр маҳсулот ҳисобланган кўйлакни охирги истеъмолчига сотиш нархи ортиқча 36,3 миллион сўм ўсишига олиб келмоқда.
Аслида эса ишлаб чиқариш тармоғида бундай бўғинлар сони ва бўғинларнинг узилиши ҳолатлари биз кўриб чиққан мисолга нисбатан анча кўпроқ учраши мумкин. Бу эса маҳсулот таннархи ошиши ҳамда корхона фойдаси камайишига олиб келиши муқаррардир.
Унутмангки, қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланиб, Сиз мамлакат иқтисодиётида кучли кооперация ривожига, ошкора тадбиркорлик фаолияти кенгайишига ва давлат бюджети барқарорлигига катта ҳисса қўшган бўласиз!
Акмал САИДОВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи,
М.ШУҲРАТОВ