Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Сўнгги икки кунда вилоятда коронавирус юқтиргани айтилаётган беморлар асли қаерлик? Косонда ҳам касалланиш қайд этилдими?

12.06.2020


Сўнгги икки кунда вилоятда коронавирус юқтиргани айтилаётган беморлар асли қаерлик? Косонда ҳам касалланиш қайд этилдими?

Муносабат

Хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 июнь куни  Қашқадарёда аҳоли орасида коронавирус юқтирган бемор аниқлангани, эртаси куни Муборакдаги хорижий корхонанинг 28 ходимида ҳам мазкур инфекция аниқлангани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо аҳоли орасидан чиққан бемор ва 28 ишчи қаерлик экани хусусидаги савол очиқ қолаётган, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси эса бунга расмий муносабат билдирмаётган эди. Ниҳоят, бошқарма ахборот хизмати қайд этилган ҳолатлар юзасидан изоҳ берди:

 “Ижтимоий тармоқларда кейинги кунларда вилоятимизда коронавирусга чалинган беморлар ҳақида аҳоли орасида турли миш-мишлар кўпайганлиги, вилоятдаги расмий манбалар бу борада ўз вақтида муносабат билдирмаётганлиги ҳақидаги эътирозлар пайдо бўлди.

 Уларга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ва хусусан, вилоятимизда коронавирусга чалинган беморлар ҳақидаги ахборотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигида умумлаштирилиб, таҳлил қилиниб, вазирлик расмий каналлари орқали тарқатилмоқда. Бу орқали турли чалкашликлар ва тушунмовчиликларга барҳам бериш имконияти яратилган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу касалликка оид барча маълумотларни кун давомида узлуксиз янгилаб бормоқда. Фуқароларимиздан фақат расмий маълумотларга таянишларини сўраб қоламиз.

Масалан, вилоятимиз шароитида бир фуқарода коронавирус таҳлилида мусбат натижа аниқланди, дейлик. Шу тафсилот ортида воҳамизда ижтимоий тармоқлар орқали дарҳол миш-мишлар урчиши шубҳасиз. Бироқ эслатиб ўтамизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида қайд этилганидек, бир нарсани унутмаслигимиз шарт – бир марта мусбат натижа олингани Covid-19 коронавирус инфекциясига оид якуний хулоса бермайди. Мусбат натижали таҳлиллар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияларида қайта текширувдан ўтказилади ва фақат шундан кейингина узил-кесил ташхис қўйилади.

Мана шу сабабларга кўра вилоятдаги расмий манбалар коронавирусга чалинган фуқаролар мавзусида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосаларини кутишга ва фақат шу асосдагина маълумот тарқатишга мажбур. Шу сабабли бу борада уларни (шу жумладан, бизни ҳам) фаолиятсизликда айблаш ноўрин. Мақсадимиз, аҳолини холис, ҳаққоний ва ишончли ахборот билан таъминлаш экан, бу тадбирни тўғри тушуниш зарур.

Муборакдаги вазият бўйича эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига қўшимча тарзда шуни қайд этиш мумкинки, тумандаги хорижий корхонанинг бир йўла коронавирус инфекцияси аниқланган 28 нафар ходимининг бир нафари туркиялик, қолганлари қозоғистонлик фуқаролардир. Шу ўринда 6 июнда ҳам шу ҳудудда ишловчи қозоғистонлик фуқарода инфекция аниқланганини эслатиб ўтмоқчимиз. Улар вилоятимиз ҳудудига автобус орқали кириб келишган ва дарҳол карантинга олинган.

Косон туманилик фуқароларда вирус аниқланибди, деган миш-мишга эса мазкур туман фуқароларидан бири топширган таҳлил намунасида вилоятдаги вирусология лабораториясида мусбат натижа қайд этилгани сабаб бўлган. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу ҳали якуний хулоса, дегани эмас. Айни пайтгача пойтахтдан таҳлил натижалари маълум қилинмади.

Кейинги кунларда тарқалган учинчи миш-миш Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” бозорининг ёпилиши билан боғлиқ. Бу борада шуни маълум қиламизки, бозор дезинфекция мақсадида ёпилган эди. Эртага – 13 июнь куни эрталабдан мазкур бозор ўз фаолиятини одатдаги тартибда давом эттиради”.

 

Report typo