Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига
Алишер Навоийнинг тил, сўз ҳақидаги фикрлари кўплаб тадқиқотчилар диққатини ўзига жалб этган. Аммо бу масала, биринчидан, бугун Шарқ адабиёти анъаналари контекстида олиб ўрганилган эмас, иккинчидан, "Хамса" достонининг умумий мазмуни, моҳиятига боғлаб талқин этилмаган. Шунинг учун Навоийнинг мазкур масалага оид мулоҳазалари акс этган шеърий байтларни таҳлил қилиб, алоҳида ўрганишни лозим топдик.
Алишер Навоий сўз - биринчи қудрат турткиси, оламнинг яратилишига нидо - асос бўлган, деган фалсафий тушунчага эътиқод қилган. Мутлақ илоҳ моддий оламни яратиш мақсадида "кун", "факона" - "ярал", "бўл", деб хитоб этган ва дунё яралган. Яъни, сўз - бирламчи (азалдан), амал - иккиламчи деган тушунча ҳам шундан келиб чиққан.
Навоийнинг фикрича, "сўз гавҳарининг шарафи" баландлигига сабаб унинг бутун олам қудрати тарафидан туҳфа этилганидир. У "тўрт садаф гавҳарнинг дуржи" - яъни тўрт унсур (сув, ҳаво, ўт, тупроқ)дан ҳосил бўлган инсон зотининг бош хусусиятини белгилайди, инсон нутқи билан инсон, нутқ уни барчадан афзал этади. Сўз, нутқ - руҳ, қолип ичидаги жон, ҳаёт, ҳаракат, демак, тил фақат алоқа қуроли, инсонни мумтоз этган неъматгина эмас, балки инсон учун азоб-изтироблар келтирадиган нарса ҳам, зеро, тил - киши бошига кўп фалокатлар келтиради, "руҳни ҳалок этади".
Навоийнинг масалага қанчалик чуқур қараганини ҳис этиш қийин эмас. Ўзбек шоири фикрини давом эттириб ёзадики, сўзнинг кучи бениҳоя улуғ, "каломи фасеҳ (гўзал сўз) ўлганни тирилтириши ҳам мумкин. Шоҳнинг бир оғиз сўзи, - дейди Навоий, - "бедод" - зулмга сабаб бўлади, аммо ўртада жаллод бадном бўлади. Сўз масъулияти қанчалик баланд эканини, одамлар тақдири, кишиларнинг ҳаёти бир сўз билан ҳал этилиши - ё бахтга муяссар, ё абадул-абад бадбахт бўлишини, сўз одамларни жон фидоликка, улуғ мақсадлар сари курашга сафарбар этишини қайд этган Навоий айни вақтда сўзнинг эстетик таъсир кучини кўрсатишни унутмаган. Шоир қизиқ мисол келтиради: "Ғунча оғизлик санами нўш лаб" гўзални кўрсанг, унинг хушсурати, зебо қадди-қомати кишини лол қолдирса-да, зоҳиран унинг чиройли суратдан фарқи йўқ. Лекин, агар шу чирой, ҳуснга яраша малоҳатли, жон ўртовчи нутқи ҳам бўлса, у:
Солғуси жинси бани одамга ўт,
Не бани одам, бари оламга ўт.
Ҳар дам этиб элни ҳалок ўртагай,
Балки башар хайлини пок ўртагай.
Мана шу ерда Навоий бадиий адабиёт, яъни "фасоҳатли сўз"нинг сўзу гудозидан ҳикоя бошлаб, шеърнинг, шоир сўзининг қудратини усталик билан қайд этади. Бунда ҳам нозик йўл топган: боя ўзи таъриф этган ўша гўзал сўзга чечанлиги билан олам аҳлини масту сархуш эта олади, аммо у Навоий ғазалини ўқиса-чи. Унда:
Ким анга алфоз ўлуб оташ фишон,
Берса улус кўнглига мунгдин нишон.
Базмда ул лаҳза алолони кўр,
Кўйи харобот аро ғавғону кўр.
Кўрки нечукдур яқо чок айламак.
Ўзни фиғон бирла ҳалок айламак.
Шоир бадиий сўзнинг таъсир кучини, жумладан, ўз шеърларининг нақадар баланд қадрланиши, одамлар кўнглига ғулғула солиб, ҳаяжон қўзғашини фахр билан тасвирлаган. Шу ерда Навоий бадиий сўзни иккига ажратади: наср ва назм. Анъанага мувофиқ назм (шеър)ни насрдан устун қўяди. Чунки наср - сочма, назм эса тартибга туширилган сўз, шунга кўра унинг таъсири ҳам ўзгача.
Алишер Навоийнинг "Ҳайрат ул-аброр" достонидаги тилга бағишланган бобларда, асосан, сўзнинг фалсафий-ижтимоий моҳияти, функциялари ва бадиий адабиёт сифатидаги жозибаси, сўз санъатининг буюк таъсири, тарбиявий-маънавий аҳамияти кўрсатилган.
Бундан ташқари, сўз бобида Навоий туркий тилнинг имкониятлари хусусида гапириб, ўзи журъат билан бу тилда катта асар бошлаганини ҳам ғурур билан баён этганки, бу ҳам асар ўзига хослигини белгилайди.
"Ҳайрат ул-аброр"да сўзга икки боб ажратилган, аммо сўз ҳақидаги бобларни мақолатларга эмас, балки асарнинг биринчи қисмига киритади. Навоий сўз ҳақида бундай дейди: "Сўз таърифидаким, башар вужуди сипеҳрининг кавокиби жаҳонтоби ва инсон зоти маъданининг жавоҳири сероби дурур ва саъд кавкабларининг бир-бири бирла қирони яхши асар кўргузуридин ва самин жавҳарларининг бир-бирига иқтирони дилпазир кўринуридин, назм таркибин наср тартибига таржиҳ қилмоқ".
Алишер Навоий ўз одатига кўра бу ерда ҳам бобнинг насрий сарлавҳасида асосий "тезис"ларни қаторлаштириб кетади, яъни мақсад: 1) сўзнинг инсон моҳиятини белгилаши 2) сўз инсоннинг ахлоқий сифатларини кўрсатиб туриши 3) шеърий асарнинг насрдан афзаллиги ҳақида гапиришдир.
Боб шундай бошланади:
Сўз гуҳариға эрур онча шараф,
Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.
Тўрт садаф гавҳарининг дуржи ул,
Етти фалак ахтарининг буржи ул.
Маълум бўлдики, Навоий сўзнинг фалсафий моҳиятига катта аҳамият бериб, аввал гапни шундан бошлаган. Зеро, ўрта аср донишмандлари фикрига кўра, шунингдек, ислом ақидасига биноан ҳам олам бошида сўз туради, яъни аввал сўз бўлган, сўнг борлиқ вужудга келган. Шу боис инсоннинг асосий сифати ҳам сўз - нутқдир. Инсон аввало сўзда яхши ёки ёмонлигини изҳор этади.
Навоий инсон хилқати ҳақида гапириб, нутқ инсонни ҳайвондан ажратувчи белги, аммо гапирувчи ҳар бир кишини инсон дея олмаймиз, инсонликнинг бош белгиси иймондир, дер экан, фикрини шундай давом эттиради: сўзни фақат яхшиликка, яхши ишларга сарфлаш зарур, сўз ёвуз ниятда ишлатилса, фалокат келтиради ва бундай одам мусулмон эмас. Фитна, туҳмат, иғво, ёлғон - бу нуқсонларнинг бари сўз орқали содир бўлади. Одамлар сўздан фойдаланиб, юз хил найрангни ишлатадилар: сўз кишини ўлдиради ва тирилтиради, сўз мулкни обод этади ва вайрон қилади, сўз улуғ ишларни бунёд этади ва хунук воқеаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Навоий бунинг қатор мисолларини чоғиштириб берган, чунончи:
Фитна қилиб вадау пайғом ила,
Ақлни маст айласа дашном ила.
Кўргузубон лоба малоҳат уза,
Лобаси туз сепса жароҳат уза.
Ким экин ул шулаға ёқилғучи,
Ё бу жароҳатга даво қилғучи.
Умуман олганда, сўз - одамнинг шарафи, сўз - фазилат, сўз - ахлоқий камолот воситаси. Шунинг учун уни шу йўлда сарфлаш лозим. Буюк шоирнинг хулосаси ана шундай.
Сурайё ШОДИЕВА,
Косон туманидаги 15-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси