У соҳир овоз соҳиби бўлиб, мумтоз хонандалик йўналишида ўз ижро мактабини ярата олган. Устоз санъаткор куйлаган қўшиқлар ҳали-ҳануз дилларга манзур, юрак торларини чертади гўё. Унинг ўлмас ашулаларини ҳозир ҳам санъаткорлар, ёш ижрочилар катта саҳналарда куйлаб келаяпти. Марҳум хонанданинг ёрқин хотирасига бағишлаб ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичида ҳам унинг ижод намуналарига яна бир бор мурожаат қилинди.
Ушбу тадбир ҳаваскор хонандаларнинг ижро маҳоратини янада ошириш, миллий мумтоз ашулачилик йўналишида истеъдодли ва иқтидорли ижрочиларни аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
- Мазкур кўрик-танловни ўтказиш асносида Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқовни хотирлаш, ижрочилик меросига юксак эҳтиром кўрсатиш асосий муддаомиздир, – дейди вилоят маданият бошқармаси мутахассиси Абдували Раҳмонов. – Шунингдек, бунда ёшлар орасида устоз санъаткорнинг ижро услубини кенг тарғиб қилиш, у куйлаган қўшиқларнинг матн ва оҳанг қоидаларига риоя қилиб, хато ва камчиликларсиз ижро этилишига эришиш, истеъдод эгаларига тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш мақсади ҳам мужассам.
Ғолибларни аниқлашда ижрочилик маҳорати, танланган ашуланинг жанрий хусусияти, матн савияси ва оҳангга мослиги, либослар, саҳнада ўзини тутиш кабилар эътиборга олинди.
Баҳолаш натижаларига кўра, 1-ўрин Китоб тумани маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходими Ёқубжон Норимовга насиб этди. 2-ўринга эса Қарши тумани маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходимлари Сайфулла Убайдуллаев ва Лазиз Омонов ҳамда Китоб тумани маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходими Маҳфуза Ғоипова муносиб кўрилди. Яккабоғ ва Муборак туманлари маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ходимлари Аслиддин Исоқов ва Шерали Холлиев 3-ўринни банд этишди.
Ғолиблар диплом, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Энди улар 2018 йил 10-11 август кунлари Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ўтказиладиган кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этишади.
МИРЖАҲОН