Биламизки, Чингиз Айтматов асарлари халқ ва миллат танламайди. Дунёнинг нариги четидаги киши ҳам унинг ёзганларини ўқиб, асар қаҳрамонларининг изтиробини ҳам, севинчию ғам-ташвишларини ҳам бирдек ҳис этиши, ундаги воқеалар гирдобига шунғиб кетиши аниқ. Шу боис, адиб асарлари бутун дунёда миллионлаб қалбларни забт эта олди. Айниқса, ўзбек адабиётида Чингиз Айтматов сиймоси алоҳида эътирофга ва эҳтиромга сазовор. Ёзувчининг деярли барча асарлари ўзбек тилига ўгирилган. Қайта-қайта нашр этилган ва этилмоқда. Қолаверса, у ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги тинчликни, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишига ҳам улкан ҳисса қўшган.
Жорий йилнинг 12 декабрь куни буюк адиб таваллудига 90 йил тўлади. Ушбу санага мамлакатимизда ҳам қизғин тайёргарлик кўрилаяпти. Президентимизнинг 2018 йил 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қарорда адиб таваллудининг 90 йиллигини нишонлашга бағишланган қатор чора-тадбирлар билан бир қаторда, ёзувчи асарлари асосида янги спектакллар саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш вазифаси ҳам белгиланган.
Шунга монанд вилоят мусиқали драма театрида ёш режиссёр Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган "Оқ кема" спектакли ҳам ўз томошабинларига эга бўлди.
- "Оқ кема" Чингиз Айтматов ижодининг шоҳ асарларидан биридир, - дейди режиссёр. - У ғоят чуқур тарбиявий мазмуни билан китобхонлар меҳрини қозонган. Шу боис мана шу асарга мурожаат этдик.
Спектаклнинг бош қаҳрамони Нурғози исмли маъсум болакай. Уни ота-онаси ёлғиз ташлаб кетишган. Бола катта ўрмоннинг бир четида, ўрмон қоровули бўлиб ишлайдиган бобо ва ўгай бувиси билан яшайди. Боланинг иккита эртаги бор: бири фақат ўзигагина тегишли, иккинчисини эса бобоси сўзлаб берган. У теварагида ёмонлик, ёвузлик, разолатга гувоҳ бўлганидан ўз хаёлида яратган эртаклари нақадар тотли ва сурурли эканини ҳис қилади. Шу эртаклар оламида яшашга интилади. Аммо, атрофидаги одам қадри, табиат, миллий қадрияту урф-одат, барча-барчасига бир пул деб қарайдиган ваҳший сифат Ўрозқул сингари кишилар унинг қалбидаги соф туйғуларни чил-чил қилиб ташлайверади. Ён-верида юз бераётган адолатсизликларни ҳазм қила олмаган болакай бу боқий дунёни тарк этади.
Нурғози ролини ёш актёр Суҳроб Исомов маромига етказиб ижро этган. Яна бир образ - боланинг яқин дўсти, сирдоши Мўмин чол ролини эса Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов ўйнаган. Актёр ўз тажрибаси ва маҳоратига таянган ҳолда қаҳрамони характеридаги мутелик, вазминлик хислатларини бор бўй-басти билан очиб бера олган. Унинг баъзида болаларча қувончдан ирғишлаб, баъзида маъюс тортиб қолишлари, эридан калтакланаётган қизининг дод-фарёдини эшитиши-ю, бироқ чорасизликдан ўз ҳовлисида бир сўз айтмай, мулзам ўтириши, барча-барчаси томошабин кўз олдида ноҳақликларни кўравериб дийдаси қотиб кетган, аммо бу иллатларга қарши бош кўтара олмаган нуроний сиймони акс эттиради. У ёлғизгина набирасининг қалбини ҳам бу оламнинг изтиробларидан ҳимоя қила олмайди.
Шунингдек, спектаклда Ўрозқул, Сейдаҳмад, Бекей хола каби яна бир қанча образларни вилоят мусиқали драма театрининг актёр ва актрисалари маҳорат билан ижро этишган.
Янги спектакль тақдимотига маданият ва санъат соҳаси вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар таклиф этилди. Ҳозирда "Оқ кема" кенг жамоатчилик учун намойиш қилинмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Суратларда: спектаклдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.