Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

16.02.2017


САБЗАВОР ГЎША, СУВГА БОЙ МАСКАН МЎЪЖИЗАЛАРИ

Мироқига кириб, шундоққина ўнг тарафга бурилсангиз, азим тоғ қаршингизда кўкрак керади. Бу - Ҳисор тоғ тизмалари. Айланма, кескин бурилишлари мўл тоғ йўли сизни поғонама-поғона юқорига бошлаб чиқаверади. Чамаси 10-15 дақиқача юрганингиздан сўнг тошлари асрларни қаритган тоғ манзараларига ҳали кўзингиз ўрганмай туриб, яна бир мўъжизага дуч келасиз: тоғ йўлининг ўнг томонида бепоён кўл – Ҳисорак сув омбори ястанган. Улкан чегарани эгаллаб, майин мавжларининг шабадаси юзга урилаётган бу поёнсиз сувликка тикила туриб, беихтиёр рус мусаввири, денгиз манзараларининг моҳир устаси Иван Айвазовский чизган суратларни эслайди киши. Тўқ кўк тусда, бир маромда товланаётган кўл ўша дурдона суратлардаги денгизнинг худди ўзгинаси. Унинг мавжлари сизни то Ҳисорак қишлоғига кираверишга, Бешбек  қишлоғи тугашига қадар кузатиб боради. Шу ерда омборга оби ҳаёт захираси учун сув узатадиган Оқдарё сизни қарши олади. Ҳар икки томони баланд тоғ бир неча қишлоқларни ўз бағрига олган. Биз бормоқчи бўлган манзил – Ҳисор давлат қўриқхонасининг Мироқи бўлими янаям баландроқда жойлашган. Умуман, Ҳисор тоғ тизмаларида баландлик денгиз сатҳидан ҳисоблаганда, 1800 метрдан то 4443 метргача масофани ташкил қилади.

Ҳисорак, Сайёд, Сувтушар қишлоқлари оралаб, қўриқхонага йўл олдик. Бизнинг 6-7 кишилик гуруҳимиз йўл-йўлакай тоғ манзараларига маҳлиё бўлиб бораяпмиз. Йўллар тор, тоғ шароитига мос равишда паст-баланд, эгри-бугри. Шиддат билан юраётган машина Сувтушар қишлоғидан чиққач, яна 2 километрча йўл босади. Қўриқхона йўлининг икки томони қалин дарахтзор, одам ўзини худди илмий-оммабоп фильмларда кўрган, мактабдаги жўғрофия дарслигида тасвирини ўқиган тропик ўрмонларга тушиб қолгандай сезади. Барглари шапалоқдек-шапалоқдек ўсимликлар, майда баргли, бўйи нисбатан паст дарахтлар, буталар бу манзарага янада хаёлий, янада сирли тус беради. Ниҳоят, терак, қайрағоч, олма, ўрик сингари дарахтлар қуршаган тоғ ёнбағри – ёнада тўхтадик. Шу ерда бизни кутиб турган киши – Ҳисор давлат қўриқхонаси Мироқи бўлими назоратчиси Равшан Авазов пешвоз чиқади. Ундан бўлим фаолияти, қўриқхона ҳаёти ҳақида маълумотлар олишга ошиқдик.

Қўриқхонанинг умумий майдони 80 минг 986,1 гектарни ташкил этса, Мироқи бўлимига қарашли ҳудуд майдони 11 минг 825 гектарга тенг. Бундан ташқари, қўриқхонанинг Ғилон, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимлари ҳам бор. Мироқи бўлимида бугунги кунда 9 нафар ходим ишлайди. Улардан 8 нафари назоратчилар бўлиб, ҳар бирига тегишли сарҳад ажратиб берилган. Ҳудудда ноқонуний ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслик, табиатга ножўя аралашувнинг олдини олиш учун масъул этиб тайинланган бу ходимлар отда, ҳар куни ўз ҳудудларини назорат қилишади.

- Бизнинг ҳудудда жониворларнинг 14 тури учрайди, - дея маълумот беришда давом этади Равшан Авазов. – Қўнғир айиқ, силовсин, қор қоплони ва қизил суғур сингари “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонлар ҳам бор. Бундан ташқари, тоғ бургути, қор ғажири, болтаютар, каклик, ҳилол каби қушларни учратиш мумкин. Бу ерларда дуғбой, кийик ўти, коврак, зирк, наъматак каби 10 дан ортиқ доривор  гиёҳлар ҳам ўсади. 

Қўриқхона ҳудудида ўзини эмин-эркин, ҳимоя остида сезиб яшаётган жониворлар, ноёб қушларни яқиндан кўриш, учратиш амримаҳол. Чунки уларнинг ўзига хос яшаш тарзи, “кун тартиби” бор. Бироқ савлат тўкиб турган дарахтлар, бута ва бутасимонлар, турфа гул-чечаклар, қулф уриб ўсаётган ёввойи ўт-ўланларни кўриб, бу ернинг чиндан ҳам табиатнинг махсус қаров, назорат остидаги қўриқ ери эканига амин бўласиз. Тоғ ёнбағирларида айни шу экотизимнинг муҳим омили, тоғ диёрининг доимий аъзолари саналган Зарафшон ва савр арчалари тўп-тўп бўлиб ўсаяпти. Улар тўпини ҳар томондан сап-сариқ тусдаги гулини кўз-кўзлаб Федченко наъматакларидан иборат табиий гулзорлар ўраган. Наъматакнинг мазкур турини маҳаллий аҳоли “читир” ёки “читирма” деб атайди.

Яна бу ерларда кўп учрайдиган, узун бандли, гули пуштиранг ўсимлик эътиборингизни тортади, бу – ўша машҳур анзур пиёзи. Бу ерда у шундоққина тоғ сўқмоқлари гирдида, сойлар қирғоғида, дарахтзорлар ичида барқ уриб ўсади. Бир қарашдаги тропик ўрмон манзарасини чизишга ҳисса қўшган шапалоқ баргли ўсимлик – балдирғонилар сўқмоқлар четида саф тортган, гоҳо улар йўлингизда кўндаланг туриб, гўё айланиб ўтишни талаб қилаётгандай туюлади. Малол олмай, уларни авайлаб нари суриб, айланиб ўтасиз. Чунки бу ерлар тўлалигича уларнинг салтанати.   Антропоген омил таъсирида турлари тўхтовсиз камайиб борган, айримларининг ҳозирда Ер юзида саноқлигина сони қолган ўсимлик, ҳайвон ва қушларнинг хос ҳудуди бу жойлар. Йилдан йилга тобора тоғ дараларию сойликлари бағрига чекиниб бораётган асл табиат манзараси, софлиги шу ерларда ўзини тўла намоён эта олади...

Узун-узун, гуллари майда-майда, тўпгули чўзинчоқ яна бир кўримли ўсимлик – ширач яқин-яқингача Ўзбекистоннинг “Қизил китоб”идан жой олган эди. Ҳозирда эса бу ноёб ўсимлик кўпайтирилди, ҳудудларда табиий ҳолда ўсиши, тарқалиши таъминланиб, китоб саҳифаларидан табиий шароитга кўчди. Бугунги кунда бу – ҳазилакам ютуқ эмас. Бундан шундай хулоса ясаш мумкинки, йўқолиб кетиш хавфи остида турган айрим ўсимлик, жониворларнинг умрини узайтириш, сонини кўпайтириш – мушкул бўлса-да, қилса бўладиган вазифа экан.

Қўриқхонанинг худди шу бўлими тасарруфидаги табиат бурчагида яна бир мўъжиза – машҳур Сувтушар шаршараси бор. Тоғдан оқиб тушиб, пастдаги қишлоқларга оби ҳаёт етказаётган сойни ҳам бу ерда Сувтушар деб аташади. Сойнинг бир ўринда кенгайиб, яна бир ерда торайиб оқаётган йўналиши бўйлаб, юқорига кўтариламиз. Тоғнинг салқин ҳавосига шаршара, ёки маҳаллий аҳоли тилида айтганда, шарракнинг муздек шамоли қўшилиб, бироз этни жунжиктиради. Узоқдан шовуллаб эшитиладиган шаршара сувининг томчилари бир-икки чақиримданоқ юзга урила бошлайди. Енгил тортасиз, салқин ҳавода йўл босиш осонлашади. Лекин тоғликлардаги кўникма бизда йўқ: мудом тепага кўтарилиб борадиган тошли сўқмоқларда юришга қийналамиз. Нафас тиқилиб, оёқларда дарров толиқиш сезилади. Ҳамроҳларимиздан бири – Ҳисорак МФЙ раиси Ашурали Мирзаев буни пайқаб, енгилгина аския ҳам қилиб қўяди:

- Чарчадингизми ё нафас олиш қийин бўлаяптими?.. – кейин ғурур билан қўшимча қилади. – Бу ерларнинг ўша Европаликлар мақтайдиган Швейцариядан қаери кам?! Манзарани қаранг!

Шаршара манзараси чиндан-да табиат мўъжизаси: салкам 80 метр баландликдан шиддат билан отилиб тушаётган сув пастдаги тошларга урилади, саноқсиз сув зарралари ён-атрофга сачрайди, ярқираган офтоб нурида бу томчилар буғланиб, яна ажиб манзара ҳосил бўлади: шаршарадан ҳосил бўлган сой ирмоғи юзасида енгилгина буғ осмонга кўтарилади, борлиқни тумандай ўрайди. Айтишларича, шаршара суви қишда ҳам музламас, бир хилда оқиб тураверар экан.

Катта-катта харсанг тошлар оқиб тушаётган шаршара бағрини иккига ажратиб турган улкан гранит қоятошнинг бўлаклари. Буларнинг айримлари давр ўтиши мобайнида емирилиб тушиб, сой қирғоғида терилиб қолган, яна айримларини кучли сел ва тошқинлар ўпириб тушган. Айрим харсанглар орасида чайир илдизини сув остига маҳкам қадаганича кўкка бўй чўзган дарахтларни ҳам кўрасиз: буларни аслида сел ва тошқинлар ўрнидан қўзғатгану ўзи билан оқизиб кета олмаган. Яшаш учун курашда ғолиб чиққан бу дарахтлар худди метин ирода, мустаҳкам аҳду қарор тимсолидай мағрур қад кериб турибди.

Дарвоқе, шундай тезоқар сувда ҳам балиқлар борлиги бизни ҳайратга солади. Сувтушар сойида форель, яъни Амударё гулбалиғини кўриш мумкин. Бу ноёб турли балиқ ҳам “Қизил китоб”га киритилган, шу боис, овлаш мумкин эмас.

Сув ёқалаб ортга қайтамиз. Тоғ ялпизи қоплаган сой ёқасида ноёб доривор ўт – дуғбойни учратдик. Кўпгина хасталикларга самарали даво саналган бу ўт вилоятимиз тоғларида кўп учрайди ва доривор  восита тайёрланадиган гиёҳлар рўйхатига киритилган. Яна бир ўсимлик – қора коврак ҳам кўпроқ тоғли ҳудудда ўсади. Зирк, учқат, ирғай, патфара сингари бутасимонлар кенг тарқалган. Айтишларича, туясингир деб номланадиган бута баргидан чой дамлаб ичиш мумкин экан.

Хуллас, Ҳисор давлат қўриқхонаси - табиатнинг мусаффо кўриниши сақланган, ноёб жонивору қушлар, нодир гиёҳларга паноҳ бўлиб келаётган гўша. Унинг бағрида бўлган киши ўзи ҳам табиатнинг бир бўлаги эканини, атрофидаги бошқа узв, бўлакларни асраб-авайлашга масъуллигини теран ҳис қилади. Қалби мудом шундай гўзал манзараларга талпинади, ошуфта бўлади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo