Бизнинг юртимизда ҳам қадимда меъморчиликнинг муҳим тармоғи бўлган мудофаа меъморчилигига катта эътибор берилган. Хусусан, улкан деворлар қурилиши узоқ тарихга эга бўлиб, ўз анъаналари ва турли хил сермазмун атамаларга эга қадриятлардан ҳисобланади. Қадимги Бухоро воҳасини ўраб олган Кампирак, Нурота воҳасидаги Пироста, Мароканддаги Девори қиёмат шулар жумласидандир.
Қашқадарё воҳаси ҳам қўрғонлар, қалъа ва мудофаа деворларига бой ўлкалардан бири бўлган. Милоддан аввалги VII-VI асрларда ҳозирги Китоб тумани ҳудудидаги Узунқир мудофаа девори мустаҳкамлиги билан ажралиб турган. Шунингдек, Ерқўрғон манзили қалъа ва шаҳристондан иборат бўлиб, у ҳам икки қатор мудофаа девори билан ўраб олинган. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ўтмишда атрофи мудофаа деворлари билан ҳимояланган шаҳарлар сирасига киради. Амир Темур бобомиз мўғул босқинчиларига қарши курашнинг дастлабки йилларида Қарши қалъа деворини тез фурсатда таъмирлатган, Мовароуннаҳр тахтига чиққандан сўнг саккиз йил ўтиб, айланаси беш километрдан зиёд бўлган Шаҳрисабз қалъа деворини қуришга фармон берган.
Воҳамизда юқорида тилга олинган шаҳарлар, қўрғонлардан ташқари кичикроқ аҳоли манзилгоҳлари атрофи ҳам деворлар билан чегараланиб, кўчманчи қабилалар ҳужумидан ҳимояланган.
- Қашқадарёдаги мудофаа деворлари орасида Кеш девори ўзининг ўлчови жиҳатидан Жанубий Сўғдда ягона ҳисобланган, - дейди йирик археолог олим, академик Анатолий Сагдуллаев. - Унинг "Чим" деб номланиши деворнинг чимдан тиклангани билан боғлиқ. Бу девор ҳозирги Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда улар атрофидаги жуда кўп қишлоқларни қамраб олиб, воҳанинг ягона мудофаа тизимини ташкил этган.
Шуни афсус билан таъкидлаш керакки, кўҳна Кешнинг бу машҳур девори ёзма манбаларда тилга олинмаган. Бундан бир ярим аср олдин унга қизиқиш пайдо бўлди. У чоризм босқини билан боғлиқ.
Гап шундаки, Шаҳрисабз ва Китоб беклари узоқ йиллардан буён Бухоро амирлигига бўйсунмаслик, мустақил бошқарувга интилиш сиёсатини олиб боришди. Амирлик томонидан олиб борилган кўпдан-кўп урушлар натижа бермади. 1868 йил май ойида амир Музаффархон қўшинлари Зирабулоқда чоризм армияси билан бўлган жангда мағлубиятга учраб, икки томонлама тузилган келишувга мувофиқ Бухоро Россияга вассал давлатга айланди. Амир Музаффархон иккала бекликни қайта бўйсундириш учун рус қўшинлари кучидан фойдаланишни лозим топиб, уларга Китоб ва Шаҳрисабзни қўлга киритишга рухсат берди. Бу вақтда Шаҳрисабзда Бобобек, Китобда эса Жўрабек беклик вазифасида эдилар.
Рус қўшинлари 1870 йил 10-11 август кунлари Китоб беклигининг Ўрус қишлоғи яқинидаги Қашқадарё кўприги яқинига келишганда, садди қалқон - ўтиб бўлмас жуда катта истеҳкомга дуч келишди. Деворнинг Роваток дарвозаси Қашқадарё кўприги билан ёнма-ён қурилган ва қаттиқ қўриқланаётган эди. Руслар баланд девор ва буржни, уларга қаратилган тўплар, шай ҳолда турган аскарларни кўриб, довдираб қолишди. Генерал - майор Абрамов дарҳол хуфяларга дарё ёқалаб, мудофаа деворини кўздан кечириш, Китоб қалъасига кириш йўлларини излашни буюрди. Улар анча ҳаяллаб кетишди ва қайтгач, генералга зарур маълумотларни беришди. Абрамов Роватак дарвозасини бузиш, қалъа ҳимоячилари томон тўплардан ўқ ёғдириш ҳақида буйруқ берди. Ўртада жанг қизиди, душманлар қалъа ҳимоячиларига қарши артиллерия ва тоғ замбаракларини ишга солишди. Ҳимоячилар ҳам рус аскарлари томон тўп ва замбараклардан ўт отиш билан жавоб беришди. Аммо душманлар ҳар жиҳатдан устун бўлишгани учун 14 август тонгда Роватак дарвозасини бузиб, шаҳар ичкарисига киришга муваффақ бўлдилар. Абрамов Туркистон ҳарбий округи қўмондонига 1870 йил 31 августда ёзган маълумотномасида Китоб қандай эгаллангани ҳақида батафсил ҳисобот берди.
Генерал-майор рус аскарларининг зафарли юришига тўсиқ бўлган Кешнинг "Чим" деворига жуда қизиқиб қолди. Шаҳрисабз ҳам эгаллангач, икки-уч кун ўтиб, штабс-капитан Г.Аминовни чақириб, керакли аскарлар, асбоб-анжомларни олиб, мудофаа деворини текшириш ва ўлчаб чиқишни топширди. У ҳамроҳлари билан икки кун давомида деворни айланиб чиқди. Унинг генералга берган маълумотида деворнинг фақат ярми ўлчангани ва 43 чақирим чиққани таъкидланди. Шундай қилиб "Чим" деворининг биринчи тадқиқотчиси рус зобити Г.Аминов ҳисобланади.
Шундан сўнг, унга қизиқиш жуда ортиб, тадқиқот ишларига таниқли археологлар, мутахассислар жалб этилди. Агар А.Л.Кун деворнинг узунлигини 88 километр деб ҳисоблаган бўлса, А.Г.Юльнинг ҳисоб-китоби бўйича 70 верст (1 верст - 1,06 километр) чиқди. Шўролар даврида ҳам "Чим" девори бўйлаб бир неча марта археологик экспедициялар уюштирилди. Хусусан, улардан бирига 1963 йилда ТошДУ археология кафедраси мудири Михаил Евгеньевич Массон раҳбарлик қилди. Текширишда фаол қатнашган талабалардан З.Ҳакимов ва Х.Ғуломов "Чим" девори мавзуси бўйича диплом иши ҳам ёқладилар.
Кейинги кузатишлар ўттиз йилдан сўнг - 1995 йилда амалга оширилди. Бунда воҳа моддий маданиятининг ажралмас қисми бўлган "Чим" деворининг деярли сақланиб қолмаганлиги маълум бўлди.
Қадимшунослар томонидан олиб борилган текширишлар, аҳолидан олинган сўров натижалари бўйича тўпланган маълумотлар "Чим" деворининг қиёфасини тиклаш, унинг икки туманнинг қайси ҳудудларидан ўтганлигини аниқлашга имкон берди. Қадимда "Чим" девори бўйлаб жами 15 та дарвоза бўлган, шундан 5 таси Китоб, қолганлари Шаҳрисабз беклиги ҳудудида қурилган.
Мудофаа девори Роватак дарвозасидан бошланиб, Китоб беклигига қарашли Гулгумпўш, Ковуш, Қуштепа, Бешқозоқ, Қалмоқ, Хўжабоғ, сўнгра Шаҳрисабз беклигининг Ғаров, Қорасув, Уймовут, Чуқур, Новқат, Саксонкапа, Дахяк, Қорақуш, Хўжақишлоқ, Ўртақўрғон, Говушмон, Калакон, Хўжахуросон, Работ, Занги, Оқдарё манзилларидан яна Китоб беклиги томон ўтиб Роватак дарвозаси билан бирлашган.
Манбаларга кўра, "Чим" девори ичида бекликка бўйсунувчи, аммо ҳокимлар бошқарган Даҳяк, Ўртақўрғон ва Шаматон қўрғонлари бўлган. Таниқли тарихчи ва адабиётшунос Поён Равшановнинг ёзишича, улар орасида Ўртақўрғон Шаҳрисабз ҳимоя тизимида алоҳида аҳамият касб этиб, Кеш шаҳридан 6 чақирим нарида, Танхоз дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган. У Кеш мулкларининг чегара истеҳкоми сифатида бунёд этилган. Ҳарбий юришлар, босқинлар чоғида Ўртақўрғон мудофаасини ёриб ўтиш қийин ҳисобланган. 1882 йил декабрида рус элчилари таркибида Шаҳрисабзга келган В.Крестовскийнинг гувоҳлик беришича, XIX аср охирларига келиб, Ўртақўрғон аввалги мақомини йўқотган. Бухоро амири Музаффархон даврида бу жойда ёзги меҳмонхона қурилган. Амир пойтахт шаҳардан Шаҳрисабзга келишда ва Бухорога қайтишда шу манзилда тўхтаб ўтган, баъзан тунаб ҳам қолган. Даҳяк ва Шаматон қўрғонларидан эса бу вақтга келиб ном-нишон қолмаган.
"Чим" деворининг вужудга келиш даври тўғрисида олимлар томонидан турлича фикрлар билдирилган. М.Е.Массон уни Шаҳрисабз қалъа девори сифатида қурилган, деган бўлса, баъзилар уни XVIII-XIX асрлар билан боғлаган эдилар. Китоб туманининг шарқий қисмида жойлашган хўжалик ерида бульдозер билан деворнинг бир қисми текисланаётганда, унинг ост қисмида одам суяклари солинган учта хум топилган. Маздакийлик оқимига эътиқод қилган одамлар майитларни шу хилда дафн этишган. Бу ҳол юртимизга ислом дини кириб келгунга қадар давом этган. Тадқиқотлар шу ва бошқа далиллар асосида "Чим"нинг тикланишини илк ўрта асрлар даври билан боғлайдилар. Бу даврда, археолог олимларнинг фикрича, воҳамизнинг шарқий қисми ҳам жуда тараққий қилган. "Чим" воҳа девори ҳам ана шундай кучли иқтисодий шароитда қурилиши мумкин эди. XVIII-XIX асрлар, Назарбек Ниёзалибий, Хўжақули, Ҳакимбек, Жўрабек, Бобобек кабилар беклик қилиб турган даврда, ташқи душман хавфи кучайган пайтларда барча мудофаа иншоотлари қаторида "Чим" девори ҳам таъмирлаб турилган.
"Чим" каби узоқ масофаларга чўзилган мудофаа деворларини қуриш осонликча бажарилмаган. Бу ишга моҳир меъморлар, муҳандислар бош бўлиб, жуда баланд ва кенг, қалин буржлар билан жиҳозланган, душман ҳужуми пайтида турли хил қуроллардан фойдаланиш имконини берадиган деворларни қуришга минг-минглаб пахсакор ва чимкор усталар жалб этилган. Улар билан бирга юзлаб бошқа касб эгалари меҳнат қилишган. Бу муҳим иш умумхалқ ҳашаридек улкан тадбирлардан бири бўлган. Шунинг учун бундай ноёб иншоотлар халқимизнинг маданий мероси ҳисобланади.
Афсусланарли жойи шундаки, ўтмишда қурилган ва халқимиз тарихидан сўзловчи маданий ёдгорликлар чет эл босқинчилари ҳужуми, хонликлар давридаги ўзаро урушлар туфайли кўп жабр кўрди, бузиб ташланди, харобага айланди. Бундай нохуш ва ачинарли ҳол, айниқса, шўролар тузуми даврида авж олди. Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Шаҳрисабз шаҳри тарихий марказини ўраб олган қалъа деворининг ички ва ташқи томонларида ўтган асрнинг 60-70-йилларида кўплаб турар жойлар қурилди. Бундай бепарволик, маданий меросга ҳурматсизлик туфайли бир неча асрлик тарихга эга мудофаа иншооти деярли йўқ қилинди. Ҳозир унинг ҳар-ҳар жойда қолдиқлари сақланиб қолган. Қарши қалъаси деворларидан эса ҳеч вақо кўзга ташланмайди. Ерқўрғон қалъа деворларига ҳам турли йўллар билан зиён етказилди. Тарихий тепалар текисланиб, экинзорларга айлантирилди. Улар тупроғидан ғишт учун хом ашё сифатида фойдаланилди. Шаҳрисабз туманидаги Чоштепа ана шундай йўқ қилинди...
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист