Маълумки, мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сайёҳлар учун зарур қулайликлар яратиш баробарида уларга хавфдан буткул холи сафарни кафолатлаш асосий вазифа этиб белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 ноябрдаги “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу мақсадни рўёбга чиқаришни кўзда тутади. Мазкур қарорга мувофиқ, юртимизнинг юксак сайёҳлик салоҳиятга эга бўлган ушбу шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси маъқулланди. Келгусида ушбу концепциянинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, мазкур ҳужжат билан 2017-2020 йилларда Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар дастури тасдиқлангани ҳам аҳамиятлидир. Дастур асосида тегишли шаҳарларнинг туристик объектларида видеокузатув, огоҳлантирувчи алоқа тизимларини жорий этиш, светофорларни жойлаштириш, телекоммуникация тармоқларини қуриш ва ўтказиш, маълумотларга ишлов бериш марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун муайян маблағлар йўналтирилади.
Қолаверса, бу қарорга асосан, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари тузилмаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилмоқда. Ушбу идоралар бошлиқлари бир вақтнинг ўзида ҳудудий ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари ҳисобланади. Қарорда янги бошқарма фаолиятининг асосий йўналишлари ҳам белгилаб берилди. Жумладан, бу тузилма бевосита сайёҳлик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш борасида ички ишлар органлари фаолиятини ташкил қилишга масъул бўлади. Бундан ташқари, хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини ахборот-техник қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида мувофиқлаштирилган ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қатъий назорат қилиш функцияси ҳам янги бошқарма зиммасига юкланмоқда. Мазкур идора сайёҳлик ҳудудларида юзага келадиган тезкор ва жиноий ҳолатларни тизимли таҳлил қилади, сайёҳларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлайди, уларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўради.
Эътиборли жиҳати, янги бошқармага ишга олинадиган ходимлар (хизматчилар) учун уларнинг лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳам белгиланмоқда. Тузилманинг бевосита жойларда хавфсиз туризмни таъминлаш вазифаларини бажарадиган ходимлари (хизматчилари) “Электрон таржимон” дастурий таъминоти ва электрон ахборот тизимлари маълумотлар базасидан фойдаланиш имконини берадиган шахсий планшет компьютерлари билан ҳам таъминланади. Бу ишларнинг барчаси қарор билан амалга оширилаётган “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий комплекс лойиҳасига мос келишига алоҳида эътибор қаратилади.
Сайёҳлар хавфсизлиги янада кучайишига хизмат қилувчи бу тадбирлар дунё туризм бозорида юртимиз имижи янада яхшиланишига кенг шароит яратиши билан муҳимдир.
М.ШУҲРАТОВ
![Report typo](/dist/images/mistake-oz.png)