Сайёр қабулда туманнинг Жейнов, Чаманзор ва Миришкор қишлоқларидан 70 нафарга яқин фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар бўйича мурожаат қилди. Айниқса, тиббий хизмат, ногиронликни белгилаш, даволаниш учун туман, вилоят ва республика миқёсидаги тиббиёт муассасаларига йўлланмалар олиш билан боғлиқ мурожаатлар кўп бўлди.
- 2017 йилда автоҳалокатга учраб, оёғим жиддий жароҳатланган эди, - дейди Зафар қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Фарҳод Очилов. - Юришга қийналаман. Оиланинг даромади ўзига яраша, ҳатто бир қанча вақтдан буён қўлтиқтаёқ сотиб олишга ҳам имкониятимиз бўлмай келаётганди. Ўтказилган қабулда менга қўлтиқтаёқ совға қилинди. Бундан жуда хурсандман.
Сайёр қабулда фуқаролардан тушган мурожаатлар соҳа мутахассислари иштирокида таҳлил қилиниб, 46 нафар фуқаро шу жойнинг ўзида тиббий кўрикдан ўтказилди ва соғломлаштириш чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, 8 та мурожаат юзасидан фуқароларга тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 10 та мурожаат ҳудуддаги масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинган бўлса, 2 та муаммо жойида ҳал этилди. Қолган 4 та муҳим масала ижроси назоратда қолдирилди.
Партия раҳбари бошчилигидаги худди шундай сайёр қабул ҳамда бепул тиббий кўриклар Муборак туманининг Амир Темур ҳамда Косон туманидаги Пудина қишлоқларида ҳам ташкил этилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Суратда: сайёр қабулдан лавҳа.