Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан вилоятимизда ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда ҳам бу жиҳат яққол намоён бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайбергенов бошчилигида ўтган қабулда вилоятдаги 30 нафарга яқин ногирон ва меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган, моддий ёрдамга эҳтиёжманд хотин-қизлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонасига йўлланган мурожаатлар ўрганилиб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоятда ушбу тоифадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва иш билан бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан ногирон ва меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган хотин-қизлар тадбиркорликка кенг жалб этилмоқда. Уларга тикув машиналари олиб берилиб, касаначилик асосида доимий бандлиги таъминланмоқда.
Бунда ҳудуддаги йирик ва салоҳиятли корхоналар имкониятларидан кенг фойдаланиб, улар нафақат буюртмачи, балки иш берувчи сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Бундай имконият эса ногирон ва меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган аҳоли вакилларини ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда тўлақонли ҳаёт кечириши, ҳалол меҳнати билан жамиятда ўз ўрнини топиши учун шароит яратади. Иш берувчи корхона ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан уларга меҳнат дафтарчалари очилиб, иш стажини қайд этиб бориш, иш ҳақини ўз вақтида тўлаш ва яшаш жойига муҳтожларга ойлиги ҳисобидан уй-жой ажратиш каби ижтимоий хизматлар амалга оширилади.
- Иккинчи гуруҳ ногирониман, шу туфайли бирор фойдали иш билан машғул бўлиш имкониятим чекланган, - дейди Косон туманилик Гулшан Жумаева. - Бунинг устига оилада кўпчилик яшаймиз. Ўзим ишлаб пул топсам, уй-жой қилсам, бошқаларга оғирим тушмасди, деб кўп ўйлардим. Мана, Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли орзуларим ушаладиган бўлди. Менга тикиш машинаси берилди. Энди уйда ўтириб, мана шу дастгоҳ ёрдамида буюртмачига пахта этаклари тикиб бераман. Доимий даромад манбаига эга бўлдим, жуда хурсандман.
Сайёр қабулда даволаниш учун ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган ногирон фуқароларга тиббий ортопедик маҳсулотлар, шунингдек, пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган республика аҳамиятидаги клиникаларда бепул муолажа олиш ҳамда мураккаб операцияларга рухсат берувчи ордерлар тақдим этилди.
Мусо МУРОДОВ