Гиннеснинг рекордлар китоби талқини бўйича дунёдаги энг кекса аёл саналган япониялик Канэ Танака вафот этди, у 119 ёшда эди.
ТАСС манбаси Япониянинг NHK телеканали маълумотларига таяниб хабар беришича, қария жорий йил 2 январда ўзининг 119 ёшга тўлган кунини нишонлаган. Охирги йилларда у Фукуока префектурасидаги қариялар уйида яшаган ва кейинги вақтларда антиковид чекловлари боис деярли яқинларини кўриш имконига эга бўлмаган.
Канэ Танака 1903 йилда туғилган. Иккинчи жаҳон уруши уни эри ва катта ўғлидан айирди. Аёл бир умр ҳали урушдан олдин очилган дўконда гуручли кулча сотувчиси бўлиб ишлаган. 1970-йилларда пенсияга чиқиб, дунё бўйлаб саёҳат қилди, жумладан, бир неча бор АҚШга борган. 102 ёшидагина (2005 йил) қариялар уйига кўчиб ўтишга қарор қилган.
Қария у ерда саҳарлаб туришни афзал билган, стол ўйинлари (асосан реверси) ва ширинликлар тановул қилишни ёқтирган. 103 ёшида саратонни енган кекса аёл тана аъзосидаги ўсимта олиб ташлангандан сўнг бошқа жиддий оғримаган.