Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Карима ЯДГОРОВА

15.09.2020


САЙЁРАМИЗДАГИ ТИРИКЛИК ҚАЛҚОНИ

16 сентябр - Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни

Бугунги кунда хўжалик фаолиятида бромли метил, галон, фреон, хладон ва тетрахлор углеродлардан кенг фойдаланилиши оқибатида озон қатлами сийраклашиб бормоқда. Озон сийраклашса, Қуёшнинг ультрабинафша нурларини яхши юта олмайди. Бу нурлар Ер юзига  тушгач, инсониятга акс таъсир қилади. Чунки Қуёшдан келадиган ҳамма нурларни ҳам фойдали деб бўлмайди. Айрим нурлар тирик организмлар учун зарарли бўлиб, атмосферадаги озон қатлами унинг салбий таъсиридан бизни ҳимоя қилади.

Озон қатламини муҳофаза қилиш халқаро  миқёсда долзарб масала бўлиб, бу борадаги вазифалар БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва 1985 йил март ойида имзоланган "Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Вена конвенциясида акс этган. Мазкур ҳужжат ҳукуматлараро илмий тадқиқотларни ўтказиш, озон қатламида мунтазам кузатишларни, хлорфторуглерод ишлаб чиқарилиш мониторинги ва маълумотлар алмашишни назарда тутади. Ўзбекистон Вена конвенциясини 1993 йил май ойида ратификация қилган.

Дарҳақиқат, халқ хўжалигининг турли соҳаларида озонни емирувчи моддалардан фойдаланилади, бироқ улардан бирданига воз кечиб ҳам бўлмайди.

Ушбу масала дунё мамлакатлари томонидан махсус ўрганиб чиқилган ва ниҳоят 1987 йилнинг 16 сентябрида озон қатламини муҳофаза қилиш глобал муаммосини ҳал қилишнинг муҳим ҳужжати кўринишида эълон қилинган. Монреаль протоколи деб номланган ушбу ҳужжат ривожланган давлатлар сингари ривожланаётган мамлакатлар томонидан ҳам эришилган ҳуқуқий келишувдир.

Протоколда таркибида галогенлар мавжуд бўлган озонни емирувчи моддалар белгиланган, шу моддаларни қисқартириш, пировардида ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишни тўла тўхтатиш жадвали тасдиқланган. Ўзбекистон ушбу ҳужжатни ҳам 1993 йил ратификация қилган.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги ва "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунларида озон қатлами муаммоси қайд этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 январдаги қарори билан озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини ва Ўзбекистон Республикасидан экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари такомиллаштирилиб, унда маҳсулотларнинг 28 та позицияси рўйхатдан чиқарилиши, шунингдек, рухсатнома хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни бериш бўйича умумий мурожаатлар сонининг 60 фоиздан кўпроққа камайиши кўрсатиб ўтилган.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи Ягона марказларга ёки Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари кўрсатиш Ягона портали орқали ҳужжатлар тақдим этилмоқда.

Ушбу қарорга асосан 2020 йилнинг 8 ойи давомида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига тадбиркорлик субъектлари томонидан 16 та мурожаат келиб тушганини ҳам таъкидлаш ўринли.

Бу борада белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб борилсагина сайёрамиздаги ҳаёт қалқони ҳар доим бутун бўлиб, инсон саломатлиги ва барча тирик  организмлар ҳаёти учун зарур  шароитлар тўла сақланиб қолади.

Карима ЯДГОРОВА,

вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходими

Report typo