Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм БЕККАМОВ

01.03.2017


САЙЛОВ БЕЛГИЛАНГАН МEЪЁРЛАР АСОСИДА ЎТАДИ

- Аввало шуни таъкидлаш керакки, мустақиллик йилларида маҳалла демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим институтига айланди, - дейди Абдушукур Омонов. - Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг кафолати ва ҳуқуқий ҳимоясига қаратилган қонун ҳужжатлари қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши натижасида маҳалланинг жамият ишини бошқаришдаги иштироки тобора кенгайиб бораётир. Жумладан, қонун ҳужжатлари асосида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ҳар икки ярим йилда ўтказиш белгилангани ҳам раислар ва маслаҳатчиларни адолат билан ишлашга, аҳолини якдил меҳнат қилишга, тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллани обод қилишга интилишга ундамоқда, десак муболаға бўлмайди.

- Ушбу сайловга тайёргарлик туманда қандай бораяпти?

- Айтиш керакки, галдаги сайловда туманимизда фаолият кўрсатаётган мавжуд фуқаролар йиғинларининг 37 нафар раиси ва уларнинг 300 нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан эътиборан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ ишларни бошлаб юборганмиз.

Жумладан, Сенат Кенгаши қарорига биноан халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда уни ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси таркиби тасдиқланди. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига кўмаклашиш, уларни бинолар, зарур  жиҳоз ва воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳам ўзлари сайланган ҳудудларда ушбу сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни ташкил этишда фаол иштирок этади.

- Йиғин раислиги ёки маслаҳатчиликка масъулият ва жавобгарлик ҳиссини сезмайдиган, нолойиқ шахслар сайланиб қолишининг олдини олиш чоралари ҳам кўрилаяптими?

- Бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Аввало, фуқаролар йиғини ҳузурида бевосита фаолият кўрсатадиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига диёнатли ва зиёли кишилар киритилишига ҳамда уларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Қолаверса, бу масалага фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда уни ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси аъзолари ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва бошқа фаоллар ҳам беэътибор бўлмайди, деб ўйлайман. Шу нарсани ҳам ёдда тутиш лозимки, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (янги таҳрири)нинг 17-моддасига мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда  доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши талаб этилади. Сайловда буларга алоҳида эътибор қаратилади ва ўйлайманки, туманда кампания муваффақиятли ўтади.

Абдуқаюм БЕККАМОВ суҳбатлашди.

Report typo