Маълумотларга кўра, ушбу сайловда мамлакат бўйича 9019 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланиши кўзда тутилган бўлса, бу кўрсаткич Қашқадарёда 768 нафарни ташкил этади. Ушбу вазифага муносиб номзодлар кўрсатилиши эса фақат ва фақат юртимиздаги дунёда муқобили йўқ ўзини ўзи бошқариш тизими - маҳалла институтининг мавқеини оширишга, фуқаролар йиғинлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлақонли ҳамда сифатли бажарилишини таъминлашга хизмат қилишини, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит соғломлиги сайланажак раисларнинг билими, тажрибаси, аҳоли ўртасидаги обрўйи, бошқарув қобилияти каби шахсий жиҳатлари билан чамбарчас боғлиқ эканлигини унутмаслик жоиз.
Шу ўринда статистикага мурожаат этсак, 2016 йилда ўзини ўзи бошқариш органларида ўтган сайловда вилоятимиздаги фуқаролар йиғинлари раислигига сайланган оқсоқолларнинг 100 нафардан ортиғи турли сабаблар билан муддатидан олдин ўз ваколатларини топширгани аён бўлади. Маълум маънода ана шу рақам ҳам аввалги сайловда йўл қўйилган муносиб номзодни илгари суриш борасидаги камчиликларни кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд фуқаролар йиғинларининг фаолияти 2018 йил якуни бўйича муайян мезонлар асосида баҳоланганда атиги 44 тасида иш намунали дея таснифланган. 130 таси фаолияти эса қониқарсиз деб топилган. Қолган 26 фоизи "яхши", 50 фоизи "қониқарли" баҳога муносиб кўрилган.
Демак, бундан аён бўладики, бўлажак сайловда жойлардаги фуқаролар йиғинлари раислигига номзодлар кўрсатиш масаласига жиддий ёндашиш зарур. Бинобарин, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини таъминлашда унга раислик қилувчининг салоҳияти ғоят муҳим ўрин тутади. Бу ҳақиқатни айни дамда фаолият юритаётган Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, шаҳарлар ва туманлар комиссиялари, мавжуд маҳаллалар сонига мос равишда тузилган сайлов ўтказувчи ишчи гуруҳлари масъуллари теран англаши керак.
Шу нуқтаи назарда жойларда кўмаклашувчи комиссиялар, ишчи гуруҳлари аъзолари, маҳаллалар фаоллари иштирокида 242 маротаба Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонуни янги таҳрири мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинарлар ўтказилди. Оммавий ахборот воситаларида қатор чиқишлар қилинди. Натижада жорий сайловда фуқаролар йиғинлари раислигига илгари сурилаётган номзодлар таркибида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.
Аниқ мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, 15 апрель ҳолатида ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилган кўчалар йиғилишларида маҳалла раислигига кўрсатилган 3445 нафар номзод ҳужжатлари тўпланиб, тегишли кўмаклашувчи комиссияларга юборилган. Улардан 74,2 фоизи маҳалла раислигига номзодга қўйиладиган талаблар асосида сараланиб, тавсия этилган. Номзодларнинг 69,7 фоизини олий маълумотлилар ташкил этаётган бўлса, 28,6 фоиз ҳолатда ўрта махсус маълумотлилар номзоди илгари сурилган.
Шу кунга қадар вилоятда истиқомат қилувчи 3 миллион 213 минг нафар аҳолидан сайлов ҳуқуқига эга ва сайлов кунига қадар 18 ёшга тўладиган 2 миллион 24 минг нафари рўйхатга олинди. Улардан 242 минг 900 нафардан ортиғи фуқаролар йиғинлари раислари сайловида овоз беришда бевосита иштирок этиши кутилаяпти.
Кези келганда яна бир бор эслатиш ўринлики, "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳририга асосан бу борада қатор ўзгаришлар бор. Хусусан, аввалги сайловларда овоз беришда бевосита иштирок этадиган вакиллар йиғилиши иштирокчилари сони тегишли кўмаклашувчи комиссия қарори асосида белгилаб берилган бўлса, янги тартибга кўра, муайян ҳудудда яшовчи сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг камида 12 фоизи (ундан ортиқ бўлиши ҳам мумкин) ушбу жараёнга жалб этилиши шарт. Уларнинг учдан икки қисми овоз беришда ҳозир бўлсагина сайлов ўтган ҳисобланади, аксинча йўқ.
Яна бир муҳим ўзгариш шундан иборатки, энди ўзини ўзи бошқариш органида ўтадиган йиғин оқсоқоли сайловида овоз бериш қатъий яширин усулда ташкил этилади.
Дарҳақиқат, бу галги фуқаролар йиғинлари раислари сайлови қонунчиликка киритилган холислик, шаффофлик, тенглик, муқобиллик тамойилларини таъминлашга қаратилган қатор демократик ўзгаришлар асосида ўтади. Мақсад аниқ, ўзини ўзи бошқариш органлари раислигига аҳолига қайишадиган, ўз ўрнида аҳоли уни қўллаб-қувватлайдиган, чин етакчилик қобилиятига эга, тажрибали, билимли, ташаббускор номзодлар келишига эришиш. Бу, пировардида, маҳалла ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга, юртимизда барча соҳаларда кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.
Исломиддин АБРОРОВ,
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси