- Айни чоғда ушбу муҳим тадбир туманимизда ошкоралик, муқобиллик ва тенглик каби демократик тамойилларга мос тарзда ўтказилмоқда, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдулла Ўринов. – Ҳудудда 65 та фуқаролар йиғини бўлиб, шу кунга қадар Эсабой, Нартичуқур, Ҳалима, Қуйи Оброн ва Ўрта Оброн маҳаллаларида раис ва уларнинг маслаҳатчилари сайланди.
Хусусан, 3200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Ўрта Оброн маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловда белгиланган вакиллик нормасига асосан сайловчиларнинг 41 нафар вакили овоз бериш жараёнида қатнашди.
Фуқаролар йиғини олдида раисликка кўрсатилган 2 нафар номзод ўзларининг келгуси фаолият дастурларини эълон қилди. Уларда ободонлаштириш, таълим-тарбия, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани сайловчиларга манзур бўлди.
Вакиллар дастлаб раисликка номзодларга ёпиқ овоз беришди. Шундан сўнг раис маслаҳатчилигига кўрсатилган 18 нафар номзоддан кўпчилик қўллаб-қувватлаган 9 нафари аниқлаб олинди.
Жойларда сайлов давом этмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА