Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

12.03.2019


САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК МАВЖУД?

Демократик сайловлар ўтказишда давлат ва жамиятдаги сиёсий муҳит, эл-улуснинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти қай даражада эканлиги муҳим роль ўйнайди. Чунки сиёсий ва ҳуқуқий маданият ҳукмрон жойдагина қонун устуворлиги таъминланади, инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлат барпо этилади. Бу борада атоқли таржимон ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуровнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: "Яшаш ва ўз фаолияти учун зарур қонунларнинг меъёрларини билиш тўғри ва соғлом кун кечиришда заруратга айланиб қолди. Қонунлардан бехабар яшаш кўзни маҳкам бойлаб, ҳозирги замоннинг серҳаракат кўчаларида юриш билан баробар... Фақат ўта содда одамларгина: "Э, қонунларнинг ҳаммасини ўрганиб охирига етиб бўлармиди, Худо етказганига қараб шукур қилиб яшайвер-да", деб ўгит қилади. Ҳолбуки, эндиликда содда одамнинг араваси лойга ботиб ётаверади... Ҳуқуқий маданиятнинг йўқлиги ёки заифлиги тушкунлик, бўшанглик, қўрқоқлик, оғзидаги нонини олдириб қўйишга олиб келади. Бўшанг одамнинг ризқини ваҳшийлар талаб ейдилар. Ваҳшийларнинг талончлигига йўл қўймаслик - мана шу ҳуқуқий маданият..."

Ўз-ўзидан аёнки, жорий йил декабридаги сайловларнинг қандай ўтиши халқимизнинг хоҳиш-истаги, сиёсий ва ҳуқуқий онги, давлат хизматчилари ва сайлов комиссияси аъзоларининг сиёсий маданиятига боғлиқ.

Ҳуқуқий демократик давлат қуриш, эркин демократик сайловлар ўтказишда сиёсий партиялар муҳим роль ўйнаши керак. Давлат раҳбари 2017 йил 12 июлда сенаторлар, депутатлар ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашиб, миллий парламентни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш кераклигини таъкидлаган эди. Шунингдек, сиёсий партиялар ва депутатлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмагани қайд этилган. Ҳар бир сиёсий партиянинг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ бўлиши, парламентда чинакам баҳс, мунозара ва принципиал тортишувлар бўлиши зарурлиги айтилган. Бу масалалар сиёсий партиялар ва депутатларимиз олдидаги муҳим вазифалардир.

Бунга эришиш учун эса мавжуд тартиб-қоидалар фақат қоғозда қолиб кетмаслиги зарур. Шундай экан, хўш, сайлов қонунчилигини бузганлик учун қандай жавобгарлик нормалари мавжуд? Фуқаро сайлов ҳуқуқини бузилган деб ҳисоблаган тақдирда кимга, қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилиши керак?

Маълумки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, уни бевосита ва билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Сайлов қонунчилигини бузганлик учун амалдаги қонунларимизда конституциявий, маъмурий ва жиноий таъсир чоралари белгиланган. Бундан сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига тўлиқ риоя этишлари ва сайлов ҳуқуқлари самарали амалга оширилишини таъминлаш муддаоси кўзланган.

Конституциявий-ҳуқуқий таъсир чоралари ҳуқуқбузар учун давлатнинг мажбурлов чораси бўлиб, асосий қоидалари Конституция, "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги қонунларда белгилаб қўйилган. Бу таъсир чораларининг асоси сайловга оид конституциявий-ҳуқуқий нормаларни бузишга қаратилган ҳуқуқбузарликни содир этиш ҳисобланади. Ҳуқуқбузар учун муайян салбий оқибатлар юзага келади. Масалан, сайлов жараёни иштирокчиларига муайян мақомни бермаслик ёки ундан маҳрум қилиш.

Қонунларимизда сайлов комиссияси аъзоларини ваколатидан маҳрум қилиш, сиёсий партиянинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини рад этиш, депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум қилиш, округ ва участка сайлов комиссияларининг қарорларини бекор қилиш каби масалаларга аниқлик киритилиб, қонунан мустаҳкамлаб қўйилган. Бу чоралардан мақсад сайлов жараёнларини тартибли ўтказиш, ҳуқуқий тартиботни сақлаш, давлат ва жамият ҳамда давлат ва шахс ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдир.

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоят фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим. Бу фуқаролик иши судда ариза берувчи, сайлов комиссиясининг вакили, прокурор ва шикоят дахлдор бўлган фуқаро иштирокида кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг суд мажлисига келмагани ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди. Суднинг ҳал қилув қарори зудлик билан манфаатдор шахсларга юборилиши керак.

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун қўлланиладиган жавобгарлик чораларидан бири - маъмурий жавобгарликдир. 2014 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси "Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик" деб номланган VI-боб билан тўлдирилди. Унда сайлов жараёнида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар ўз ифодасини топган. Жумладан, сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш, комиссия қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилнинг ёки кузатувчининг ҳуқуқларини бузиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш шартларини бузганлик, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳақида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик субъекти фуқаролар ва мансабдор шахслар бўлиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтда ваколатли мансабдор шахс томонидан баённома тузилади. Унда баённома тузилган сана ва жой, баённомани тузган шахснинг лавозими, исми ва фамилияси, ҳуқуқбузар ва ҳуқуқбузарликка оид маълумотлар, гувоҳлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумотлар кўрсатилиши керак. Баённома бошқа ҳужжатлар ва далилий ашёлар билан биргаликда бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқувчи ваколатли орган, яъни маъмурий судларга юборилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс етказилган зарарни тўлиқ қоплаши шарт.

Манфаатдор ва мансабдор шахсларнинг сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиши ёки комиссия қарорини ижро этмаслиги энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин. Мансабдор шахснинг депутатликка номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиши энг кам иш ҳақининг ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўз навбатида депутатликка номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили ва мансабдор шахс ташвиқот олиб бориш шартларини бузса, энг кам иш ҳақининг ўн бараваригача миқдорда жарима жазосига тортилади. Сайловларни молиялаштириш ва сайлов натижаларини эълон қилиш тартибини бузганлик учун жарима миқдори янада каттароқ белгиланган. Маъмурий жавобгарликка тортилган шахс бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, маъмурий жазога тортилмаган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар мавжуд. Кодекс 146-моддасида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга мувофиқ, мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштирганлик учун, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаганлик учун жавобгарлик мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 147-моддасида фуқароларнинг депутатликка номзоднинг сайловолди   тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишга, фуқароларнинг референдумда иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилгани учун жавобгарлик назарда тутилган. Бу модда билан сайлов ҳуқуқи ёки ишончли вакил ваколатлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган 16 ёшга тўлган ақли расо ҳар қандай жисмоний шахс жавобгарликка тортилади. Мазкур қилмиш мансабдор шахслар томонидан содир этилса, Жиноят кодексининг 205 ёки 206-моддалари билан ҳам жавобгар бўлади.

Сайловолди ташвиқотларини олиб боришда депутатликка номзодларнинг юксак маънавиятли ва сиёсий маданиятли бўлиши катта аҳамиятга эга. Зеро, яқин ўтмишимиздаги сайловларда айрим номзодлар йўл, мактаб, боғча, ҳаммом, кўприк қуриб беришни ваъда қилиб депутатликка сайланган эдилар. Айримлари ҳатто темир йўл, телеминора қуриб беришни ваъда қилиб, депутатликка сайлангач, бошланган темир йўл ва телеминорани "йиғиштириб" кетганини халқимиз унутмаган бўлса керак.

Шундай экан, ҳар бир фуқаро ўзи овоз бераётган вакилнинг ким эканини яхши билиши, ҳуқуқий онги ва ички ишончига асосланиб овоз бериши лозим. Сайловчиларнинг депутатликка номзодга бефарқлиги депутатнинг беш йил мобайнида сайловчиларга эътиборсиз бўлишига сабаб бўлади.

Бир кишининг бир овоз беришини таъминлаш, бир одам бориб, бутун бошли оила номидан "овоз" бериб келишининг олдини олиш, "Барибир ҳеч нарса ўзгармайди" деган қарашларни йўққа чиқариш керак. Бунинг учун аҳолида сайловларга ишонч ва унинг натижасидан умидворликни шакллантириш даркор.

Назаримизда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнида қуйидаги иккита мақсадга эришишимиз керак. Биринчидан, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар ўртасидаги ҳақиқий сиёсий курашни, баҳс ва сўз эркинлиги, ошкоралик ва эркин овоз бериш ҳамда сайлов натижалари бўйича ҳаққонийликни таъминлаш орқали халқ ишонч билдирган салоҳиятли вакилларни сайлаб олишимиз лозим. Иккинчидан, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги, халқ тақдири ва келажаги олдидаги бурч ҳамда давлатимиз обрўси барча сиёсий кучларни бирлаштириб, халқимизни жипслаштириб туриши керак. Зеро, барчамиз учун демократия ва сўз эркинлиги қанчалик зарур бўлса, тинчлик ва  барқарорлик ҳам шунчалик муҳимдир.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

 

Report typo