Жорий сайловларда вилоятимиздаги 768 та маҳалла фуқаролар йиғини раислигига энг муносиб номзодлар сайланади. Сайлов ёшига тўлган қарийб 2 миллион 24 минг воҳадошларимиз орасидан ташкилотчилик қобилиятига эга, ҳаётий тажриба ва эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган 242 минг 900 нафардан зиёд фуқаро сайловларда вакил сифатида иштирок этади.
1 май куни Қарши шаҳридаги Қиличбек қўрғонча, Шаҳрисабз шаҳридаги Намозгоҳ, Миришкор туманидаги Оқмачит, Нишондаги Пахтакор, Ғузор туманидаги Гулшан, Қарши туманидаги Ертепа, Косон туманидаги Эсабой, Яккабоғдаги Нурли йўл, Деҳқонободдаги Бўстон, Шаҳрисабз туманидаги Янгиқишлоқ, Чироқчидаги Қирғиз, Китобдаги Пахтаобод, Касби туманидаги Мустақилобод, Қамашидаги Қизилтепа ва Муборак туманидаги Муборак маҳалла фуқаролар йиғинларида муҳим сиёсий жараён - фуқаролар йиғинлари раислари сайлови қизғин руҳда бошланди. Сайловчилар номзодлар дастурлари билан танишиб, ташкилотчилик қобилияти, фидойилиги, ҳаётий тажрибаси ва аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган номзодга овоз беришди.
3300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Қарши шаҳридаги Қиличбек қўрғонча маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайловда ҳам ҳар бир вакил конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланган ҳолда муносиб номзодга овоз берди.
- Бугунги сайлов кўтаринки, байрамона тусда бўлиб ўтди, шаффофлик таъминланди, - дейди йиғин вакили Раъно Жумаева. - Албатта, маҳалламизнинг янада обод ва файзли бўлиши сайланаётган оқсоқолга боғлиқ. Халқнинг дарди билан яшаб, меҳнат қиладиган, ташкилотчи ва кўпни кенгаштирадиган раис сайланса, нур устига нур. Бунинг акси бўлса, маҳалладан файз қочади. Шунинг учун муносиб одамга овоз бериш катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман.
Сайлов натижаларига кўра, 78,1 фоиз овоз тўплаган Анвар Ҳакимов маҳалла раиси лавозимини давом эттирадиган бўлди. Яна бир номзод Азиза Койилова эса 21,9 фоиз овозга эга бўлди.
- Албатта, бу катта масъулият, энди сайловчилар ишончини оқлаб, уч йил давомида ҳудудни янада ободонлаштириш, маҳалладошларимизнинг орзу-интилишлари рўёби йўлида астойдил меҳнат қиламан, - дейди Анвар Ҳакимов. - Узоқ йиллардан буён шу маҳаллада яшаганим боис ҳудуднинг барча ташвишу муаммоларидан хабардорман. Ўз дастуримда ҳар бир хонадон билан якка тартибда ишлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, тўй ва маросимларни тартибли ўтказиш, яраштириш комиссияси фаолиятини кучайтириш каби ишларни кўзда тутгандим. Уларни бажаришда фаолларимизнинг кўмагига таянаман.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.