Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Сайлов жараёни: НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?

Абдураззоқ МУРОДОВ

07.07.2023


Сайлов жараёни: НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?

Мамлакатимизда ўтказиладиган сайловларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни қай даражада? Бу ҳақда 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси аъзоси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ҳудудий бўлими раҳбари Умидилло ҚОБИЛОВ қуйидагиларни маълум қилди:

Демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Қонун ҳужжатларига асосан, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг сайловларда фаол иштироки бўйича етарли асос ва имкониятлар яратилган. Ушбу имкониятлардан кенг фойдаланиш нафақат сайловларнинг демократик руҳда ўтишига, балки мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.

Сайлов кодексида халқаро норма ва стандартларга мос равишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмаларининг сайловлардаги иштироки аниқ белгилаб берилган. Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларига жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг вакиллари таклиф этилади. Жамоат бирлашмалари ўз аъзоларининг хоҳиш-иродаларини эркин билдириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этишини сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги сифатида эътироф этиш мумкин.

Шу билан бирга, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилиши давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигига яққол мисолдир.

Вилоятимизда бугунги кунда 568 та ННТ фаолият юритаётган бўлса, улардан 395 таси адлия органларида давлат рўйхатидан ўтган, 173 таси эса ҳисоб рўйхатига олинган. Шундан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо ННТлар сони 86 тани ташкил этади.

Айни кунларда вилоятимиздаги 1007 та участка сайлов комиссиясининг  9011 нафар аъзосидан 151 нафари нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларидир. Шунингдек, 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси таркибига ҳам фаол ННТ вакиллари киритилган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга ошириб, сайлов участкасида Сайлов кодексининг талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, сайлов комиссиясига бу ҳақда маълум қилиши керак бўлади.

Шунингдек, ННТларнинг сайловолди ташвиқот ишларида, овоз бериш, сайлов натижаларини ҳисоблашда бевосита иштирок этиш ҳуқуқи орқали сайлов жараёнининг ҳар бир босқичида самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконияти яратилган.

Юқоридагиларнинг барчаси нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан сайлов жараёнлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ва сайловларда фаол иштирок этиши орқали мамлакатимизда давлат бошқарувида очиқлик ва ошкораликни янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Абдураззоқ МУРОДОВ ёзиб олди.

Report typo