Россия давлат думаси сайловолди тарғиботи қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришга оид қонун лойиҳасини учинчи - сўнгги ўқишда қабул қилди.
Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси сайтида хабар тарқатилган.
Парламент гуруҳи томонидан муҳокамага киритилган ушбу қонун лойиҳасида сайлов тарғиботи ҳуқуқбузарликлари учун тайинланиши кўзда тутилган жарималар миқдорида жиддий ўсиш бўлганини кўриш мумкин.
Ҳозирга қадар амалда бўлган тартибга кўра, мамлакатда тақиқланган жойлар ва сукут кунида ўтказилган сайлов тарғиботи учун: фуқароларга - минг рублдан 1,5 минг рублгача (1 рубль - 143 сўм атрофида ); мансабдор шахсларга - 2 минг рублдан 5 минг рублгача; юридик шахсларга - 20 минг рублдан 100 минг рублгача жарима жазоси тайинланиши белгиланган. Энди эса бундай ҳуқуқбузарлик учун мос равишда - 5 мингдан 20 минг рублгача; 30 мингдан 50 минг рублгача; 100 мингдан 500 минг рублгача жарима жазоси тайинлаш кўзда тутилаяпти.
Шунингдек, янги қабул қилинган меъёрлар асосида қонунга хилоф тарзда тарғибот материаллари тайёрлаш ва тарқатганлик учун белгиланган жарималар миқдори ҳам оширилаяпти.