Албатта, тинч ва осуда Ватанга ана шундай байрам ва хурсандчиликлар ярашади. Юртбошимизнинг 2016 йил 1 июлдаги "Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Рамазон ҳайитининг биринчи куни дам олиш куни деб эълон қилиниши эса унинг файзу тароватини янада ошириб юборди.
Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида юртимиз ҳар жабҳада янада ривожланиб, тараққий топди. Диёримиз чиройи кундан-кунга очилиб, ҳаётимиз тобора фаровонлашиб бормоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўлами барчанинг ҳайратини оширмоқда. Имонли, иқтидорли, маҳоратли ва гўзалликка интилувчан халқимиз буюк ва муқаддас Ватанимиз истиқлолини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, унинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида якдил ҳаракат қилмоқда.
Мустақил Ватанимизда яшовчи мўмин-мусулмонлар учун бу йилги рамазон ҳар қачонгидан файзли, шукуҳли ва баракотли бўлди. Юртдошларимиз холис ният билан Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон рўзасини тутишди. Масжидларимиз намозхонлар билан янада гавжумлашди. Қуръон хатмлари қалбларимиздаги ғуборларни ювиб, ихлосимизни янада оширди. Моли нисобга етганлар закотларини чиқариб, Аллоҳ буюрган ўринларга - етим-есирлар, боқувчисини йўқотган қариялар, кам таъминланган оилалар, меҳрибонлик уйлари ҳамда эҳтиёжмандларга тарқатдилар.
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб нишонлашимиз керак.
Бу кун шоду хуррамлик айёми, қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-биримизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади.
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ ифода этилади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, саховат, ўзаро ёрдам бериш, ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, хуллас, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир".
Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, буюк истиқлол шарофати ила юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу дориломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: "Агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...".
Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша, айниқса ҳайит кунларида адо этишимиз лозим.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби