Яккабоғ туманидаги "Шарофат она Қаҳрамон қизи" агрофирмасида ҳам бу йил деҳқончилик юмушларига анча эрта киришилганди. Айни кунларда эса 15 гектар майдонга экилган айсберг салатбарги пишиб етилган. Узиб олинаётган ҳосил машиналарга юкланиб, хориж мамлакатига пешма-пеш экспорт қилинмоқда.
- Жорий йилнинг 10 январидан махсус кўчатхонада уруғларни ўстиришга қўйгандик, - дейди агрофирма агрономи Козимжон Юсупов. - Март ойининг дастлабки ўн кунлигида ниҳолларни очиқ далага кўчирдик. Май ойи бошида эса ҳосил узишга тайёр бўлди. Ҳозиргача 100 тоннадан ортиқ айсберг салатбаргини йиғиштириб олдик. Шунинг 70 тоннадан зиёдини четга жўнатдик. Ҳозирча Россия мамлакати ишбилармонлари асосий харидоримиз. Маҳсулот ҳали кўп, гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиш мўлжал қилинган.
Мутахассиснинг айтишича, тадбиркорлик субъекти фақат шу сабзавотни етиштириш билан кифояланмаган. Катта майдонга таъми тилёрар қовун навлари экилган. 25 гектар жойда пиёз ўстирилаяпти. Иккаласи ҳам экспортбоп. Келишув амалга ошса, пиёз ҳосилининг бир қисми Германияга экспорт қилиниши мумкин.
Ушбу экспортчи корхона эрта деҳқончилик қилиб даромад топаётгани яхши, парваришлаш ва йиғим-терим ишларида 200 га яқин мавсумий ишчи бандлигини таъминлаётгани эса ҳар жиҳатдан маъқул.
Айтиш жоиз, "Шарофат она Қаҳрамон қизи" агрофирмаси бултур ҳам экспорт фаолияти билан фаол шуғулланган. Ташқи бозорга айсберг салатбаргидан ташқари кўп миқдорда гулкарам, карам каби сабзавот, қовун сингари полиз маҳсулотлари етказиб берилган.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.